Home / МАҚОЛАЛАР / Имом Бухорий давридаги муҳаддислар ва фиқҳ илми

Имом Бухорий давридаги муҳаддислар ва фиқҳ илми

Фиқҳ илми ҳақида гапирар эканмиз, бу илм Имом Бухорий яшаган даврида ривожланганлигига тарихнинг ўзи гувоҳлик беради. Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва бошқа уламолар Имом Аҳмаднинг ҳадис илмидаги шогирдлари бўлишган. Лекин улар фақат ҳадис илмига кўпроқ эътибор бергани боис фиқҳда ҳанбалий мазҳабига эргашмасдан ўзларининг ижтиҳодларига суяниб иш кўришган.

Ўша вақтда Ислом диёрларида ҳадис ва асарлар ёзиш кўпайган эди. Нусхалар ёзиш шу даражага етгандики, ровийларнинг барчаси шу ишлар билан шуғулланишган.   

Бу борада илмни шу замонда Ҳижоз, Шом, Ироқ, Миср, Яман ва Хуросон шаҳарларидаги улуғ кишилардан ўрганган. Китобларни жамлашган, нусхаларни қидиришган, ғарибу-л-ҳадис яъни, маъноси одамларга бегона бўлган илм ва нодир ривоятларга эътибор қаратишган. Аввал ҳеч ким тўпламаган ҳадис ва далилларнинг муҳимларини тўплашган. Шундай қилиб ҳадис туруқларидан (ровийларнинг ривоят йўллари) уларга кўп нарса маълум бўлган. Ҳаттоки, уларнинг ҳузурида юздан зиёд ҳадисларнинг ривоят йўллари бўлган эди.

Баъзи очилмаган ҳадис туруқларини кашф қилиб, ҳар бир ҳадиснинг ғариблик ва ҳукм олиш жиҳатларини ўрганишган. Аввал фатво аҳлига маълум бўлмаган кўп ҳадислар уларга зоҳир бўлган. Ибн Ҳумом ҳикоя қилади: Шофиъий раҳимаҳуллоҳ Аҳмад раҳимаҳуллоҳга бундай дейди: “Сизлар саҳиҳ хабарларни биздан кўра яхши биласиз. Агар саҳиҳ хабар бўлса, менга ҳам билдириб қўйингки, уни куфалик ёки басралик ё шомлик эканини билиб бораман”. Бу саҳиҳ ҳадисларни ривоят қилган киши бир шаҳарга хос бўлиши, яъни шомликлардан, ироқликлардан ёки аҳли байтларга хос эканини билиш эътиборли бўлган. Бу хат-хабар етказувчининг “Абу Бурдадан, у Абу Мусодан” нусхаси каби бўлади. Бундай ҳадислардан фатво аҳли ғофил қолишган.

Уларнинг ҳузурида ҳар бир шаҳарнинг саҳоба ва тобиъин фақиҳларининг таъсири жам бўлган. Ундан олдин киши ўз шаҳри ва танийдиган биродарларидангина ҳадис тўплаши мумкин эди. Шунингдек, ҳадис ровийларининг исмларини, уларнинг адолат даражаларини билишга таяниб уларнинг аҳволларидан хабардор бўларди ва яқинларига эргашарди. Бу табақадаги кишилар ҳадисларни ёзиб қўйиш ва қидирув олиб бориш билан бу фан борасида мустақил йўл тутишга эътибор қаратишган. Ҳадиснинг ҳукмида соғломлиги ва бошқа жиҳатларида мунозара қилишган.  Суфён, Вакиъ ва уларга ўхшаган муҳаддислар қаттиқ ижтиҳод билан ҳадисларни ўрганишга интилишган. Шунинг учун Абу Довуд Сижистонийнинг Макка аҳлига йўллаган мактубида айтилганидек, улар фақат мингтадан кам бўлган ҳадис билишган[1].

Бир табақа кишилар қирқ минг ҳадисни ривоят қилишган. Бухорий уларни қисқартириб “Саҳиҳ”ини етти мингдан зиёд саҳиҳ ҳадисгача етказган.

Абу Довуд “Сунан”ини беш мингтага қисқартирган.

Имом Аҳмад “Муснад”ни бир мезонда қилганки, у орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тушунади. Унда бирор йўлни топадиган бўлса, унинг асли бор бўлгандир. Агар йўлни топа олмаса, унда асос бўлмаган бўлади. У табақадагиларнинг бошлиқлари Абдурраҳмон ибн Маҳдий, Яҳё ибн Саид Қаттон, Язид ибн Ҳорун, Абдурраззоқ, Абу Бакр ибн Абу Шайба, Мусаддад, Ҳаннод, Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳивайҳ, Фазл ибн Дукайн, Али Мадиний ва уларнинг тенгдошлари бўлган. Улар муҳаддис табақаларининг аввалги намуна нусхалари бўлишган. Ўша даврнинг буюк алломаси бўлган Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳадис илмининг уммони бўлган. У киши “Муснад” китобида келтирган қирқ минг ҳадиси шарифни етти юз эллик минг ҳадисни матнини ва уларнинг сон-саноқсиз ровийларини ўрганиб чиқиб танлаган. Ҳадис билан фиқҳ илми бир бирига чамбар-час боғлиқ илмлардир. Ўтган уламолар бу икки илмни баробарига пухта эгаллашга ҳаракат қилишган. Фақат ҳадисда катта муваффақиятга эришганлар ҳадис илми имомлари, фиқҳда кўпроқ шуҳрат топганлари фиқҳ имомлари бўлиб танилган.

Бухорий ва ўша замонда яшаган муҳаддислар ўз фаолиятларида ҳадислардан шаръий ҳукмларни олиб фиқҳ илми ривожига катта ҳисса қўшишган. Барча муҳаддислар фақиҳ бўлиб, уларнинг айримлари ҳадислардан шаръий ҳукмларни олишда бошқаларига қараганда устунроқ бўлишган.

Қ. Маҳмудов
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Фиқҳшунослик шўъбаси илмий ходими

[1] Валийуллоҳ Деҳлавий. Ҳужжатуллоҳи-л-болиға. Дору-л-кутуби-л-ҳадиса. –Қоҳира. –Б.312-313.

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …