Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Дин ишлари бўйича қўмитанинг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси ва Самарқанд давлат университети вакилларидан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари 6 октябрь куни Каттақўрғон туманидаги учта маҳаллада иш олиб борди.
“Нисбат” МФЙда ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда чегара билмас интернет орқали тарқатилаётган бузғунчи ғоялардан аҳолини, хусусан, ёшларни асраш учун уларда бу каби ёт иллатларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришнинг амалий усуллари баён этилиб, ўсиб келаётган авлоднинг маънавияти, диний ва дунёвий тафаккурини юксалтириш чоралари кўрсатиб ўтилди.
“Жумавой” МФЙдаги учрашувда шиддатли тус олаётган ахборот алмашуви таъсир доираси кенгайиб бораётган ғоявий-мафкуравий таҳдидларнинг олдини олиш, огоҳлик ва ҳушёрликни сақлаб қолишнинг ижтимоий зарурат сифатидаги долзарб аҳамияти алоҳида таъкидланди.
“Чиғатой” МФЙда ташкил этилган тадбирда фарзандларимизни Ватанимиз тақдири, келажаги учун дахлдорлик ва масъулият ҳисси асосида, ёт ғояларга қарши илм билан муносиб жавоб қайтара оладиган қилиб тарбиялаш, пировардида жамият ҳаётининг маънавий-маърифий асосларини янада мустаҳкамлаш учун оилада, маҳаллада қилиниши лозим бўлган ишлар тилга олинди.
Учрашувларда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва миллатлараро тотувлик каби бебаҳо неъматларни қадрлаш, омонлик ва фаровонлик учун шукрона туйғуси билан яшаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар таълимига жиддий эътибор қаратиш муҳимлиги қайд этилди.