Home / ЯНГИЛИКЛАР / Ўқувчи-ёшлар илм-маърифат маскани билан танишишди

Ўқувчи-ёшлар илм-маърифат маскани билан танишишди

Муҳтарам юртбошимизнинг ғоялари асосида ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида, ёш авлод тарбиясида беқиёс ўрин тутиши билан ўзига хос аҳамиятга эга.    

Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган марказ биноси фойесига киришингиз билан сизда ёрқин таассуротлар пайдо бўлади. Фойедаги жозибадор улкан гумбаз ва унинг ички томонига ёзилган Қуръони карим оятлари, марказ мазмун-моҳиятини тўлалигича ифода қилиб, маърифат масканига ташриф бюрганингизни қалбдан ҳис этасиз. Марказда ташкил этилган музейни томоша қилган киши эса ўзини руҳан енгил ҳис этиб, мавжуд манбалардан маънавий озуқа олади.

26 феврал куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд вилояти Ёшлар иттифоқи   “Етакчилар Кенгашининг 1- Саммити” иштирокчиларидан иборат 100-нафар ўқувчи-ёшлар саёҳат уюштирди.  Ўқувчи ёшлар улуғ муҳаддис олим Имом Бухорий бобомизнинг ҳаёти ва илмий мероси,  у киши томонидан яратилган буюк асарларнинг ислом оламида тутган ўрни,  халқаро илмий тадқиқот марказининг илмий фаолияти тадқиқотчиларга яратилган имкониятлар тўғрисида маълумотларга эга бўлдилар. Ўқувчилар саёҳати, илмий ходимлар ва фаол ёшлар ўртасида савол-жавобларга бой, қизғин давра суҳбати тарзида бўлиб ўтди. Ёшларимиз  томонидан берилган саволлардан, уларнинг аждодларимиз ҳаёти ва илмий меросига қизиққанлигини ва илмга бўлган меҳрини ҳис қилишимиз мумкин.

Саёҳат асносида диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими Ж.Жумаев, ўқувчи ёшларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берди.

Шундан сўнг қўлёзмалар билан ишлаш ва музей бўлими илмий ходими Б. Ибодов ёшларга музейда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар, ноёб экспозициялар, Марказ фаолияти ҳақида ахборот берувчи замонавий воситалар тўғрисида маълумотлар бериб, Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратлар буюк муҳаддис бобомизнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундашини таъкидлади.

Ёш авлодни мана шундай маънавият ва маърифат масканларига саёҳатини уюштириб, долзарб мавзуларда давра суҳбатларини ташкил этиш, ўқувчи-ёшларимизни илмга бўлган меҳрини оширишга, улуғворликка, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва буюк боболаримиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундайди.

 Ж.Жумаев
Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …