Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари 5 март куни Хоразм вилоятининг Хонқа ва Хазорасп туманларида тарғибот учрашувларини ўтказди.
Тадбирлар туманлар раҳбар ходимлари, ижтимоий соҳа вакиллари, вилоят ҳокимлиги масъуллари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла хотин-қизлар фаоллари, ёшлар етакчилари, профилактика нозирлари, умумтаълим мактаблари директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирокида ўтди. Учрашувларда илм ва маърифатни юксакларга кўтарган аллома аждодларимизнинг дунё тамаддунида тутган ўрни алоҳида эътироф этилиб, улар қолдирган боқий мерос барча даврларда инсонпарварлик, эзгулик ғоялари мазмунини бойитиш билан бирга, инсонларнинг маънавий-ахлоқий камолотини таъминлагани тилга олинди.
Хазораспда туман ҳокими Зафар Абдиримов ташкил этилган тадбир аллома аждодларимизнинг комил инсон, баркамол шахс сийратига оид қарашларини теранроқ англашда, улар қолдирган бой маънавий мероснинг тарбиявий жиҳатларини амалиётга кенгроқ татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этишини қайд қилди.
Хонқадаги тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Руфат Аминов анжуман юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ва илмий-ижодий фаолияти ҳақидаги тасаввурларни янада бойитгани, улар илмий меросининг юксак маърифий аҳамиятини кенгроқ очиб берганини эътироф этди.
Тарғибот гуруҳи аъзолари “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзуларида маъруза қилди.
Шунингдек, “Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” номли фильм намойиш қилиниб, марказлар томонидан нашр этилган янги китоб ва рисолалар тақдимоти ташкил этилди.