Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / БУХОРОДАГИ ТАДБИРЛАР ВИЛОЯТ ТУМАНЛАРИГА КЎЧДИ

БУХОРОДАГИ ТАДБИРЛАР ВИЛОЯТ ТУМАНЛАРИГА КЎЧДИ

Аввал хабар қилганимиздек, Марказ илмий ходимлари айни кунларда Бухоро вилоятидаги олий таълим муассасалари ва маҳаллаларда “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида тарғибот тадбирларини ташкил этиб келмоқда.

Шундай анжуманлардан бири Когон туманидаги “Беклар” МФЙ ёшлари ва фаоллари билан ўтказилди. Унда илмий ходимлар Ш.Умаров ва С.Абдувоитов йиғилганларга мамлакатимизда виждон ва эътиқод эркинлигини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти ва самараси ҳақида маълумот берди. Учрашувда сўнгги пайтларда интернет орқали кузатилаётган турли ахборот таҳдидлари ва уларнинг салбий ижтимоий оқибатлари ҳам тилга олинди.

Бухоро туманидаги “Саховат” МФЙда маҳалла аҳлига ижтимоий тармоқларда урчиб бораётган турли даъволар ва улар ортида турган кимсаларнинг бузуқ нияти ҳақида тушунчалар берилди. Маърузачилар огоҳликка даъват этиб, фарзандларни бу каби хуружлардан кўпроқ билим бериш орқали асрашга чақирди.

Когондаги “Ўзбекистон” МФЙда ташкил этилган тадбирда илмий ходимлар Ж.Жумаев ва А.Мамадалиев йиғилганларни жаҳолатнинг ахборот асрида учраётган замонавий кўринишлари, динни ниқоб қилиб, манфур ниятларини амалга ошириш истагида бўлган ғаразли кучлардан огоҳ этди. Бундай хуружларга қарши фақат илм билан, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ягона йўл экани таъкидланди.

Бухоро туманидаги “Янгитурмуш” МФЙда ҳам учрашув ташкил этилиб, унда давлат ва дин муносабатлари, юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳот натижалари хусусида сўз борди. Динимизни нотўғри талқин қилиш, айниқса, ёшларни йўлдан оздириш йўлидаги айрим ҳатти-ҳаракатлар қаттиқ қораланди ва мафкуравий иммунитетни оширишнинг муҳим аҳамияти қайд этилди.

Тадбирларда асосий эътибор халқимизнинг азалий қадриятлари ва миллий менталитетимизга хос урф-одатлар асосида ўзликни асраш, диннинг эзгулик ва тинчликпарварлик ғояларига йўғрилган асл моҳиятини чуқурроқ англаш ва жаҳолатга қарши муносиб курашиш учун муттасил илм эгаллаш заруратига қаратилди.

Жойларда Марказ томонидан нашр этилган янги адабиётлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …