Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Марказ илмий ходимларининг Бухородаги талабалар билан учрашувлари

Марказ илмий ходимларининг Бухородаги талабалар билан учрашувлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходимлари Бухоро вилоятида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида кенг қамровли тарғибот тадбирларини бошлади.

“Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар”, “Ўзбекистон буюк алломалар юрти”, “Биз ёт ғоялар, ахборот хуружлари ва мафкуравий таҳдидларга қаршимиз” мавзуларида ўтказилаётган учрашувларда мамлакатимизда диний эътиқод ва виждон эркинлигини таъминлаш йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳияти, юртимиздан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий-маънавий мероси, устозга ҳурмат ва илм олиш фазилатлари, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик ҳамда ватанпарварлик туйғуларининг аҳамияти билан бирга, бугунги кунда кўз ўнгимизда содир бўлаётган иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар, турли мафкуравий тортишувлар кескин тус олаётган даврда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим эканига алоҳида урғу қаратилмоқда.

Хусусан, илмий ходимлар Ж.Жумаев ва А.Мамадалиев Бухоро Давлат университетида ўтказилган тадбирда ёшларга ахборот хуружларидан ҳимояланиш кўникмаларини шакллантириш юзасидан тавсиялар берди. Университет проректори А.Амонов буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш учун миллийлигимиз, қадим қадриятларимизни асраб-авайлаш ва динимизни пок сақлаш заруратини қайд қилиб, бу борада Марказ томонидан олиб борилаётган ишлар муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Мир Араб олий мадрасасида ўтказилган тадбирда илмий ходимлар Ш.Умаров ва С.Абдувоитов аҳоли, хусусан, ёшларни сўнгги пайтларда кўплаб учраётган ёт ғоя тажовузларидан сақлаш чоралари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириб, бу борада Марказда қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Мадраса ректори Ж.Элов бузғунчи кучларнинг ғоявий тажовузларига қарши маърифий курашни биргаликда олиб бориш яхши натижа беришини қайд этди.

Бухоро муҳандислик технологиялари институтидаги тадбирда илмий ходимлар иштирокчиларни айни пайтда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда кузатилаётган турли фирқалар ҳужумларидан огоҳ этиб, динимизнинг асл моҳияти тўғрисида ҳаётий мисол ва далиллар билан тушунтириш берди.

“Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг Бухоро табиий ресурсларини бошқариш институтида ташкил этилган тадбирда Марказ илмий ходимлари исломнинг асл моҳияти, аждодларимизнинг исломни пок сақлаш ва диний илмларни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳақида тарихий маълумотлар келтирди.

Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро Давлат тиббиёт институтидаги тадбир Маънавият ва маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда мамлакатимизда ёшлар ва уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор, ёш авлод билан тизимли ишлашнинг самаралари ҳақида сўз борди.

Барча тадбирларда иштирокчиларга Марказ фаолияти ва ютуқлари ҳақида маълумотлар берилиб, нашр этилган янги китоблар тақдимотлари ўтказилди.

Навбатдаги тарғибот тадбирларини вилоятнинг туманларида ташкил этиш режалаштирилган.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …