Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига меҳмонлар ташрифи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига меҳмонлар ташрифи

Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида, ёшлар тарбиясида беқиёс ўрин тутиши билан ўзига хос аҳамиятга эга.    

Ушбу Марказ илмий ходимлари мутафаккир алломаларимизнинг бебаҳо илмий-маънавий меросини ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш ҳамда мавжуд манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказишдек масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқотлар олиб борадилар.

Миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган марказ биноси фойесига киришингиз билан сизда ёрқин таассуротлар пайдо бўлади. Фойеда қурилган улкан гумбаз ва унинг ички томонига ёзилган Қуръони карим оятлари, марказ мазмун-моҳиятини тўлалигича ифода қилиб, маърифат масканига ташриф бюрганингизни қалбдан ҳис этасиз. Марказда ташкил этилган музейни тамоша қилган киши эса ўзини руҳан енгил ҳис этиб, мавжуд манбалардан маънавий озуқа олади. Музей деворларига ишланган суратларда акс эттирилган манзаралар буюк муҳаддис бобомизнинг ақл-заковати, чексиз қобилиятини намоён этиб, беихтиёр қалбда фахр ва ғурур туйғуларини жўш урдиради.

Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ишлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак эътибор билан таъкидланмоқда.

 7-8 феврал кунлари Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Халқаро Ислом академияси ҳузуридаги “Ziyo mediya” маркази ижодий гуруҳи аъзолари Марказ ва ҳадис илми мактабининг фаолиятини ёритиш мақсадида ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Марказ директори Ш.Ю.Зиёдов кутиб олди.

Диний-маърифий тадбирлар бўлими илмий ходими Ж.Жумаев дастлаб меҳмонларни Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан таништириб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берилди.

Меҳмонлар Марказда ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф, калом илмининг буюк номоёндалари бўлган улуғ аждодларимизнинг бой меросини алоҳида-алоҳида ўрганиш ҳамда илмнинг шу йўналишлари бўйича илмий ходимлар ва малакали мутахассисларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятларга юқори баҳо бериб, тасвирга олиш ишларини бошлаб юборди.  

Шундан сўнг меҳмонлар Музейда сақланаётган нодир қўлёзма асарлар, ноёб экспонатларни томоша қилдилар ва тасвирга олиш жараёнини давом эттирдилар.

Марказ маъмурияти ташриф ва ташаббускорлиги учун Халқаро Ислом академияси ҳузуридаги “Ziyo mediya” маркази ижодкорларига ўз миннатдорчилигини билдирди.

ИБХИТМ матбуот хизмати

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …