Тўққизинчи дарс. Йиғинларда иштирок этиш ва гапириш одоби
Эй ўғлим! Одамлар олдидан ўтсанг, суннат бўлган ва ҳаммага маълум сўз билан салом бер. Яъни “Ассалому алайкум”. Пайдо бўлган янгича саломларни беришдан тийил. Одамларнинг мажлисига изн бўлсагина кир. Балки улар бошқалар иштирок этишини истамай бирор иш устида маслаҳат қилаётгандир. Таклиф қилингунингча уларнинг олдига киришдан тийил. Чунки чақирилмасдан кириш инсонларга малол келади. Гарчи у замонасининг билимдони бўлса ҳам.
Эй ўғлим! Ўзингдан қиёс ол. Мисол учун, уйингда ўзингдан бошқаси билмаслигини истаган ишни бажаряпсан. Тўсатдан бир киши олдингга кириб келса, ноқулайлик сезмайсанми? Унинг тезроқ кетишини истамайсанми? Одамларнинг мажлисига изнсиз, таклифсиз киришинг ҳам худди шундай.
Эй ўғлим! Бир жамоа билан ўтиришликка чақирилсанг ва сен уларнинг энг кичиги бўлсанг, улардан изн бўлмагунча ўтирма. Ўтирганингда эса ёнингдагиларга ноқулайлик туғдирма. Ёнингда ўтирганнинг жойидан туриб кетишига сабабчи бўлма. Сендан кўра муносиброқ одам бўла туриб тепа жойга ўтириб олма. Агар бирор жойда ўтирган бўлсанг-у, ўша ўринга ўтиришга ҳақли бўлган ёши катта киши кириб келса, айтилмасдан олдин жойни унга бўшат. Шунда ёнингдагилар олдида ҳурматинг ошади.
Эй ўғлим! Бирор жамоа ичида ўтирсанг, ижозат бермагунларича гапларига аралашма. Улар орасида гапиришга ҳақлиси бўла туриб сен гап бошлама. Гапирганда ҳам ростни сўзла. Гапни чўзмасдан аниқлик билан гапир. Одобга риоя қилиб, тилни ёмон сўздан тийган ҳолда, даврадагилар билан суҳбатга кириш. Йиғинда қаҳқаҳа отиб кулишдан эҳтиёт бўл. Чунки бу тарбиясиз, авом одамларнинг хулқидир. Ҳазил-мазахни камайтир. Агар у кўпайса, ҳурматинг пасаяди. Айрим инсонлар қалбида сенга нисбатан ғашликни пайдо қилиши мумкин.
Эй ўғлим! Мурувватли, иффатли, аҳли фазл кишилар билан бирга ўтир. Чақимчилик ва ғийбат мажлисларида вақтингни зое кетказма. Калтафаҳм, фосиқ, пасткаш ва разил инсонлардан йироқ бўл. Зеро ёмон хулқлар атрофдаги ҳамроҳларга кўчади, худди олов бошқа ўтинларга ўтганидек.