Home / МАҚОЛАЛАР / ЯХШИ ДАМ – МЕҲНАТГА ҲАМДАМ

ЯХШИ ДАМ – МЕҲНАТГА ҲАМДАМ

Кеча ва кундуз улуғ неъматлардир. Инсон кечаси ухлаб дам олади, кундузи тирикчилик қилади. Аллоҳ таоло айтади:

﴿وَجَعَلْنَا نَوْمَكُمْ سُبَاتًا﴾

Уйқунгизни (баданингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик.

﴿وَجَعَلْنَا اللَّيْلَ لِبَاسًا﴾

Кечани либос қилдик.

﴿وَجَعَلْنَا النَّهَارَ مَعَاشًا﴾

Кундузни эса, тирикчилик вақти қилдик[1].

Бошқа ояти каримада эса бундай дейди:

﴿وَهُوَ الَّذِي يَتَوَفَّاكُمْ بِاللَّيْلِ وَيَعْلَمُ مَا جَرَحْتُمْ بِالنَّهَارِ ثُمَّ يَبْعَثُكُمْ فِيهِ لِيُقْضَى أَجَلٌ مُسَمًّى ثُمَّ إِلَيْهِ مَرْجِعُككُمْ ثُمَّ يُنَبِّئُكُمْ بِمَا كُنْتُمْ تَعْمَلُونَ﴾

“У тунда сизларни “вафот эттирадиган” (ухлатиб, вақтинча руҳингизни оладиган), кундузи қилган ишларингизни биладиган Зотдир”[2].

          Уйқу инсоннинг руҳи, ақли, танасини тетиклаштиради. Уйқусизлик аксинча, ҳолсизлантиради, ҳатто ҳалокатга олиб боради. Кечаси яхши ухлаган кишининг эртаси унумли бўлади.

Қуйида ҳаётнинг учдан бир қисмини эгаллайдиган уйқу одобларини келтириб ўтамиз.

          Авваломбор, ухлашдан олдин дарвоза ва эшиклар беркитилганини текшириш лозим. Чироқларни ҳам ўчириш керак. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуёш ботаётганда, болаларингизни йиғиб олинг, чунки бу вақтда шайтонлар тарқалади. Кечадан бир соат ўтса, эшикларни ёпинг, чунки шайтонлар ёпилган жойга кирмайди, идишларнинг устини ёпинг, уйқуга ётар вақтингизда чироқларингизни  ўчириб қўйинг”, дедилар”[3].

Ухлашдан олдин таҳорат олиш ва дуо қилиб, ўнг ён билан ётиш фазилатлидир. Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ётоққа кирмоқчи бўлганингда, намозга қиладиган таҳоратингни қилиб ол. Сўнгра ўнг ёнинг билан ёт. Кейин: “Аллоҳумма асламту важҳий илайка ва фаввазту амрий илайка ва алжаъту зоҳрий илайка роғбатан ва роғбатан илайка, лаа малжаъа ва лаа манжаа минка илла илайка! Ааманту бикитабикаллазий анзалта ва бинабиййикаллазий арсалта!” Яъни, “Аллоҳим, Сендан умид қилган ва қўрққан ҳолда вужудимни Сенга таслим қилдим, ишимни Сенга топширдим, Сенга суяндим. Сендан қочишга ва нажот топишга ҳузурингдан бошқа жой йўқ. Аллоҳим, нозил қилган Китобингга ва юборган Набийингга иймон келтирдим”, дегин”[4].

Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тундаги ибодатлари ва ухлашлари ҳақида бундай хабар берган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн бир ракат намоз ўқир эдилар. У зотнинг тундаги нафл намози шу эди. У зот уларда бирингиз эллик оят ўқигудек вақтча сажда қилар эдилар. Бомдод намозидан олдин енгил икки ракат намоз ўқир, сўнгра ҳузурларига муаззин келгунича ўнг тарафларига ёнбошлаб ётар эдилар”[5].

Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан олдинги уйқуни ёқтирмас эдилар. Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хуфтондан олдинги уйқуни ва ундан кейинги суҳбатни ёқтирмасдилар”[6]. Чунки хуфтондан олдинги уйқу тунда уйқусизликка олиб боради. Ундан кейинги суҳбат эса бомдод намозига ухлаб қолиш хавфини келтириб чиқаради.

Зарарли ҳашоратлардан эҳтиёт бўлиш учун ухлаш жойини бир қараб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон бирингиз ётоққа кирмоқчи бўлса, уни кийимининг чети билан уч марта қоқиб ташласин. Чунки у ўзидан кейин у ерга нима тушиб қолганини билмайди. Сўнг: “Эй Раббим! Сенинг номинг билан бошимни қўйдим ва Сенинг номинг билан кўтараман. Агар жонимни тутиб қолсанг, унга раҳм этгин. Қўйиб юборадиган бўлсанг, уни солиҳларни муҳофаза қилган нарсанг ила сақлагин”, деб дуо қилар эдилар”[7].

Ухлаганда қоринни ерга қилиб ётмаслик керак. Тиббиёт мутахассислари ҳам бундан қайтаради. Чунки нафас олиш қийинлашиб, қон яхши айланмайди. Яъиш ибн Тихфа розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Отам айтиб берди: “Масжидда қорнимни ерга бериб ётган эдим. Бир киши мени оёқлари билан туртиб: “Бундай ётма, бу ётишни Аллоҳ таоло ёмон кўради”, деди”. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар”[8].

 Ухлаш одобининг яна бири ўнг қўлни юз тагига қўйиб ётишдир. Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Қачонки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунги ётоқларига борсалар, қўлларини юзларини тагига қўяр эдилар. Сўнгра: “Аллоҳим, исминг ила ўламан ва тириламан!” дердилар. Уйғонсалар эса: “Жонимизни қабз қилгандан кейин қайта тирилтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин. Қайта тирилтириш фақат Унинг Ўзидандир”[9] .

Шариатимизнинг тушлар ҳақидаги кўрсатмаси ушбудир: Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирортангиз ўзига ёқадиган туш кўрса, уни Аллоҳ таоло  марҳамат қилган бўлиб, бунинг учун дарҳол Раббига ҳамду сано айтсин ва кўрган тушини (яхши одамларга) сўзлаб берсин. Агар кўнгли хушламайдиган туш кўрса, демак, у шайтон томонидан бўлиб, унинг ёмонлигидан Аллоҳ таолодан паноҳ тиласин (яъни, “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм ва мин шарриҳ” десин) ва уни ҳеч кимга айтиб ўтирмасин. Шунда кўрган ёмон туши унга зарар келтира олмайди!” дедилар”[10].

Уйқудан уйғонганда тасбеҳ айтиш, таҳорат қилиш ва намоз ўқиш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларидир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиздан бирингиз уйқуда эканида шайтон гарданига учта тугун тугади ва ҳар бирига: “Сенда узун тун бор, шундай экан ухла!” дейди. У уйғонганда, Аллоҳни зикр қилса, битта тугун ечилади. Таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Намоз ўқиса, эса яна битта тугун ечилади. Шунда у ғайратли, тетик ва кўнгли равшан ҳолда тонг орттиради. Агар ундай қилмаса, кўнгли хира, дангаса ҳолда тонг орттиради”, дедилар” [11].

Динимиздаги ушбу кўрсатмалар инсоннинг яхши ухлаб, дам олишига хизмат қилади. Шу билан бирга, ажр-савобга эриштиради. Яхши дам олган киши соғлом бўлиб, кўзлаган мақсадига нисбатан осон етади. Халқимиз  хордиқни бежизга “Яхши дам – меҳнатга ҳамдам” деб эътироф этмаган. Аллоҳ таоло барчамизни ухлаш одобларига риоя этишга муяссар қилсин.

[1] Наба сураси, 9,10,11-оятлар.
[2] Анъом сураси, 60-оят.
[3] Имом Бухорий ривояти.
[4] Имом Бухорий ривояти.
[5] Имом Бухорий ривояти.
[6] Имом Бухорий ривояти.
[7] Имом Бухорий ривояти.
[8] Абу Довуд ривояти.
[9] Имом Бухорий ривояти.
[10] Имом Бухорий ривояти.
[11] Имом Бухорий ривояти.
Отабек БАХРИЕВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …