Home / МАҚОЛАЛАР / ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ОЁҚЛАРИНИ КЎТАРАЁТГАН ЖОЙГА (ИЗЛАРИГА) БУХОРИЙ ОЁҚЛАРИНИ ҚЎЯРДИЛАР…

ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ ОЁҚЛАРИНИ КЎТАРАЁТГАН ЖОЙГА (ИЗЛАРИГА) БУХОРИЙ ОЁҚЛАРИНИ ҚЎЯРДИЛАР…

   Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Нажм ибн Фузайлнинг: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни тушимда кўрдим. У зот гўё юриб кетаётгандилар. Муҳаммад ибн Исмоил у кишининг ортларидан бораётган эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқларини кўтараётган жойга (изларига) Бухорий оёқларини қўярдилар”, – деганларини эшитдим». 

   Муҳаммад ибн Абу Ҳотим айтганлар: «Имом Бухорийнинг: “Ёши улуғ бир киши Дохилийнинг дарсларида биз билан юрарди. Менга айтилган саҳиҳ ҳадисларни ва у ҳақда айтилган сўзларни у кишига бориб айтардим. У киши бир куни менга: “Эй Абу Абдуллоҳ, Абу Жоддаги раисимизнинг айтишларича, сиз хотирани мустаҳкам қилиш учун “балозур” деган дорини ичар экансиз”, – дедилар. Бир куни ўша шайх билан ёлғиз қолганимда: “Хотирани кучайтирадиган ўша дори бормикан ўзи?” – деб сўрадим. У киши менга юзланиб: “Билмайман. Мен ёдлаш учун кишига илмга чанқоқлик ва бардавом такрордан кўра фойдалироқ нарсани билмайман”, – дедилар”, – деганларини эшитдим».

   Бухорий айтганлар: “Найсобурда муқим бўлган пайтимда Бухородан яқинларимдан салом мактублари келиб турар эди. Мен ҳам уларга салом йўллаб хат ёзардим. Салом юборишда айрим қариндошларимнинг исмларини унутиб қўйган бўлсам-да, ҳадис илмининг заррачаси ҳам хотирамдан кетгани йўқ эди. Ҳадис ёзишим уларга мактуб ёзишим каби эмасди. Ҳадисни бир кишидан ёзсам, тушунадиган кишидан унинг исмини, кунясини, насабини, ҳадис олиш вазиятини сўрардим. Мабодо сўраётган кишим тушунмайдиган одам бўлса (яъни тушунчасида заифлик бўлса), албатта, ҳадиснинг аслини ва нусхасини сўраб-суриштириб кейин ёзардим. Аммо бошқалар нима ёзганларига ва қандай ёзганларига у қадар эътибор қилишмасди”. 

   Аббос Дуврий айтганлар: «Муҳаммад ибн Исмоил каби чиройли ҳадис талаб қилган кишини кўрмадим. Ҳадиснинг аслими ёки қўшимчасими – ҳаммасини икир-чикиригача  илғаб олардилар. Бир куни бизга: “Менинг сўзларимдан бирортасини ташламанглар, ҳаммасини ёзинглар”, – дедилар.

Манба: “Машҳур даҳолар сийрати” (Сияру аъламин нубало) китобидан

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …