Home / АЛЛОМАЛАР / Шамсулаимма Ҳалвоний

Шамсулаимма Ҳалвоний

Шамсулаимма Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳалвоний Бухорий йирик фақиҳ, мужтаҳид ва муҳаддис бўлган. Бухорода туғилиб, Кешда вафот этган. Сўнг жасади Бухорога олиб келиниб, Калабоз қабристонига дафн этилган.

Аллома фақиҳлар орасида биринчи бўлиб “Шамсулаимма” (Имомлар қуёши) номини олган. Отаси ҳалвопазлик билан шуғулланганлиги учун унга “Ҳалвоний” нисбаси қўшиб айтилган. Самъонийнинг маълумотига кўра, у фиқҳ илмини Абу Али Ҳусайн ибн Хизр Насафийдан, ҳадис илмини Абу Абдуллоҳ Ғунжор Ҳофиз Бухорий ва Абу Саҳл Аҳмад ибн Муҳаммад Бухорийдан таълим олган.

Шамсулаимма катта ҳажмли “Ал-мабсут”, шунингдек, “Китоби наводир” ва бошқа асарлар муаллифи сифатида ислом оламида машҳурдир[1].

Аллома “Шарҳу адаб ал-қози лил-Хассоф” (Хассофнинг “Қозилик одоби” асарига шарҳ), “ал-Воқиъот” (Воқеалар), “Шарҳу ал-жомиъ ал-кабийр” (Шайбоний қаламига мансуб “Ал-жомиъ ал-кабийр” ‒ “Катта тўплам”га шарҳ) каби асарлар муаллифидир. Аммо унинг ушбу асарлари бизгача етиб келмаган.

Манбаларда бундан ташқари, “Ал-фатово” (Фатволар), “Китоб ан-нафақот” (Нафақалар китоби) каби китоблари борлиги айтилган. Аммо у ўз қўли билан фатво китоб ёзмаганлиги ва 1500 йилда Ҳалвонийга оид фатволар тўпланган “Мунтахаб ал-фатово” китоби номаълум шахс томонидан ёзилганлиги айтиб ўтилган[2].

Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Аби Саҳл Сарахсий, Фахрулислом Паздавий, Абулюср Муҳаммад ибн Муҳаммад Паздавий, Қози Жамолиддин Абу Наср Аҳмад ибн Абдурраҳмон, Абу Бакр Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Мансур Насафий, Абул Музаффар Абдулкарим ибн Абу Ҳанифа Андоқий, Абу Бакр Абдулхолиқ ибн Муҳаммад Шиконий, Шамсулаимма Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Заранжарий ва унинг ўғли Абулфазл Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Заранжарий ва бошқалар унинг шогирдларидир. Самъонийнинг таъкидлашича, Абу Бакр ибн Муҳаммад Заранжарий бу кишининг охирги шогирди ҳисобланади[3].

Манбаларда Ҳалвонийнинг қачон вафот этганлиги турлича кўрсатилган. Самъоний олимни 1058/449 йили Кешда вафот этган деб келтиради. Абдулазиз Нахшабий ўзининг “Мўъжам” китобида 1060/452 йил шаъбон ойида деб келтирган.

Аммо Заҳабий 1064/456 йилда шаъбон ойида вафот этганлигини таъкидлайди[4]. Ибн Носириддин Қайсий Дамашқий ҳам ўз китобида Ҳалвоний тўғрисида: “У Машриқнинг олимидир. У 1064/456 йил вафот этган”[5], деб келтиради.   Бундан ташқари, “Ўрта Осиё олимлари қомуси” китобида ҳам ушбу сана кўрсатилган. Шундан кўринадики, ушбу сана ҳақиқатга яқинроқдир.

Р. Элмуродов
ИБХИТМ Фиқҳ шўъбаси илмий ходими
[1] Садриддин Салим Бухорий. Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари. “Дурдона”, 2012. –Б.76.
[2] А.Сарсенбаев. М.Атаев. Мовароуннаҳр фақиҳлари. Т:.“Мовароуннаҳр”, 2011. –Б.19.
[3] Абдулкарим Самъоний. Ал-Ансоб. Абдулғафур Раззоқ Бухорий, Комилжон Раҳимов таржимаси. Тошкент –2017. –Б.25.
[4] Имом Шамсиддин Муҳаммад бин Аҳмад бин Усмон Заҳабий. Сияр аълом ал-Бухало. Байрут:.“Муассат ар-Рисолат”, 2001. –Б.178.
[5] Ибн Носириддин Шамсиддин Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Қайсий Дамашқий. “Тавзиҳил муштабиҳи фий зобти асмаъи-р-рават ва ансобиҳим ва алқобиҳим ва куннаҳум”. Байрут:. “Муассату-р-рисолат”, 1993. 3-жуз. –Б. 169.

Check Also

«ЖОНЛИ» ва «ЖОНСИЗ» тарбия

 «Агар огоҳсан сен – шоҳсан сен. Агар шоҳсан сен – огоҳсан сен» «Авлиёларнинг  авлиёси», «мутафаккирларнинг …