Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгашининг 2022 йил 6 октябрда Остона шаҳрида бўлиб ўтган 6-саммитида Ўзбекистон раҳбари долзарб муаммоларга жаҳон ҳамжамиятининг турли ёшдаги вакиллари билан биргаликда ечим излаш ташаббусини илгари сурган эди. Шунга биноан 11-13 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ёшлар кенгашининг 6-йиғилиши, Ёш лидерлар форуми ва унинг доирасида “Авлодлар мулоқоти”нинг биринчи учрашуви бўлиб ўтди.
Ушбу анжуманлар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари, Ёшлар ишлари агентлиги, БМТ ва Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари кенгаши томонидан ёшлар сиёсати соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, Кенгашга аъзо давлатлар ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар ёшлари ўртасида ўзаро дўстлик алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилди.
Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга масъул давлат органлари мутасаддилари, ёшлар жамоат ташкилотлари раҳбарлари, халқаро экспертлар, мамлакатимиздаги вазирлик ва идоралар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва миллий оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашган анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Шукрулло Умаров ва Жонибек Жумаев иштирок этиб, “Кенгашга аъзо давлатларнинг терроризмга қарши курашда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этиш бўйича тажрибаси” ва “Радикаллашувга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли” мавзуларида маъруза қилди.