Аввал хабар қилинганидек, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Самарқанд вилоятида фаолият олиб бораётган иқтидорли имом-хатиблар иштирокида уларнинг касб маҳоратини такомиллаштиришга қаратилган малака ошириш ўқуви бўлиб ўтмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идораси ва Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир айни кунларда жадал паллага кирди. 36 соатлик дастурга мувофиқ, ўқув умумий, умумкасбий ва мутахассислик бўйича тайёргарлик йўналишлари бўйича модуллар асосида олиб бориляпти.
Малака ошириш дастурининг навбатдаги босқичида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари тингловчиларга “Дунёвий давлатда диннинг ижтимоий муносабатлардаги ўрни ва аҳамияти”, “Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш, радикализм ва экстремизмга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари”, “Мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолган шахсларни реабилитация қилиш усуллари (Ўзбекистон тажрибаси)”, “Экстремистик ва террорчи ташкилотларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардаги тарғиботининг ўзига хос хусусиятлари” мавзуларида маърузалар ўқиди.
Тингловчилар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази кутубхонаси фаолияти ва ундаги китоб жамғармаси билан танишиб, Музей экспонатларини катта қизиқиш билан кўздан кечирди.
Ўқувларнинг бугунги босқичи ниҳоясида имом-хатиблар Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди. Қуръон оятлари тиловат этилиб, дуо ўқилди.
Малака ошириш ўқуви давом этмоқда.