Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиядаги Отатурк университети ректори Омер Чўмакли раҳбарлигидаги делегация ташриф буюрди.
Эрзурум шаҳрида жойлашган бу дорулфунун ўтган асрнинг 50-йилларида ташкил топган бўлиб, Туркиянинг нуфузли таълим даргоҳларидан бири ҳисобланади ва халқаро рейтинг бўйича энг яхши университетларнинг дастлабки 5 фоизи таркибига, мамлакатда эса етакчи олий таълим муассасалари 20лигига киради. Бугунги кунда у ерда 50 мингдан ортиқ талабага 3,5 мингдан зиёд профессор-ўқитувчи таълим беради. Университет 18 коллеж, 8 институт ва 30 тадқиқот марказига эга. Унинг 23 факультети орасида илоҳиёт фанига ихтисослаштирилгани ҳам мавжуд.
Ташриф доирасида Марказ билан мазкур университет ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид Англашув меморандуми имзоланди. Маросимда томонлар мазкур ҳуқуқий ҳужжат асосида ўрнатиладиган ҳамкорлик алоқалари икки илмий муассаса учун ҳам бирдек манфаатли бўлишини таъкидлади.
Меморандумда қўшма таълим ва илмий-тадқиқот, кадрлар ва илғор тадқиқотчилар малакасини ошириш, ўқув материаллари ва нашрлар алмашуви ва бошқалар ҳамкорликнинг умумий йўналишлари сирасига киритилган.