Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Туркиянинг Дижле университети ректори маслаҳатчиси проф. др. Эзели Азаркан ва мазкур илмий муассаса Бош илмий котиби проф. др. Али Каракаш ташриф буюрди.
Марказ директори Шовосил Зиёдов меҳмонларни музей ва кутубхона билан таништирди.
Ўтган йилнинг март ойида Туркиядаги нуфузли олий таълим масканларидан бири бўлган мазкур университет ректори др. Меҳмет Карокочнинг Марказга ташрифи чоғида икки илмий муассаса ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинган эди.
Дижле университети вакилларининг бу галги ташрифи чоғида аждодларимизнинг дунёвий илмларга оид меросини ўрганиш юзасидан ўзаро алоқа ўрнатиш масалалари бўйича фикр алмашилди. Пировард натижада ҳамкорликка оид Англашув меморандуми лойиҳасини тайёрлаш ва яқин фурсатда имзолаш юзасидан келишувга эришилди.
Ташриф якунида меҳмонларга Марказ томонидан нашрга тайёрланган адабиётлар тақдим этилди.