Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Жаҳолатга қарши – маърифат” ғояси асосида маърифий тадбир ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг янги китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Университет педагоглар жамоаси билан учрашувда Марказ илмий ходимлари ёшларнинг илмли ва маърифатли бўлишига жиддий эътибор қаратиш лозимлигидан келиб чиқиб, фарзандлар таълим-тарбияси борасида ўрта ва кекса авлод зиммасидаги ортиб бораётган масъулият ҳақида сўзлади. Токи ёшлар миллий ўзлигини, шу билан бирга, дунёни чуқурроқ англайдиган, замон билан ҳамнафас инсон бўлиб етишсин. Ана шундагина жоҳил ақидапарастларнинг аҳлоқ-одоб тушунчаларини рад этувчи даъватлари ва биз учун мутлақо бегона ғоялар уларга таъсир ўтказа олмайди.
Маърузачилар Марказ нашрга тайёрлаган диний ва дунёвий илмларга оид адабиётлар тақдимотини ўтказиб, илмий фаолиятда эришилган натижалар, уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берди.
Тадбир қатнашчилари мазкур илмий изланишлар ёшлар ва халқимиз учун бирдек манфаатли бўлиб, ўсиб келаётган авлоднинг илмли бўлиши, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик ва тотувлик каби қадриятлар руҳида тарбия топишига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирди.