Тарғибот гуруҳи аъзолари 5 октябрь куни Ургут туманидаги маънавий-маърифий тадбирларини давом эттирди. Маҳаллаларда “Имом Бухорий мероси – ёт ғояларга қарши” мавзусида ўтказилган учрашувларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, ёшларни ёт ғоялардан асрашга ҳаётий эҳтиёж ва азалий қадриятларимизнинг инсонпарварлик жиҳатларига аллома аждодларимиз илмий мероси нуқтаи назаридан алоҳида эътибор қаратилди.
“Сўфиён” МФЙдаги учрашувда ҳам дунёнинг кўплаб минтақаларини қамраб олган терроризм ва экстремизм билан боғлиқ муаммолар фаол муҳокама қилинди. Ёт оқимлар даъватлари нафақат умумэътироф этилган замонавий қонунлар, балки ислом дини асосларига ҳам зид экани таъкидланди.
“Хўжа гузар” МФЙда тарғибот гуруҳи аъзолари радикализмнинг турли кўринишларига қарши курашда барчага бирдек масъулият юкланиши ва мудом огоҳ бўлиш тўғрисида таъсирчан маърузалар қилди.
“Сойғўс” МФЙдаги тадбирда сўнгги пайтларда авж олаётган ахборот хуружлари келтириб чиқариши мумкин бўлган аянчли оқибатлар, жумладан, оят ва ҳадисларнинг нотўғри талқин этилиши, етарли маълумотга эга бўлмаган ёшлар маънавий онгининг бузилиши, турли эътиқод вакиллари ўртасида адоват уйғониши каби иллатлар кўрсатиб ўтилди. Тарғиботчилар ёшлар турли бузғунчи оқимлар домига илиниб қолмаслиги учун қўллаш лозим бўлган амалий чораларга тўхталди.
Барча тадбирларда миллий қадрият ва урф-одатларимизга ҳурмат, Ватанга садоқат, юрт тинчлиги, мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, диний бағрикенглик ва ёшлар турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олишга оид масалалар, шукроналик туйғулари ҳақида фикр юритилди.