18 феврал куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази музейида диний-маърифий тадбирлар бўлими ташаббуси билан, Самарқанд вилояти Касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси тасарруфидаги Самарқанд агро-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари, 40 нафар ўқувчи ёшлари ҳамда Марказ илмий ходимлари иштирокида “Аждодларга муносиб авлод бўлайлик” мавзусида тадбир ташкил этилди. Тадбир илмий ходимлар ва ўқувчи ёшлар ўртасида савол-жавобларга бой, қизғин давра суҳбати тарзида бўлиб ўтди. Ўқувчилар томонидан берилган саволлардан, уларнинг аждодларимиз ҳаёти ва илмий меросига қизиққанлигини ва илмга бўлган меҳрини ҳис қилишимиз мумкин.
Тадбир асносида диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими Ж.Жумаев, ўқувчи ёшларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берди.
Шундан сўнг музей илмий ходими С.Эргашев ўқувчиларга бу ерда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар, ноёб экспонатлар, Марказ фаолияти ҳақида ахборот берувчи замонавий воситалар тўғрисида маълумотлар бериб, Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратлар буюк муҳаддис бобомизнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини ҳис этишга ундашини таъкидлади.
Ёш авлодни мана шундай маънавият ва маърифат масканларига саёҳатини уюштириб, долзарб мавзуларда давра суҳбатларини ташкил этиш, ўқувчи-ёшларимизни илмга бўлган меҳрини оширишга, улуғворликка, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва буюк боболаримиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундайди.
ИБХИТМ Матбуот хизмати