(Бир ҳадис шарҳи)
Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” тўпламида келган ҳадислар ҳаётнинг барча жабҳаларини қамраб олади. Шулардан бири одамлар орасида саломни ёйиш ҳақидаги ҳадисдир. Уламолар ушбу ҳадиси шарифни қандай шарҳлаганини ва унда баён этилган ижтимоий масалаларни ўрганамиз.
عن البراء بن عازب رضى الله عنهما قال: أمرنا النبى صلى الله عليه وسلم بسبع: بعيادة المريض واتِّباع الجنائز وتشميت العاطس ونصر الضعيف وعون المظلوم وإفشاء السلام وإبرار المقسم
Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизни етти нарсага буюрдилар. Улар: касални зиёрат қилиш, жанозага қатнашиш, акса урувчига “соғ бўлинг” деб жавоб қайтариш, заифга ёрдам бериш, мазлумга кўмакчи бўлиш, саломни ёйиш ва қасамининг устидан чиқиш”.
Одамлар орасида саломни ёйиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан биридир.
Имом Нававий бундай дейди: “Бошқаларга эшиттириб салом берилади. Агар эшиттирмасдан салом берса, суннат бажарилмайди. Бошқалар эшитадиган даражада овозини кўтариб салом бериш мустаҳаб. Агар эшитишидан шубҳа қилса, баланд овозда салом беради. Агар баъзилари уйғоқ ва баъзилари ухлаган жойга кирса, баланд овозда салом беришга ҳожат йўқ. “Саҳиҳи Муслим”да Миқдод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис бунинг суннат эканини исботлайди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси (бирор жойга) келсалар ухлаганни уйғотмайдиган ва уйғоқ одамга эшиттирадиган қилиб салом берардилар”.
Яна Имом Нававий бундай ривоят қилади: “Бир жамоанинг олдига борганда баъзиларини хослаб салом бериш макруҳ. Чунки саломнинг жорий этилишидан мақсад дўстликни ҳосил қилишдир. Айнан бир кишини хослаб салом бериш бошқаларнинг нафратини қўзғайди”. Саломни ёйишнинг фойдаларидан бири одамлар орасида муҳаббатни пайдо қилишдир.
Овоз чиқармасдан салом бериш мумкин эмас. Балки овоз чиқариб салом бериш лозим. Қўл ва бошқа аъзолар билан ишора қилиб қўйиш кифоя қилмайди.
Саломни эшиттиролмайдиган даражада узоқ бўлган кишига ишора билан салом бериш мумкин. Шунда ҳам саломни талаффуз қилади.
Савдо-сотиқ ва бошқа ишлар билан машғул бўлган кишига салом берилади. Одатда одамлар ҳамиша бирор иш билан машғул бўлади.
Ҳаммомдаги одамга салом берилмайди. Чунки у ер салом берадиган жой эмас.
Жума намозининг хутбаси ўқилаётганда салом берилмайди. Чунки хутбани эшитишга буюрилган. Агар кимдир салом берса, алик олиш вожиб эмас.
Қуръон қироат қилаётган кишига салом бермаса ҳам бўлади. Агар салом берса, ишора билан жавоб қайтариш кифоя қилади.
Баъзи ҳанафий уламолари бундай дейди: “Қироат қилиш, тасбеҳ айтиш учун ёки намозни кутиб масжидда ўтирган кишига салом берилмайди. Агар салом берса ҳам алик олиш вожиб эмас”. Шунингдек, айбланувчи қозига салом берса ҳам алик олиши вожиб эмас.
Бирор киши бўлмаган уйга кирган одамнинг салом бериши ҳам саломни ёйиш ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бас, қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)”(Нур сураси, 61-оят), деган.
Бирор киши бўлмаган уйга кирганда: “Бизга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига тинчлик бўлсин!”, деб айтиш мустаҳаб бўлади.
Зеро, салом бериш суннат, унга алик олиш эса вожибдир. Саломга алик олмайдиган кишига юмшоқлик билан: “Саломга алик олиш вожибдир. Зиммангдаги фарзни адо қилиш учун саломга алик олишинг керак”, деб тушунтирилади. Ваҳоланки, одамлар орасида саломни ёйиш динимиз кўрсатмаларидан ва халқимиз қадриятларидан бири ҳисобланади.