Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендия совриндорлари, юртимиз ва хориждаги олий таълим ва илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Германия, Туркия, Австриядан олимлар иштирок этди.
Семинарда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети Археология кафедраси доценти Бобир Аминовнинг “Ўзбекистон ҳудудидаги эпиграфик ёдгорликлар: тарихий тадқиқот ва музейлаштириш муаммолари” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Олим юртимизда кейинги пайтларда маданий меросга алоқадор турли ёдгорликлар, тарихий ашёларни асраб-авайлаш, уларни музейлар, фондлар каби ёпиқ биноларда сақлашга эътибор қаратила бошлагани, археологик тадқиқотлар ўтказиш, архив материалларини излаб топиш, йиғиш ва ўрганиш учун кенг имконият яратилаётганини эътироф этди.
Б.Аминов айни пайтда эпиграфик ёдгорликларни ўрганиш борасида учраётган муаммолар ва соҳа олдида турган вазифаларга кенг ўрин ажратди. Жумладан, айрим биноларнинг археологик қазишмалар натижасида топилган битикларини тиклаш жараёнида сўз ва жумлалар ўрни алмашиб қолиш ҳолати учраб туришини қайд этди. Масалан, Бухородаги Чашмаи Аюб, Шаҳрисабздаги Кўк Гумбаз масжидлари деворларидаги мозаик битиклар матнлари шу тариқа бузилган. Бухородаги Сайфиддин Бохарзий мажмуаси ҳудудидаги Буёнқулихон мақбараси пештоқидаги табиат таъсирлари натижасида нураб кетган тарихий битик эса тикланмай қолмоқда. Тиклаш ишларини эски фотосуратлар асосида моҳир реставраторлар иштирокида амалга ошириш мумкин.
Тадқиқотчи эпиграфикада муҳим ўринга эга қабртош битикларига ҳам алоҳида тўхталди. Чунки қабртошлар меъморий биноларга нисбатан мустаҳкам бўлиб, уларда ёзувлар яхшироқ сақланади ва тарихий қиймати анча юқори бўлади.
– Тошбитикларни асрашга эътибор қаратилса ҳам яхши бўларди. Уларда манбаларда исмлари ҳар доим ҳам учрамайдиган тарихий шахслар, уларнинг эпитетлари, куняси, нисбаси, лақаби, таваллуд ва вафот саналари ҳақида қимматли маълумотларни топиш мумкин, – деди олим.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон ҳудудидаги турли тарихий мажмуалар, қабристонлар, умуман, зиёрат объектларида меъморий иншоотлар ва қабртошларда сақланиб келаётган битиклар тарихий манба сифатида ўтмишимизнинг бизга номаълум жиҳатларини очиб бериб, тарих фанининг эпиграфика, манбашунослик, ономастика, хронология, исломшунослик каби тармоқлари учун муҳим материаллар тақдим этади.
Семинар қизғин савол-жавоблар билан давом этди.