Home / ЯНГИЛИКЛАР / МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ХУРСАНДЧИЛИК АЙЁМИ

МЕҲР-ОҚИБАТ ВА ХУРСАНДЧИЛИК АЙЁМИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Жонажон халқимизни меҳр-оқибат ва хурсандчилик айёми бўлган Қурбон ҳайити билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши ва ўз номимдан чин қалбдан самимий муборакбод этаман. Аллоҳ таоло бу қутлуғ кунларни бутун ислом олами, хусусан, юртимиз учун баракотли қилсин. Бундай байрамларни тинчлик-омонликда, сиҳат-саломатликда нишонлашни Ўзи насиб этсин.

Шундай дамларда Ҳақ таолога шукроналар айтиб, диёримизга қут-барака, халқимизга фаровонлик, фарзандларимизга баркамоллик сўраймиз. 

Аллоҳ таоло ислом дини ила бандаларини сийлаб, мукаррам этар экан, улар учун энг улуғ бўлган кунларни байрам қилиб берди. Мўътабар манбаларда ушбу саодатли онларда хурсандчилик қилиш ҳақида кўп тавсиялар келган. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қурбонлик кунини байрам қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун хос байрам қилиб берди», дедилар. 

Қурбон ҳайити кунида хурсандчилик қилишга Парвардигори оламнинг Ўзи амр қилмоқда. Бу улуғ кунни биз, умматларга хос байрам қилиб бергани унинг улкан аҳамиятидан даракдир. 

Ҳижрий зулҳижжа ойининг 10-кунида Қурбон ҳайити нишонланади. 

Имом Нисобурий таъбири билан айтганда, Аллоҳ таоло ушбу кунларни нечоғлиқ шарафли ва улуғ қилган эканки, унда икки дунё манфаати мужассам бўлган. 

Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда эса «Аллоҳ учун ибодат қилишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ экани, унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенг» экани алоҳида таъкидланган.

Аллоҳга шукрки, охирги йилларда барча соҳалар қатори диний жабҳада ҳам мисли кўрилмаган янгиланишлар амалга оширилди. Айниқса, илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилиб, Фатво маркази ташкил қилинди ва масжид-мадрасалар очилди. Шунингдек, Қуръон курслари таъсис этилди, қадамжолар обод бўлди, қолаверса, ҳаж-умра қилувчилар сони кескин ошди. Буларнинг барча-барчаси бошланган ислоҳотларнинг яққол натижасидир.

Бугунги таҳликали дунёда халқимиз, айниқса, ёшларга ислом дини моҳиятини тўғри тушунтириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Шу боис, юртимизда ижтимоий-маънавий муҳитни, диний таълим сифатини янада яхшилаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 

Аллоҳ насиб этса, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам магистратура ва докторантура йўналишида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Юртимизда етук уламолар иштирокида ҳар икки йилда халқаро илмий-амалий анжуманлар ўтказилади. 

Дунёдаги нуфузли ислом ташкилотлари аъзоси бўлаётган уламолар сафи ҳам кенгайиб бормоқда. Бу диний-маърифий ислоҳотларнинг халқаро эътирофи, халқимизнинг ислом дини ривожига қўшаётган ҳиссасига берилган юксак баҳодир.

Қувонч билан айтишимиз керакки, айни кунларда юртимиз тарихида илк марта 15 минг нафар ҳожиларимиз Маккаи мукаррама, Арафот ва Мино каби муқаддас жойларда жонажон халқимиз ҳақига хайрли дуолар қилмоқда. Мана шундай дуолар шарофати билан юртимиз янада равнақ топаверади. Мен бунга қатъий ишонаман. 

Ҳайит байрамлари қадимдан ўлкамизда халқимизга хос меҳр-мурувват ва саховат ифодаси бўлиб келган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло каломида шундай баён қилади: «…кимки Аллоҳнинг шиорлари (қурбонликлар)ни улуғ деб билса, бас, албатта, бу дилларнинг тақвосидандир» (Ҳаж сураси, 32-оят).

Шунингдек, бу муборак кунлар динимизнинг улуғ шиорларидан ҳисобланади. Улуғ алломаларимиз «Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидан» эканини зикр қилганлар. Демак, Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим. 

Ушбу айём кунлари қилинадиган афзал амаллар ҳақида гап кетганда, бу кунларда энг улуғ ибодат, шубҳасиз, қурбонлик қилишдир. Имом Дайламий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Қурбонликларингизни каттароқ қилинглар, чунки улар Сирот кўпригида сизларга улов бўлади», деб марҳамат қиладилар. 

Қурбонлик ибодат бўлиши билан бирга, унинг ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёс. Унда қилинадиган қурбонликлар жамиятда кишилар ўртасида инсоний фазилатларнинг ривож топишига хизмат қилувчи воситадир. Чунки қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳсон қилиш қалбларни юмшатиб, меҳр-муҳаббат ришталарини янада мустаҳкамлайди. 

Тонгда мўмин-мусулмонларимиз диёримиздаги жоме масжидларда ҳайит намозини адо этадилар.

Ҳайит айёмида ота-она, аҳли оила, ёру дўстлар ва беморларни зиёрат қилиб, кўнгилларини кўтарадилар. Фарзанду аржумандлар ва меҳрга ташна кишиларга ҳадялар бериб, шодлик улашадилар. 

Аллоҳнинг раҳмати ёғилиб турган ушбу фазилатли кунларда қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Она Ватанимиз тинч-осойишта, хонадонларимиз файзу баракали ва фарзандларимиз бахтли-саодатли бўлсин! 

Ҳақ таоло кексаларимизга узоқ умр, ёшларимизга илму маърифат ва беморларимизга шифои комил берсин! 

Азиз юртдошлар, Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

Шайх Нуриддин домла ХОЛИҚНАЗАРОВ, 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2023 йил 28 июнь, №127(916)

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …