Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ТАРҒИБОТЧИЛАРНИНГ СУРХОНДАРЁДАГИ ТАДБИРЛАРИ ДЕНОВДА ЯКУНИГА ЕТДИ

ТАРҒИБОТЧИЛАРНИНГ СУРХОНДАРЁДАГИ ТАДБИРЛАРИ ДЕНОВДА ЯКУНИГА ЕТДИ

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари Сурхондарёдаги сўнгги тадбирларни 9 ноябрь куни Денов тадбиркорлик ва педагогика институтининг тадбиркорлик ва бошқарув ҳамда тарих факультетларида ўтказди.

Тадбирларда ижтимоий ҳаёт шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув шароитида ахборот хуружларининг ёшлар маънавиятига таъсири, ёт ғоялар тарқалишининг олдини олиш учун кўрилиши лозим бўлган чоралар, ёш авлод онги ва қалбида, энг аввало, Ватанимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, ислоҳотлар инсон ва унинг қадри учун эканини теран англатиш, қонунларга ҳурмат туйғусини юксалтириш ҳақида сўз борди.

Таҳдидларга нисбатан ёшларда ҳаётга соғлом муносабатни, юксак дидни, инсонпарварлик ва миллий маданий ва умуминсоний меросга, қадриятларга муҳаббатни тарбиялаш орқали қарши туриш зарурлиги таъкидланди.

Учрашувлар давомида Марказ адабиётлари, жумладан, яқинда нашр этилган “Ислом динида тинчлик” рисоласининг тақдимоти ўтказилди. Талаба-ёшларга жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг диний-маърифий асослари ёритилган мазкур рисоланинг юксак ижтимоий аҳамияти ҳақида маълумот берилди.

Марказ ходимлари ташриф давомида институт моддий-техник базаси билан яқиндан танишди. Денов тадбиркорлик ва педагогика институти 2020 йилда ташкил топган бўлиб, айни пайтда бу ерда 15 минг талаба 20 га яқин йўналишда таҳсил олади. Замонавий билим ва кўникмаларга эга юқори малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнига илғор таълим технологиялари, жумладан, масофавий ўқитиш услублари ҳам жорий этилган.

Тарғиботчилар институтда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми доирасида ташкил этилган ҳашарда иштирок этди. Таълим муассасаси боғига 300 туп арча кўчати ўтқазилди.

Шу билан Марказ илмий ходимларининг Сурхондарё вилоятидаги тарғибот ишлари ниҳоясига етди. Ҳафта давомида вилоятнинг 8 олий таълим даргоҳида ўтказилган тадбирларда жами 1500 га яқин талаба қамраб олинди.

Тадбирларда “Сиз Имом Бухорийни биласизми?”, “Аждодлар мероси – ибрат кўзгуси” ва “Жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган 10 буюк аждодимиз” номли викториналар ўтказилди. Фаол иштирокчилар Марказ нашрлари билан тақдирланди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …