Тарихдан маълумки, буюк муҳаддисларимизга таъна қилувчи, ҳадис ва суннатга нисбатан оммада шубҳа уйғотувчи тоифалар турли даврда турли номлар билан ўз имзоларини қўйишга иштиёқманд бўлган. Уларнинг аксарияти, асосан, Имом Бухорий ва “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асарига нисбатан ғаразли ҳаракатда бўлгани ва бугунги кунда ҳам мазкур иллат дунёнинг турли бурчакларида кўриниш бераётгани ҳеч кимга сир эмас.
Гап шундаки, халқ орасида “Саҳиҳи Бухорий” номи билан танилган “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари баъзида танқидлар нишонига айланади. “Саҳиҳ”га носаҳиҳ қарашларнинг айримлари хориждан бошпана топиб, ҳомийлари қўлидан еган нон-тузини оқлашга уринаётган баъзи бир имони заифлар тилидан айтилаётган бўлса, яна айримлари орамизда туриб, уларнинг фикрига қўшилаётган кимсалар тилидан янграмоқда.
Мақсад нима? Мақсад мусулмонларда “Саҳиҳи Бухорий”га нисбатан ишончсизлик уйғотишдир.
Биз Имом Бухорий ва унинг асарини танқид остига олувчилар исломга ўз тамойиллари (бузғунчи!) асосида қараётганини уқтирган ҳолда кўрсатилаётган важлардан бирини ўрганиб чиқишга, ҳақиқат аслида қандай эканини кўрсатиб беришга ҳаракат қиламиз.
Аввало, бу даъво, яъни ҳадислар орасида аёл шаънини камситадиганлари ҳам борлиги даъвоси санад ёки лафздаги айрим тафовутлар билан такрорланиб келган бир неча ҳадисга асосланган. Масалан, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй аёллар жамоаси! Садақа қилинглар, чунки мен дўзах аҳлининг кўпчилиги сизлар эканингизни кўрдим”, дедилар. Шунда аёллар: “Эй Аллоҳнинг Расули, нимага шундай?” дейишди. У зот алайҳиссалом: “Лаънатни кўп ишлатасизлар, эрларингизга ношукрлик қиласизлар”, дедилар” ҳадиси шулар жумласидандир.
“Саҳиҳи Бухорий”да аёлларнинг шаъни ва ишларига тегишли юзлаб ҳадислар келган. Шулардан бири “Бир аёл мушук сабабли дўзахда азобланди. У мушукни қамаб қўйган эди. Шу сабабли жаҳаннамга кирди. Қамаб қўйганига яраша таом ҳам, ичимлик ҳам бермади ёки ер юзида ризқини топиб ейишга ҳам қўймади” ҳадисидир. Ақл соҳиби борки, шу ишни эркак киши қилган тақдирда ҳам оқибати айнан ўша аёлникидек бўлишига шубҳа қилмайди. Демак, бу “Саҳиҳи Бухорий”даги ҳадисларда аёллар шаъни камситилган, деб даъво қилишга сабаб бўла олмайди. Шунингдек, бу каби ҳадисларнинг аксарияти шаръий ҳукмни баён қилиш ёки панд-насиҳат бериш, тўғри йўлга йўналтириш маъносида келганки, уларда мақтов ҳам, таъна қилиш ҳам йўқ.
Имом Бухорий бошқа саҳиҳ тўпламлардаги аёллар ҳақида гап кетган ҳадисларнинг айримларини саҳиҳга чиқармаган.
Мутафаккир бобомиз ўзининг “Саҳиҳ”ида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан замондош бўлган, у зотнинг даъватларидан таъсирланган аёлларни намуна сифатида тилга олиб ўтган. Ўша давр аёлларига Пайғамбар алайҳиссаломнинг муносабати қандай бўлганини ёритиб берувчи ҳадислардан айримларини келтириб ўтамиз.
Ойша розияллоҳу анҳо ғазотларнинг бирида Пайғамбар алайҳиссалом ёнларида эди. У синглиси Асмонинг мунчоғини ҳам ўзи билан олиб юрганди. Ойша розияллоҳу анҳо ўша мунчоқни йўқотиб қўйди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, у зотга қўшилиб одамлар ҳам мунчоқни излашга тушишди. Ҳатто баъзилар Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг олдига бориб: “Ойша нима иш қилганини кўрмайсизми? Расулуллоҳ ва одамларни сувсиз қолдирди”, дедилар. Шунда у Ойша розияллоҳу анҳонинг олдига бориб, қизини койиди ва қўли билан унинг биқинига оғритадиган қилиб ниқтай бошлади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошлари Ойша розияллоҳу анҳонинг тиззалари устида бўлгани учун ўрнидан туриб кета олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан турдилар. Тонг ёришиб қолган, аммо сув йўқ эди. Шунда таяммум қилиш ҳақидаги оят нозил бўлди. Усайд ибн Ҳузайр Ойша розияллоҳу анҳога: “Аллоҳ Сизни муносиб тақдирласин. Аллоҳга қасамки, сизга сизни хафа қиладиган бирор ташвиш тушса, албатта, Аллоҳ ўша ишни мусулмонлар учун яхшилик қилиб қўяди”, деди.
Бу ҳадисдан аниқ кўриниб турибдики, эркак саҳобалар Ойша розияллоҳу анҳо мунчоқ учун қаттиқ қайғуга тушиб қолганини арзимас иш деб санаган, уни деб қўшинни йўлдан олиб қолиш тўғри эмас, деб билган. Лекин мунчоқ Ойша розияллоҳу анҳонинг мулки эмасди. Шунинг учун бировнинг молини йўқотиб қўйишдан қаттиқ ташвишга тушиб қолган эди. Аллоҳ таоло уни мана шу иши учун икки марта мукофотлади. Биринчиси, у мунчоқни туянинг тезаги тагидан топиб олди. Иккинчиси, сув топа олмаганлар ёки узрли кишилар учун таяммум қилишга рухсат берилишига сабаб бўлди (Имом Бухорий ривояти, 327-ҳадис).
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир юришда бирга эдик. У зот мени ўз олдиларидаги маркабга қўйдилар. Жуда ҳам қаттиқ чанқадик. Юриб бораётсак, бир аёл икки кўзанинг орасида оёғини осилтириб ўтирибди. Биз унга: “Сув қаерда?” дедик. “Сув йўқ”, деди у. “Сенинг аҳлинг билан сувнинг ораси қанча?” дедик. “Бир кечаю бир кундуз”, деди у. “Юр, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига!” дедик. “Расулуллоҳ нима?” деди у. Биз уни ҳоли жонига қўймай, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаршиларига олиб бордик. У бизга айтган гапларини У зотга ҳам айтди. Фақат У зотга етим болалари борлигини ҳам айтди. Бас, У зот унинг икки кўзасини олиб келишга амр қилдилар ва қўллари ила уларнинг оғзини силадилар. Биз қирқ нафар чанқоқ киши ундан ичиб сероб бўлдик. Ўзимизнинг барча кўза ва мешкобларимизни тўлғазиб олдик. Туялар сувга тўйганидан ёрилиб кетай деди. Сўнгра У зот: “Ўзингизда бор нарсаларни келтиринглар”, дедилар. Биз у аёлга ўзимиздаги нон бурдалари ва хурмоларни йиғиб бердик. У ўз аҳлига бориб: “Мен одамларнинг энг сеҳргарига ёки улар даъво қилаётганидек Пайғамбарга учрадим”, деди. Аллоҳ ўша аёл сабабли у кўчманчиларни ҳидоят қилди. У ҳам мусулмон бўлди. Улар ҳам мусулмон бўлдилар” (Имом Бухорий ривояти, 337-ҳадис).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аёл: “Эй Расулуллоҳ, Сиз ўтиришингиз учун минбар ясатиб берайми? Чунки менинг дурадгор қулим бор”, деди. У зот: “Агар хоҳласанг, минбар қилиб бер”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти, 437-ҳадис).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, эркаклар ҳадисингизни илиб кетди. Аллоҳ Сизга билдирган нарсалардан бизларга ҳам таълим беришингиз учун ўзингиз бир кунни тайин қилсангиз”, деди. У зот: “Фалон куни фалон жойда тўпланинг”, дедилар. Ўша куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдига келиб, Аллоҳ билдирган нарсалардан уларга таълим бердилар… “ (Имом Бухорий ривояти, 6880-ҳадис).
Хулоса шуки, айрим нопок кимсаларнинг “Саҳиҳи Бухорий”да аёллар шаъни камситилгани ҳақидаги даъвоси асоссиз. Чунки аёлларга тегишли мазкур ҳадислар атайлаб бузиб, нотўғри талқин этилган. Зеро, Имом Бухорий ривоят қилган мазкур ҳадислар ҳар хил лафзлар билан бошқа саҳиҳ тўпламларда ҳам келган. Аммо бу кимсалар айнан “Саҳиҳи Бухорий”ни нишонга олган, чунки у мусулмонлар ҳеч бир иккиланишсиз қабул қиладиган, ишончлилик борасида Қуръони каримдан кейинги ўринда турадиган мўътабар манбадир.