Айни кунларда Марказ илмий ходимлари Бухоро вилоятида сафарда бўлиб, жойларда “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида тарғибот тадбирларини ташкил этиб келмоқда. Самимий суҳбат, эркин мулоҳаза ва қизғин савол-жавоблар тарзида ўтаётган анжуманларда аҳолининг фаол қатламини имкон қадар кенг жалб этишга эътибор қаратилиб, масаланинг моҳияти ҳаётий мисоллар орқали очиб берилмоқда.
Вобкент туманидаги “Қўқин” МФЙда ташкил этилган тадбирда илмий ходим Ж.Жумаев диннинг маданиятни ривожлантириш ва бунёдкорликка асос солиш каби мақсадлари ҳақида сўзлади, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берди.
Тумандаги “Халач” МФЙда тадбир ташкилотчилари дин инсонни жаҳолат зулматидан қутқариш, қалбига имон нури ва хотиржамлик бахш этиш учун хизмат қилишини таъкидлади. Бузғунчи кучлар даъватларига зид равишда диннинг одамлар онгини ислоҳ қилиш, ёшларни эзгулик руҳида тарбиялашдаги ижобий таъсири илмий асослаб берилди.
Жондор туманидаги “Пахтакор” МФЙда илмий ходим Ш.Умаров йиғилганларга барча динларда тинчлик Парвардигорнинг одамларга берган улкан неъмати саналишини қайд этди. Вайронкор ғоялар тарафдорларининг дин ниқоби остида тинчлик-осойишталикка, фаровон турмушимизга таҳдидлари қораланиб, барча йиғилганлар огоҳликка даъват этилди.
Шу тумандаги “Ойтуғди” МФЙ да маҳалла фаолларига юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, диний эътиқод ва виждон эркинлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ҳақида маълумотлар бериш билан бирга, ғаразли кучларнинг ғойибона хуружлари, бундан кўзлаган нопок мақсадлар, уларга қарши курашиш чоралари ҳақида сўз юритилди.
Илмий ходимлар С.Абдувоитов ва А.Мамадалиев Ғиждувон туманидаги “Армечан”, “Жовгари”, “Денов” МФЙларидаги учрашувларда исломнинг асл моҳиятига, инсонпарварлик ва тинчликсеварликка йўғрилган улуғвор ғояларига алоҳида тўхталиб, конфессиялараро ҳамжиҳатликни таъминлаш, диний экстремизмга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишлар хусусида сўзлади.
Тадбирларда йиғилганлар эътибори огоҳлик, фарзандлар тарбиясидаги масъуллик, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга қаратилиб, Марказ томонидан нашр этилган китоблар тақдимотлари ўтказилди.