Тарғибот гуруҳининг Самарқанддаги маънавий-маърифий тадбирлари 11 октябрь куни Нарпай туманида давом этди.
“Халқобод” МФЙда ўтказилган учрашувда ҳозирги глобаллашув шароитида онгни эгаллашга қаратилган хуружлардан ҳимоялаш учун ёшларда мустаҳкам маънавиятни шакллантириш, уларни ёт оқимлар таъсиридан асраш, фарзандларимизда миллий-маънавий қадриятларимизга таянган мафкуравий иммунитет ва ахборот истеъмоли маданиятини таркиб топтиришга оид амалий чоралар кўрсатиб ўтилди.
“Муқимий” МФЙдаги мулоқотда динни ниқоб қилиб олган бузғунчи тўдалар ёшларни ўз тузоғига илинтиришда интернетдан усталик билан фойдаланаётгани, башариятга наф келтириши кўзланган ушбу восита орқали ғаразли мақсадларини амалга ошириш учун одамларни залолат ва қабоҳатга ундаб, тўғри йўлдан адаштириш пайида экани уқтирилди.
Тарғиботларда фарзандининг истиқболини, ёрқин келажагини истайдиган ҳар бир ота-она тарбия масаласига жиддий эътибор қаратиши, бола қалбида ўз халқи, Ватанига меҳр ва садоқат туйғусини кучайтириши, уни турли вайронкор кучларнинг ахборот хуружларидан огоҳ этиб, муносиб ҳимоя қилиши зарурлиги таъкидланди.
Имом Бухорий халқаро илмий–тадқиқот маркази
Матбуот хизмати