Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Қўлёзмалар – илм манбаи ва билим булоғи

Қўлёзмалар – илм манбаи ва билим булоғи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “Мовароуннаҳр муҳаддислари асарларининг Жазоирда сақланаётган қўлёзма нусхалари” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, Жазоир, Франция, Қирғизистон ва Туркиядан олимлар иштирок этди.

Жазоирда тадқиқ этиш долзарб бўлган кўп минг нусхали қўлёзма намуналари мавжуд бўлиб, улар орасида Мовароуннаҳр муҳаддислари қаламига мансуб бўлганлари ҳам талайгина. Бу ҳақда Жазоирдаги Адрор университети профессори Муҳаммад Жиродий ўзининг “Жазоир университетлари ва тадқиқот марказларида исломий қўлёзмаларни тадқиқ этиш борасида олиб борилаётган изланишлар” мавзусидаги маърузасида батафсил тўхталди.

Ушбу мамлакатда қўлёзмалар соҳасига ўтган асрнинг 60-йилларида, давлат мустақиллигига эришилганидан сўнг эътибор қаратилиб, бугунги кунда манбаларни даврлар кесимида ўрганиш йўлга қўйилган. Олим айни пайтда қўлёзмаларнинг сақланиши, соҳага оид қонунчилик меъёрлари ҳақида ҳам маълумотлар келтирди. Профессорнинг таъкидлашича, Жазоирдаги қўлёзмалар мутахассислар, шунингдек, магистрантлар томонидан тадқиқ этилмоқда. Бунда устоз-шогирд анъаналарига кенг ўрин ажратилган, яъни ҳар бир ёш тадқиқотчини амалга оширилган ишлар билан таништириш тизими йўлга қўйилган. Қўлёзмаларни ўрганиш соҳасида чет давлатлар билан ҳамкорлик алоқалари халқаро тадбирларда фаол иштирок этиш ва хорижда малака ошириш каби омиллар жуда қўл келяпти.

Маърузачи Жазоирда мавжуд қўлёзмалар ададини аниқлаш борасида қўшма лойиҳалар, грантлар асосидаги ҳамкорликка эҳтиёж борлигини қайд этди. Хусусан, ўзбекистонлик тадқиқотчилар билан ҳамкорликда мовароуннаҳрлик алломалар қаламига мансуб кўп сонли асарларни саралаб, уларнинг каталогини яратиш сингари ишларнинг истиқболи порлоқ эканини таъкидлади.

Давра суҳбати давомида Париждаги “Коллеж де Франс” (Collège de France) ўқув-тадқиқот муассасаси вакили, филология  ва тарих фанлари доктори, Имом Бухорий халқаро стипендияси совриндори Мари Эфтимию хоним “Тиббиётга оид қўлёзма саҳифалари дизайни” мавзусида маъруза қилди. Олима кодикология соҳаси ҳақида сўз юритар экан, тиббиёт бўйича яқинда топилган XI асрга оид қўлёзмада одамнинг ички органлари тузилиши ҳақида маълумотлар берилгани ҳайратланарли ҳол эканини таъкидлади. Тадқиқотчининг айтишича, Мовароуннаҳрда тиб илми бўйича манбалар бошқа жойлардагига нисбатан эртароқ вужудга келган. Улар ўзига хос стилистикаси билан фарқланиб, схемалар, тана аъзоларининг тасвирлари, шунингдек, дори воситаларининг хусусиятлари, турли касалликларнинг аломатлари ва даво йўллари акс эттирилгани билан қимматлидир.

Давра суҳбатида, шунингдек, Қирғизистон-Туркия Манас университети тадқиқотчиси Дерйа Идикуртнинг “Марказий Осиё ҳожиларининг ҳаж сафари йўналишлари” ҳамда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими Барот Амоновнинг “Ўзбекистонда ҳадис илми йўналишида олиб борилаётган тадқиқотлар” мавзусидаги маърузалари тингланди.

Тадбир қизғин савол-жавоблар ва муҳокама-мунозаралар билан давом этди.

 Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Истиқболли таклиф ва тавсиялар шакллантирилмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг бир гуруҳ илмий ходимлари мамлакатимиз олимларининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази …