Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Археологик тадқиқотларни давом эттириш муҳимдир

Археологик тадқиқотларни давом эттириш муҳимдир

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Германиянинг Гамбург университети ҳузуридаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти ҳамкорлигида “Зарафшон воҳаси маданий бойликлари” туркумида навбатдаги онлайн семинар бўлиб ўтди. Унда Марказ илмий ходимлари, Имом Бухорий номидаги халқаро стипендиянинг туркиялик ва россиялик совриндорлари, мамлакатимиз ва хориждаги олий таълим ва илмий муассасалар тадқиқотчилари, шунингдек, Италия, Хитой, Покистон, Германия, Австрия ва Буюк Британиядан олимлар иштирок этди.

Семинарда Италиядаги Болонья университети тарих ва маданият факультетининг Ҳиндистон ва Марказий Осиё археологияси ва санъати тарихи кафедраси доценти проф. др. Симоне Мантеллини “Зарафшон водийсининг ўрта қисмида исломлашув” мавзусида маъруза қилди.

Олим Зарафшон водийсида араблар истилосидан олдинги ва кейинги даврларнинг археологик топилмалар воситасида аниқланган фарқли жиҳатлари, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётда юз берган ўзгаришлар борасида кўргазмали маълумотлар билан ўртоқлашди. Қишлоқ хўжалигидаги маданийлашув жараёнларининг бориши, жумладан, экин ва чорванинг шу даврлардан бизгача етиб келган турларига ҳам батафсил тўхталди.

Таъкидлаш лозимки, тадқиқотчи келтирган маълумотлар Самарқанддаги Кофир қалъа қадимий ёдгорлигидаги қазилма ишларида қўлга киритилган натижаларга асосланган. Ўтган йили Симоне Мантеллини бошчилигидаги гуруҳ қалъа ва Шаҳристоннинг илгари ўрганилмаган икки объектида археологик қазишмалар олиб борган. Ўзбекистон-Италия археологик лойиҳаси доирасида илмий ҳужжатлар асосида ўтказилган бу тадқиқотлар мазкур ҳудудда археология паркини яратишга йўналтирилган.

Кофир қалъа Буюк Ипак йўлининг ажралмас қисми бўлгани учун бу ҳудудда сайёҳлар учун марказ вазифасини ўтайдиган археология паркини барпо этиш ва тадқиқотларни давом эттириш муҳим аҳамиятга эга.

Иштирокчилар маърузага катта қизиқиш билдириб, барча саволларига батафсил жавоб олди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …