Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Хоразм вилоятидаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада яхшилашга қаратилган “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосидаги маърифий тадбирларни бошлади.
Дастлаб Урганч давлат университетида учрашув ташкил этилиб, талаба-ёшлар билан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ёш авлод турли ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, экстремизм, терроризм ва миссионерлик каби хатарлардан огоҳ бўлиш хусусида суҳбат қилинди.
Сўнг Урганч давлат педагогика институтида шундай тадбир ўтказилди. Унда қатнашчиларга буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳадисшунослик илми ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, бугунги глобаллашув шароитида турли ёт ғояларнинг ёшлар онгига зарарли таъсирига оид тушунчалар берилди.
Тарғиботчилар Урганч шаҳрининг “Мустақиллик”, “Олимпия”, “Бўстон” ва “Шодлик” маҳаллаларида бўлиб, аҳоли билан ислом динининг асл моҳияти, инсонпарварлик ғоялари ва эзгу қадриятлари юзасидан мулоқот қилди.
Тадбирларда Марказ фаолияти ва нашр этилаётган адабиётлар ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилди.