Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ айтганлар: «Ҳошид ибн Исмоил ва яна бир кишининг: “Абу Абдуллоҳ Бухорий йигитлик чоғлари биз билан бирга Басра шайхларининг дарсларига қатнардилар. Бир неча кун ўтса-да, бирор нарса ёзмадилар. У кишидан: “Сен биз билан қатнайсану, лекин ҳеч нарса ёзмайсан, нима қиласан ўзи?” деб сўрардик. Орадан ўн олти кун ўтгач, бизга: “Сизлар бу саволни менга бир неча марта бердингизлар. Нима қилишим ҳақида кўп сўрадингизлар. Ёзганларингизни менга кўрсатингизлар-чи”, – дедилар. Биз ёзганларимизни у кишига узатдик. Ёзган ҳадисларимиз ўн беш мингдан ортиқ бўлган экан. У киши шунча ҳадисни ёддан айтиб бердилар. Ҳатто биз у кишидан хатоларимизни тузатиб олдик. Сўнгра: “Сизлар мени вақтини бекорга ўтказиб, бориб-келяпти деб ўйлаяпсизларми?!” – дедилар. Ўшанда у кишига ҳеч ким тенглаша олмаслигини билганмиз”, – деганларини эшитдим».
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ айтганлар: «Ҳошид ибн Исмоил ва яна бир кишининг: “Басралик маърифат аҳли ёшгина Бухорийнинг ортларидан ҳадис ёзиб олмоқлик учун чопишарди. Ҳатто илтимос қилиб ҳол-жонларига қўйишмасди. Минглаб одамлар у кишини йўлларда ўтирғизиб, у киши ривоят қилган ҳадисларни ёзиб олишарди. Ўшанда Муҳаммад юзларига ҳали тук чиқмаган ёш йигит эдилар”, – деганларини эшитдим».
Манба: “Машҳур даҳолар сийрати” (Сияру аъламин нубало) китобидан