Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / ДИНДА ҒУЛУВГА КЕТМАСЛИК УЧУН МАЪРИФАТЛИ БЎЛИШ КЕРАК

ДИНДА ҒУЛУВГА КЕТМАСЛИК УЧУН МАЪРИФАТЛИ БЎЛИШ КЕРАК

9 ноябрь куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Мисрнинг Ал-Азҳар университети профессори, Самарқанддаги Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси Шайх Маҳмуд Ҳасан иштирокида “Динда ғулув ҳамда унинг шахс ва жамиятга салбий таъсири” мавзусида халқаро онлайн семинар бўлиб ўтди.

Дастлаб Марказ директори Шовосил Зиёдов иштирокчиларни маърузачи билан қисқача таништирди.

Шайх Маҳмуд Ҳасан динда ғулувга кетишнинг қоралангани ва тақиқлангани ҳақида оят ва ҳадислардан далиллар келтириб, бунинг салбий оқибатларини, шахс ва жамият учун хатарли жиҳатларини ёритиб берди.

Ғулув ислом динига тўғри келмайди. Ҳурфикр, ақлли инсоннинг табиати ҳам уни кўтара олмайди. Чунки, ғулув одамларда диний амаллардан малолланишни келтириб чиқаради, баъзилар ҳатто ибодатларни тарк этишгача боради.

Олимнинг таъкидлашича, айнан ғулувга кетиш ҳолатлари туфайли ислом динига нисбатан турли бўҳтонлар ёғдирилмоқда. Бошқа динлар ҳақида гап кетганда ишлатилмайдиган “терроризм” ва “радикализм” каби атамалар фақат ислом ҳақида сўз очилганда қулоққа чалиняпти. Бунга, албатта, манқуртлашган кимсаларнинг ботил ғояларни шиор қилиб олиб амалга ошираётган бузғунчилик ва қўпорувчиликлари, бегуноҳ одамларни ҳалокатга учратаётгани сабаб бўлмоқда.

Қуръони каримда мўмин инсон мўътадил бўлиши кераклиги ҳақида бир қанча оятлар бор, ғулув эса қатъиян қораланади.

Бу иллат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида ҳам учраб турган, аммо у зот ўша инсонларнинг бу хатосини дарҳол тузатиб қўйганлари учун сезилмас даражада бўлган.

Шайх Маҳмуд Ҳасаннинг фикрича, динни маҳкам ушлаш билан унда ғулув кетишнинг ўртасидаги фарқни ажратиб олиш у қадар мушкул, қийин эмас. Бунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига, салафи солиҳлар тутган йўлга содиқ бўлиш керак, холос. Яъни, илмли, маърифатли бўлиш, дуч келган ғоя ва шиорга кўр-кўрона эргашиб кетавермаслик лозим.

Ғулув шу қадар чалғитувчи иллатки, ҳатто Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али розияллоҳу анҳум даврида ҳам учраб турган. Айнан ғулув оқибатида ислом оламида турли бузғунчи оқим ва тоифалар вужудга келган.

Мисрлик олим ғулувга кетишнинг омиллари ҳақида ҳам сўз юритди. Унинг айтишича, уларнинг энг асосийлари шариат ҳукмларини билмаслик, динни яхши тушунмаслик, кимларгадир кўр-кўрона таассуб қилиш, шаръий амалларни писанд этмасдан нуқсонга йўл қўйиш, оят ва ҳадисларга юзаки ёндашиш, муҳкам оятларни беэътибор қолдириб, муташобиҳ оятларга диққат қаратиш, ихтилофли масалалар юзасидан кераксиз баҳс-мунозараларга берилиб кетишдир. Баъзан фақирлик ва муҳтожлик, ёшларнинг тарбиясиз ва қаровсиз қолиб кетиши ҳам айримларнинг йўлдан оғишига сабаб бўлади. Шунинг учун Қуръони каримда илм ўрганиш ва ўргатиш, мискинларга ёрдам бериш ва етимларнинг бошини силаш каби эзгу ишлар энг савобли амаллар даражасига кўтарилган.

Шайх Маҳмуд Ҳасан иштирокчиларнинг мавзу юзасидан берган саволларига жавоб қайтарди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …