Чақимчилик – сирни фош қилиш ва очилиши ножоиз саналган нарсани эълон қилишдир. У ҳам ғийбат каби оғир гуноҳлар сирасига киради. Чунки чақимчилик фитнанинг ўт олишига, нотинчлик ва уруш-жанжалга сабаб бўлади. Қолаверса, кишиларнинг қалбларида бир-бирига нисбатан гина-адоватни пайдо қилади. Бу иллат одамлар ўртасидаги дўстлик, меҳр-оқибат ва яхши алоқаларга путур етказади. Инсон бошқалардан кўрган ҳар қандай нарсаси ҳақида гапираверишдан тилини тиймоғи лозим.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда Валид ибн Муғирани сифатлаб, бундай деган:
﴿هَمَّازٍ مَشَّاءٍ بِنَمِيمٍ﴾
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом) сиз ҳар бир тубан қасамхўр, ғийбатчи-ю, гап ташувчи (чақимчи) кимсага итоат этманг”[1].
Ҳузайфа ибн Ямоний розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳадисда чақимчиликнинг ҳаромлигини била туриб, ҳалол санаган киши сифатланган.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтаётиб: “Бу иккиси азобланмоқда. Бироқ катта нарса туфайли азобланаётгани йўқ. Бири нажосатдан сақланмас эди. Иккинчиси эса чақимчилик қилиб, гап ташиб юрарди”, дедилар. Сўнг бир ҳўл новда олиб, иккига бўлдилар ва ҳар бир қабрга биттадан суқиб қўйдилар. “Эй Аллоҳнинг Расули, буни нима учун қилдингиз?” деб сўрашганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шояд, бу новдалар қуригунича, уларга азоб енгиллатиб турилса”, деб жавоб бердилар (Имом Бухорий ривояти).
Демак, гап ташиб, одамларни бир-бирига чақиш ҳаром қилинган ишлар сирасига кирар экан. Чақимчиликнинг моҳияти сирни фош этиш ва ўзганинг ошкор бўлишини ўзи истамайдиган томонини очиб ташлашдир. Эҳтимол, бир киши ҳақида салбий фикр билдирган кишининг мақсади ёмонлик бўлмаслиги, балки шунчаки гапдан гап чиқиб айтилган сўз бўлиши мумкин. Ўша гапни олиб, у ҳақда гапирилган одамга етказиш чақимчиликдир. Аммо зулм қилганнинг устидан мазлумнинг шикояти чақимчиликка кирмайди. Ҳадисдаги “Бироқ катта нарса туфайли азобланаётгани йўқ” жумласи бу ишларни тарк этиш улар учун қийин эмас эди, деган маънода тушунилади.
Чақимчи ё гап ташилаётган одамга ёмонлик истайди ёки гап ташилаётган инсонга ёқиш ва яқин бўлиш истагида бўлади. Ё бўлмаса, сўзда чуқурлашиб, кераксиз ва ботил гапларга шўнғийди.
Асмо бинт Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: “Энг яхшиларингиз ҳақида хабар берайми?” дедилар. Улар: “Ҳа (хабар беринг!)”, деди. У зот дедилар: “Шундай кишиларки, одамлар уларни кўрганда Аллоҳ эсига келади”. Кейин: “Энг ёмонларингиз ҳақида хабар берайми?” дедилар. “Ҳа (хабар беринг!)”, дейишди. У зот: “Гап ташиб юрувчи, ёр-дўстлар орасини бузувчи, айбсиз инсонларга ёмонлик ва машаққат етишини хоҳловчи кимсалар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Чақимчиликнинг энг ёмони ва гуноҳи оғирроғи салтанат соҳиби ҳузурида амалга оширилганидир. Бунинг хатарли томони куч-қудрат соҳиби бўлган кишининг ўта қаттиқ қасос олишга қодир эканидир.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Асҳобимдан биронтаси бошқаси ҳақида (мен ёқтирмайдиган ва ғазабимни келтирадиган) бирор нарсани (ҳолатни) менга етказмасин! Зеро, мен қаршингизга қалбим (бирортангизга нисбатан нафратдан) саломат ҳолида чиқишни истайман” (Имом Абу Довуд ривояти).
Ислом шариатида иккиюзламачилик ҳам иллат ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Одамларнинг маъданлар (наслнинг бошланиш нуқтаси) эканини кўрасиз. Уларнинг жоҳилиятдаги яхши бўлганлари исломда ҳам энг яхшиларидир, агар динда фақиҳ бўлса. Бу борада (халифалик, раҳбарликда) одамларнинг энг яхшиси буни (мансабни) энг ёмон кўрадигани эканини топасиз. Одамларнинг энг ёмони анавиларга бир юз билан, манавиларга бир юз билан келадиган иккиюзламачи эканини топасиз” (Имом Бухорий ривояти).
Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Кимнинг бу дунёда иккита юзи бўлса, қиёмат кунида унинг оловли иккита тили бўлади” (Абу Довуд ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо отасидан ривоят қилади: “Баъзилар Ибн Умарга: “Биз султонимизнинг ҳузурига кириб чиқиб, одамларга у ердаги суҳбатнинг тескарисини айтамиз”, деди. У: “Биз буни мунофиқлик деб билар эдик”, деди” (Имом Бухорий ривояти).
Бу иллатлар дўстлар орасини бузади, душманлар орасидаги адоватни яна ҳам кучайтиради. Жамиятни пароканда қилади. Аслида чақимчилик туҳмат ё бўҳтон эмас, балки ҳақиқат бўлиши мумкин. Аммо у одамлар ўртасидаги муносабатларни бузиши, жамиятда фасод ёйилишига сабаб бўлгани учун ҳам қатъиян ҳаром қилинган ва оғир гуноҳлар қаторига киритилган. Шунинг учун мўмин банда доимо қалбини гина-кудуратлардан пок ва саломат сақлаши лозимдир. Зеро, қалб саломатлиги – мўмин кишининг энг асосий сифатларидан бири. Соғлом қалб эгаси амали кўп бўлмаса ҳам, кўп яхшиликларга эришади.
[1] Қалам сураси, 10-11-оятлар.