Home / МАҚОЛАЛАР / МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

МУСТАҚИЛЛИК ЙИЛЛАРИДА ТАСАВВУФ ТАЪЛИМОТИНИНГ ТАДҚИҚ ЭТИЛИШИ

Мустақилликнинг илк йилларида ислом динига қўйилган бир асрлик чеклов [4:252] барҳам топиб, эътиқод эркинлиги учун имконият кенгайди[32:176-177]. Ислом арконлари жамиятимиз кундалик ҳаётида татбиқ этила бошланди ва илмий-маърифий йўналишда ҳам кўплаб тадқиқотлар амалга оширилди.

Ислом дини замирида вужудга келган тасаввуф таълимоти, асрлар давомида шаклланди ва тараққиёт босқичларидан ўтди [20:3]. Тасаввуф таълимотига оид китоблар шу даражада кўп ёзилдики, эндиликда уни биргина шайх ёки олим томонидан шарҳланиши етарли бўлмай қолди. Натижада зиёлилар, тадқиқотчилар, тасаввуф мухлислари томонидан таълимотни ўрганиш жараёни бошланди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда тасаввуф таълимотининг маъносини очиб беришга бағишланган илмий тадқиқотлар олиб борилди. Жумладан, 1991-2022 йилларда тасаввуф таълимотига оид 50 дан ортиқ диссертация ҳимоя қилинди. Уларни йиллар кесимида уч даврга бўлиб тадқиқ этиш мақсадга мувофиқ:

Биринчи давр – 1991-2000 йиллар;
Иккинчи давр –  2001-2016 йиллар;
Учинчи давр – 2017-2022 йиллар.

Бу даврларда диссертациялар ҳимояси асосан ижтимоий–гуманитар фанларда амалга оширилди. Тарих, филология, фалсафа, ислом тарихи ва манбашунослиги, диншунослик, психология, педагогика, журналистика, санъатшунослик каби фанлар шулар жумласидандир [31:50].

Биринчи давр: 1991-2000 йилларда амалга оширилган илмий тадқиқотларда асосан тарих, адабиёт, фалсафа, санъатшунослик соҳаси вакиллари Р.Тиллабаев, Б.Бабаджанов, Э.Каримов, З.Қутибоев, Н.Ҳасанов, А.Абдуқодиров, А.Низамов, Р.Шодиев, И.Ҳаққулов, Н.Ғаффоров, Б.Назаров, М.Жакбаровлар етакчилик қилди.

Иккинчи давр:  2001-2016 йилларда тасаввуф таълимотини ўрганишга бағишланган диссертацияларни тадқиқотчи олимлардан Ф.Исомиддинов, М.Раззоқова, Ж.Неъматова, О.Шарипова, Г.Наврўзова, Н.Сафарова, У.Қосимов, Б.Маллабоев ва бошқалар муваффақиятли ҳимоя қилди.

Учинчи давр:  2017-2022 йилларда Н.Ҳасанов, Х.Саматов, К.Раҳимов, А.Қандаҳаров, М.Маматов, Қ.Рўзматзода, А.Бекташева, Ж.Холмўминов ва бошқа олимлар илмий тадқиқот натижаларини замонавий илм-фан талабларига уйғунлаштирган ҳолда кенг жамоатчиликка тақдим этди [40:1].

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси томонидан расман тасдиқланган мавзулар асосида тасаввуф таълимотини тадқиқ этаётган бир қатор илмий изланувчиларни ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Бугунги кунда ушбу тадқиқотчилар томонидан тасаввуф таълимотига оид илмий мақола ва тезислар жамоатчиликка тақдим этилмоқда.

Жумладан, Ш.Агзамходжаева, Ж.Саматов, А.Эргашев, Д.Олимова, Д.Сатиболдиева, А.Эргашов, С.Пулатов, Д.Ғафуров, М.Ўразметов, Р.Ражабова, Д.Мухсимовлар ўз илмий тадқиқотларида тасаввуф манбашунослиги, тасаввуфий тафсирлар, ўзбек тасаввуф шеъриятидаги муножотнома ва меърожномаларнинг адабий-илмий таҳлили ва бошқа мавзуларни ёритмоқда. Шунингдек, Алишер Навоий, Жалолиддин Румий, Абу Ҳомид Ғаззолий, Муҳйиддин ибн Арабий, Сулаймон Боқирғонийларнинг тасаввуфий қарашлари ва концепцияларини ўрганишга ҳам эътибор қаратмоқда [28:86, 166, 170, 175, 282, 311, 198, 91, 62, 213, 229].

Юқорида истиқлол йилларида тасаввуф таълимотининг ўрганилишини уч даврга ажратган эдик. Ушбу тадқиқот даврларида ҳимоя қилинган илмий ишларнинг ўзига хос жиҳатларини ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, биринчи давр – 1991-2000 йилларда ҳимоя қилинган 12 та диссертациянинг 5 таси рус тилида ёзилган бўлиб, кейинги даврларда ҳимоя қилинган илмий тадқиқотларда ўзбек тилининг улуши кўпайиб борди.

Бу даврда тарих фанида (4 та), филологияда (4 та), фалсафада (3 та), санъатшуносликда (1 та) илмий тадқиқотлар олиб борилди. Тарих фанлари бўйича ҳимоя қилинган диссертациялар муҳим аҳамиятга эга масалалар билан бирга Марказий Осиёда вужудга келган тариқатларни ўрганишга бағишланди. Нақшбандий шайхларининг Марказий Осиё халқлари ҳаётидаги ўрни, улар фаолиятига оид агиографик манбалар, Хожа Аҳрор Валининг ижтимоий-сиёсий ва маънавий фаолияти каби мавзулардаги тадқиқотлар шулар жумласидандир[1:105; 7:156; 9:278; 26-207].

Адабиётшунос олимлардан Н.Д.Ҳасановнинг “Султон Аҳмад Ҳазинийнинг “Жавоҳирул аброр мин амвожил биҳор” асари ва унинг Яссавийшуносликдаги илмий-тарихий қиммати” [37:154] мавзусидаги диссертациясида Хожа Аҳмад Яссавий ҳаёти ва ижоди, яссавийлик тариқатининг вужудга келиши унга доир манбалар таҳлил этилган. Султон Аҳмад Ҳазиний ва Яссавий фаолиятининг уйғун жиҳатлари ўрганилган. Шунингдек, “Девони ҳикмат” ва  “Жавоҳирул аброр” асарлари, улардаги тасаввуфий масалалар ва тушунчалар таҳлил этилган.

Тадқиқотчи 2017 йилда “Яссавийликка доир манбалар ва «Девони ҳикмат» [36:100] мавзуси бўйича докторлик (DcS) диссертациясини ёқлади. Унда Ўзбекистонда яссавийшунослик ҳолати, унинг шарқ ва ғарбда тадқиқ этилиши таҳлил қилинган.

Нақшбандийлик тариқатининг энг машҳур вакили Баҳоуддин Нақшбанд сиймосининг тасвири, мақоматларда қўлланган бадиий тил воситалари ва санъатига оид масалалар Б.Назаров [13:272] томонидан тадқиқ қилинди. Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти, тасаввуф таълимотида шеърият жанрининг пайдо бўлиши, турли тасаввуфий ғояларнинг илмий назарий жиҳатлари ва манбалари таҳлили И.Ҳаққулов [35:282] тадқиқотларида ўз аксини топди. Шунингдек, А.Абдуқодиров изланишларида тасаввуф ва Алишер Навоий ижодиётида ваҳдатул вужуд масаласи ўрганилди.

Бу даврда тасаввуф таълимотини фалсафа ва санъатшунослик фанлари доирасида тадқиқ этишга бағишланган диссертациялар ҳам ҳимоя қилинди. Жумладан, “Суфизм в духовной жизни народов Средней Азии (IX-XII вв.)” (Р.Шодиев) ва “IX-XII аср Мовароуннаҳр фалсафий фикрида ижтимоий идеал ва комил инсон муаммоси” (М.Жакбаров) номли тадқиқотларда “комил инсон” концепцияси ёритилди. Санъатшунослик фанлари бўйича “Суфизм в контексте музыкальное культуры народов Центральной Азии” (А.Низамов) мавзусидаги тадқиқотда зикр ва самоъ маросимлари ўрганилди.

Тадқиқотимизнинг энг катта даврий жараёнини қамраб олган “иккинчи давр” – 2001-2016 йиллар бўлиб, бу даврда  биринчисига нисбатан кўпроқ фан соҳаларида тадқиқотлар амалга оширилганини кузатамиз. Жумладан, педагогика, психология, ислом тарихи ва манбашунослиги, журналистика йўналишларида илк маротаба тасаввуф таълимотини ўрганишга бағишланган тадқиқот ишлари олиб борилди. Масалан, психология фани бўйича У.Қосимовнинг “Комил инсоннинг ижтимоий психологик-хусусиятлари (А.Ғиждувоний таълимоти асосида)” ва М.Холназарованинг “Нақшбандия тариқатида психологик қарашлар” мавзусидаги тадқиқотларида тасаввуф таълимоти замонавий психологик назария ва ёндашувлар асосида тадқиқ этилган. Журналистика йўналишида Г.Тоғаеванинг “Ўзбек матбуотида тасаввуф таълимотининг ёритилиши: муаммолари, тамойиллари ва шакллари” мавзусидаги тадқиқотида тасаввуф таълимоти назарияси, унинг адабиётдаги ўрни ва тасаввуф манбаларининг матбуотда ёритилиши ўрганилган. Шу билан бирга ўзбек матбуотида тасаввуфий мақолаларнинг баён этилиши услублари алоҳида тадқиқ этилган.

Шунингдек, педагогика соҳасида амалга оширилган илмий тадқиқот ишларини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур. Жумладан, М.Хажиеванинг “Хожа Аҳмад Яссавийнинг маънавий-тарбиявий қарашлари” мавзусидаги тадқиқот ишида инсон шахсининг шаклланиш омиллари ва эътиқод тарбияси ўрганилган. К.Қиличеванинг изланишларида [8:139] эса талабалар маънавиятини оширишда тасаввуф таълимоти намояндалари меросидан унумли фойдаланиш ҳамда Нақшбандия тариқатининг педагогик жиҳатдан аҳамиятини ёритиш масалаларига эътибор қаратилган. Тадқиқотчи Г.Зарипованинг “Нақшбандия тариқатида таълим-тарбиянинг ўзига хос педагогик технологияси” мавзусидаги тадқиқотида Нақшбандия тариқатида шахснинг зоҳирий ва ботиний жиҳатларини тарбиялашда зикр ва суҳбат усули ўзига хос услуб экани алоҳида баён этилган.

Фан соҳасидаги тадқиқотларда филология йўналишида амалга оширилган илмий ишлар ҳам тасаввуф таълимотини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Жумладан, К.Муллахўжаева ўз тадқиқотида [12:268] Навоий ғазалларида табиат тасвири ва сўфиёна қарашлар ифодасидаги уйғунликни очиб берди. Тасаввуф таълимотини ўрганишда тарих фани энг асосий тармоқлардан биридир. Фан ёрдамида тасаввуф таълимотининг шаклланиши, тараққиёт босқичлари ўрганилади. Шу билан бирга тасаввуф мактаблари фаолиятига таъсир қилувчи сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий жараёнларни, машҳур шахслар ва тарихий манбаларнинг қиёсий таҳлилини ўрганади. Бу тадқиқотлар тасаввуф таълимотини ўрганишни истовчи тадқиқотчилар учун дастлабки маълумотларни беради.

Масалан, Н.Хидированинг “Хожа Муҳаммад Порсо Хожагон – Нақшбандия тариқатининг ривожланишида тутган ўрни ва роли (XIV аср охири – XV аср бошлари)” ва Х.Юлдашходжаевнинг “Мусохон Даҳбедийнинг нақшбандия-мужаддидия тариқати ривожида тутган ўрни (XVIII аср)” мавзусидаги ҳамда бошқа илмий тадқиқот натижаларини [5:157; 10:154; 18:126; 27:285; 30:150; 33:159; 39-151] алоҳида таъкидлаш лозим.

Тасаввуф соҳаси тарихшунослиги бўйича олиб борган изланишларимиз хулосасига кўра, тасаввуф таълимотини мустақиллик йилларида юртимизда энг кўп тадқиқ этган фан фалсафа ҳисобланади. Бу ҳолатни фалсафа фанининг объекти ва предметининг кўлами жуда кенглиги билан изоҳлашимиз мумкин. Ушбу фан нуқтаи назаридан тасаввуф таълимотидаги иррационал ғоя ва назарияларни ўрганиш катта имконият беради. Бу жиҳатлар ўз навбатида файласуфларнинг тасаввуф таълимоти бўйича илмий тадқиқот олиб бориш имкониятини оширади.

Масалан, Г.Наврўзованинг “Нақшбандия тасаввуфий таълимоти ва баркамол инсон тарбияси” ва С.Исмоиловнинг “Нақшбандия тариқатининг тасаввуф тараққиётидаги ўрни” номли тадқиқотларида унинг объекти ҳисобланган инсон камолотидаги руҳий, ахлоқий, тасаввуфий ғоялар ва назариялар фалсафий тадқиқ этилган [2:157; 6:138; 16:133; 19:154; 22:148; 24:172; 25:135; 38:160].

Учинчи давр – 2017-2022 йилларда тасаввуф манбаларини тадқиқ этган олимлардан К.Раҳимовнинг “Хожагон-нақшбандия таълимотининг илдизлари ва шаклланиш манбалари (IX–XIV асрлар)” номли фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ва “Мустамлий Бухорийнинг «Шарҳ ат-таъарруф» асари ҳамда унинг XI–XV асрлар Мовароуннаҳр ва Хуросон тасаввуф манбаларига таъсири” мавзусидаги тарих фанлари доктори (DSc) даражасини олиш учун ёзган илмий тадқиқот ишларини айтиб ўтиш мумкин. Шунингдек, А.Қандаҳаровнинг тасаввуф тариқатларининг XVI аср ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётдаги ўрнини очиб беришга бағишланган “XVI асрда Кармана шайхларининг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётда тутган ўрни” мавзусидаги илмий изланиши ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, фалсафа соҳаси тадқиқотчилари тасаввуф таълимотини юртимизда энг кўп тадқиқ этган фан соҳаси вакиллари ҳисобланади. Тўғри, 1991-2000 йилларда бу соҳа вакиллари томонидан ҳимоя қилинган диссертациялар улуши катта бўлмаган. Бу ҳолатни мустабид тузумдан эндигина озод бўлган фалсафа фанида худосизлик ғоясига асосланган коммунистик мафкура асоратларининг мавжудлиги билан асослашимиз мумкин [29:403]. Аммо кейинги икки давр 2001-2016 ва 2017-2022 йилларда тасаввуф таълимотини ўрганишда файласуфларнинг энг кўп илмий тадқиқот олиб борганини кўришимиз мумкин [3:256; 11:217; 14:129; 15:230; 17:142; 21:298; 23:125; 34:244; 36:271].

Тадқиқот натижаларидан келиб чиқиб, мамлакатимизда тасаввуф таълимотини самарали тадқиқ этишда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш мақсадга мувофиқдир:
– Тасаввуф соҳасидаги илмий тадқиқотларга исломшунослик мутахассисларини кўпроқ жалб этиш;
– Юртимизда тасаввуф таълимоти бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотлар таснифини ишлаб чиқиш;
– Тадқиқот ишларига хориждаги нуфузли илмий маслаҳатчиларни бириктириш;
– Юртимиздаги тасаввуф манбаларининг алоҳида каталогини нашр этиш;
– Тасаввуф таълимоти бўйича маҳаллий грант лойиҳалари миқдорини ошириш;
– Тасаввуф таълимотига оид хорижий грант лойиҳаларида маҳаллий олим ва тадқиқотчилар иштирокини қўллаб-қувватлаш.

Сўнгги йилларда юртимизда олиб борилган ислоҳотлар натижасида исломшунослик фанлари йўналишида ҳам тасаввуф таълимотини ўрганиш имконияти кенгайиб бормоқда. Ахборот оқими жадаллашган бу даврда муқаддас ислом дини замирида вужудга келиб, тараққий этган тасаввуф таълимотини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади. Инсоният ахлоқий таназзулини бартараф этишда энг самарали йўллардан бири тасаввуф таълимоти бўлиб, асрлар давомида синовлардан муваффақиятли ўтиб келмоқда. Шу жиҳатдан, бундай маънавий меросимизни ёш авлодга етказиш тадқиқотчи олимлар зиммасига улкан масъулият юклайди.

 

Фойдаланилган адабиётлар:
  1. Бабаджанов Б. “Политический деятельност шайхов Накшбандийа в Мавераннахре (I половина XVI в.)”. Тарих.ф.н.дисс. – Т.: 1996.
  2. Зайнобидинова Н. “Жалолиддин Румий тасаввуфий таълимотида инсон маънавий камолоти масаласи”. Фалсафа.ф.н.дисс. – Т.: 2011.
  3. Исақова З. “Ирфон ва унинг шарқ фалсафий тафаккури ривожидаги ўрни (X-XIII асрлар)”. Фалсафа.ф.д. (DSc) дисс. – Самарқанд: 2022.
  4. Ислом: справочник. М.А.Усмонов таҳрири остида. – Т.: Матбуот, 1989.
  5. Исмоилов М. “Шайх Худойдод “Баҳр ал-улум” асари Марказий Осиёда тасаввуф тарихига оид муҳим манба (XVIII асрнинг иккинчи ярми)”. Тарих.ф.н.дисс. – Т.: 2006.
  6. Исомиддинов Ф. “Шайх Санъон ҳақидаги қиссаларнинг қиёсий таҳлили (Фаридиддин Аттор ва Алишер Навоий асарлари асосида)”. Филология.ф.д.дисс. – Т.: 2001.
  7. Каримов Э. “Суфийские тарикаты в Центральной Азии XII-XV вв.”. Тарих.ф.д.дисс. – Т.: 1998.
  8. Қиличева К. “Олий таълим тизимида тасаввуф таълимоти воситасида талабалар маънавиятини шакллантириш”. Педагогика.фан.номз. – Т.: 2005.
  9. Қутибоев З. “Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор ва унинг Мовароуннаҳрни XV асрдаги ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида тутган ўрни”. Тарих.ф.д.дисс. – Т.: 1998.
  10. Маллабоев Б. “Чоризмнинг Туркистонда вақф мулкчилик сиёсати (Хожа Аҳрор авлодлари вақф мулклари мисолида)”. Тарих.ф.н.дисс. – Наманган: 2004.
  11. Маматов М. “Тасаввуф таълимотининг тарихий-фалсафий моҳияти”. Фалсафа.ф.д. (DSc) дисс. – Т.: 2018.
  12. Муллахўжаева К. “Алишер Навоий ғазалиётида тасаввуфий тимсол ва бадиий санъатлар уйғунлиги (“Бадоеъ ул-бидоя” девони асосида)”. Филология.ф.д.дисс. – Т.: 2009.
  13. Назаров Б. “Ислом агиографияси тизимида мақоматнинг ўрни ва унинг бадиий-услубий хусусиятлари (Баҳоуддин Нақшбанд мақоматлари мисолида)”. Филология.ф.д.дисс. – Т.: 2000.
  14. Намозов Б. “Абу Бакр Калободий тасаввуфий қараш­ларининг фалсафий асослари”. Фалсафа.ф.н.дисс. – Т.: 2011.
  15. Намозов Б. “Муҳаммад Порсо тасаввуфий таълимотининг фалсафий асослари”. Фалсафа.ф.д. (DSc) дисс. – Самарқанд: 2021.
  16. Неъматова Ж. “Яссавийлик ва унинг ижтимоий-фалсафий фикр ривожидаги ўрни”. Фалсафа.ф.н.дисс.  – Т.: 2001. 
  17. Норова М. “Сайфиддин Бохарзийнинг тасаввуф тарихидаги ўрни”. Фалсафа.ф.д. (PhD) дисс – Бухоро: 2021.
  18. Раззоқова М. “Яъқуб Чархий илмий мероси ва унинг Нақшбандия тариқати ривожида тутган ўрни (XIV-XV асрлар)”. Тарих.ф.н.дисс. – Т.: 2001.
  19. Рахматова Х. “Хожа Аҳрор Валийнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари”. Фалсафа.ф.н.дисс. – Т.: 2012.
  20. Раҳимов К. Мовароуннаҳр тасаввуфи тарихи: таълимотнинг шаклланиши ва тизимлаштирилиши (VII-XI асрлар) – Т.: Академнашр, 2020.
  21. Рўзматзода Қ. “Хожамназар Ҳувайдо тасаввуфий қарашларида онтологик ва гносеологик концепция”. Фалсафа.ф.д. (DSc) дисс. – Т.: 2019.
  22. Самадов А. “Ахлоқий идеалнинг ижтимоий-фалсафий моҳияти ва унинг баркамол авлод тарбиясидаги аҳамияти”. Фалсафа.ф.н.дисс. – Самарқанд: 2011.
  23. Саматов Х. “Махдуми Аъзам Косонийнинг маънавий мероси ва унинг ёшлар тарбиясидаги ўрни”. Фалсафа.ф.д. (PhD) дисс. – Самарқанд: 2018.
  24. Сафарбоев О. “Нажмиддин Кубронинг тасаввуфий таълимотида инсонпарварлик ва ватанпарварлик ғоялари”. Фалсафа.ф.н.дисс. – Т.: 2011.
  25. Сафарова Н. “Хожагон тасаввуфий таълимотида маънавий-ахлоқий қадриятлар масаласи”. Филология.ф.н.дисс. – Т.: 2002.
  26. Тиллабаев Р. “Среднеазиатские агиографические сочинения XV-XVI вв. Как исторический источник (Жития шейхов тариката Накшбандия)”. тарих.ф.д.дисс. – Т.: 1994.
  27. Тўраев Ҳ. “Бухоро хонлигининг XVI-XVII асрлар ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий ҳаётида Жўйбор хожаларининг тутган ўрни”. Тарих.ф.д.дисс. – Т.: 2007.
  28. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Бюллетени. – Т.: 2022. №1. – Б. 82,166, 170, 175, 282, 311. №2. – Б. 198. №3. – Б. 91, 162, 213, 229.
  29. Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида. – Т.: Шарқ, 2000.
  30. Усмонов И. “Ал-Ҳаким ат-Термизининг “Наводир ал-усул” асари ҳадис ва тасаввуф илмига оид муҳим манба”. Тарих.ф.н.дисс. – Т.: 2005.
  31. Хатамов Т. Мустақиллик йилларида тасаввуфга оид илмий-маърифий мероснинг тадқиқ этилиши // Ислом тафаккури журнали. – Т.: 2022. №2.
  32. Хатамов Т. Ўзбекистоннинг энг янги тарихи. – Т.: Тафаккур, 2022.
  33. Хидирова Н. “Хожа Муҳаммад Порсонинг Хожагон-Нақшбандия тариқати ривожланишида тутган ўрни ва роли (XIV аср охири – XV аср бошлари)”. Тарих.ф.н.дисс. – Т.: 2006.
  34. Холмўминов Ж. “Ваҳдатул вужуд фалсафаси ва унинг нақшбандия таълимотига таъсири (Ибн-ал-Арабий, Муҳаммад Порсо ва Абдураҳмон Жомий қарашлари асосида)”. Фалсафа.ф.д. (DSc) дисс. – Т.: 2020.
  35. Ҳаққулов И. Ўзбек тасаввуф шеъриятининг шаклланиши ва тараққиёти (ғоявийлик, издошлик, образлар олами). Филология.ф.д.дисс. – Т.: 1995.
  36. Ҳасанов Н.Д. «Яссавийликка доир манбалар ва «Девони ҳикмат». Филология.ф.д.дисс. – Т.: 2017.
  37. Ҳасанов Н.Д. “Султон Аҳмад Ҳазинийнинг “Жавоҳирул аброр мин амвожил биҳор” асари ва унинг яссавийшуносликдаги илмий-тарихий қиммати”. Фило­логия.ф.н.дисс. – Т.: 1999.
  38. Шарипова О. “Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний тасаввуфий таълимотида ахлоқий қарашлар”. Фалсафа.ф.н.дисс. – Т.: 2002.
  39. Юлдашходжаев Х. “Мусохон Даҳбедийнинг нақшбандия-мужаддидия тариқати ривожида тутган ўрни (XVIII аср)”. Тарих.ф.н.дисс. – Т.: 2008.
  40. www.diss.natlib.uz – Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасининг “Диссертация ва авторефератларнинг илмий электрон кутубхонаси” бўйича расмий сайти.
ТОҲИР ХАТАМОВ,
ЎзХИА доценти, тарих фанлари номзоди

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …