Дунёда ижтимоий тинчликни қарор топтириш қонун устуворлигини англашни талаб қилади.
Сир эмаски, таълимнинг вазифаси одамларнинг саводини чиқариш ва ҳаётнинг кураш майдонига ижобий хислатлар билан кира оладиган авлодни тарбиялашдир. Зеро ҳар қандай жамиятда маънавий мезон моддийликдан устун қўйилган. Воқеликка таъсир ўтказиш ва унинг ҳукмронлигини мутлақ қўлга олиш учун тинчлик тушунчасини умумлаштириш керак. Яъни, тинчликни ҳамманинг мақсади, инсониятнинг биринчи талаби, жамиятнинг турли вакиллари ва барча динлар учун муштарак бўлган нарса деб эътиборга олиш зарур. Жамият орасида ўзаро меҳр-муҳаббат ва одоб-ахлоқни ёйиш керак. Чунки, фиқҳ ҳукмларини дин мақсадларидан ажратиш натижасида юзага келган салбий тушунча қарама-қарши фикрлар тарқалишига олиб келади.
Қоидаларга асосланган ҳолда умумий мақсадлардан келиб чиқиб, “тинчлик фиқҳи” масаласини шариат далиллари асосида кўриб чиқсак.
Биринчи қисм. Тинчлик мақсадини тушуниш сабаблари ва шаръий ҳукмни тушунишда унинг таъсири.
Ҳозирги вақтда ижтимоий тинчлик масаласи ҳақида гапириш ўзини тийиш каби осон иш ҳисобланади. Чунки бутун дунё тинчликка интилади, унинг фазилатлари ҳақида гапиради, унга даъват қилади. Лекин ҳақиқат тинчликдан узоқроқ ва урушга яқинроқ кўринади. Мана шу ачинарли ҳақиқат тинчлик муаммосини ҳал қилишга ва унинг айниқса, жамиятда йўқлигининг сабабларини излашга ундайди. Тинчликка эришишга одамлар ўртасидаги тафовут ҳам, манфаатлари ва ҳис-туйғуларининг турлича бўлиши ҳам, хоҳишларининг фарқланиши ҳам тўсқинлик қилмайди. Чунки бу тафовут ва фарқланишлар табиий ва фитрийдир. Тинч-тотув яшаш диннинг талабидир. Дин мутлақо фитрий мажбуриятларга зид эмас ва ҳеч қачон табиатан берилган нарсаларга мухолиф бўлмайди.
Шундай экан, мусулмонларнинг ҳолати ва шароитини ҳисобга олган ҳолда, унга ҳақиқий диний муолажа кўрсатилиши керак. Бу эса фақат диннинг асосларини чуқур, пухта тушуниш билангина даволанади. Эҳтимол, тинчлик фиқҳига олиб борувчи биринчи йўл атамаларни тушуниш ва у билан боғлиқ тушунчаларни идрок қилишдир.
Яккахудолик динларининг фазилатларни қарор топтириш борасидаги бирлиги муқаддас матнлар билан тасдиқланган ҳақиқатдир. Яҳудийлик ва насронийлик аниқ ва равшан матнларида Аллоҳга ширк келтирмаслик, ота-онага яхшилик қилиш, ўлчов ва тарозида ҳалоллик ва аҳдларни ҳурмат қилишга чақирган. Ўзга жонни ноҳақ ўлдириш, зино, етимнинг молини ейиш, исрофгарчилик, такаббурлик, мағрурланиш ва ёлғон гувоҳлик беришдан қайтарган. Муқобилида ислом фазилатли амаллар билан безаниш ва ёмонликлардан сақланишни талаб қилган. Миллий ва умумижтимоий хавфсизликка интилган. Исломдан олдин яҳудий ва насроний динлари ҳам худди шу мақсадни кўзлаган. Уларнинг муқаддас матнларида ижтимоий хавфсизликни тарғиб қилишга қаратилган бир хил буйруқ ва тақиқлар белгиланган.
Яҳудийларнинг “Чиқиш ва Қонунлар” китобида бундай келган: “Отангиз ва онангизни ҳурмат қил, токи Эганг Худо сенга берган юртда умринг узоқ бўлсин. Қотиллик, зино, ўғрилик қилма. Қариндошингга ёлғон гувоҳлик берма. Қариндошингнинг уйи ва аёлига кўз олайтирма. Унинг қулини, чўрисини, ҳўкизини, эшагини, унга тегишли бирон нарсани кўзлама”.
Насронийларнинг Инжили (“Матто ва Марк хушхабари”)да бундай дейилган: “Абадий ҳаётни қўлга киритиш учун нима қилиш керак, деб бир йигит Исо алайҳиссаломдан сўради? У зот: “Абадий ҳаётга киришни истасанг, васиятларга амал қил!” дедилар. У: “Қандай васиятлар?” деб сўради. У зот: “Жонни ўлдирма, зино, ўғрилик қилма, ёлғон гувоҳлик берма, ота-онангни ҳурмат қил ва қариндошингни ўзингдек яхши кўр”, дедилар”.
﴿ قُلْ تَعَالَوْا أَتْلُ مَا حَرَّمَ رَبُّكُمْ عَلَيْكُمْ أَلَّا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَلَا تَقْتُلُوا أَوْلَادَكُمْ مِنْ إِمْلَاقٍ نَحْنُ نَرْزُقُكُمْ وَإِيَّاهُمْ وَلَا تَقْرَبُوا الْفَوَاحِشَ مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَمَا بَطَنَ وَلَا تَقْتُلُوا النَّفْسَ الَّتِي حَرَّمَ اللَّهُ إِلَّا بِالْحَقِّ ذَلِكُمْ وَصَّيكُمْ بِهِ لَعَلَّكُمْ تَعْقِلُونَ ﴾
Қуръони каримда: “Айтинг: Keлинг, Pаббингиз cизлapгa ҳapoм қилгaн нapcaлapни тилoвaт қилиб бepaмaн: «Унгa ҳeч нapcaни шерик қилмaнг! Oтa-oнaнгизгa яxшилиĸ қилинг! Oчлиĸдaн қўpқиб, бoлaлapингизни ўлдиpмaнг. Биз cизлapни ҳaм, yлapни ҳaм pизқлaнтиpypмиз. Фaҳш-бyзyқ ишлapнинг oшĸopacигa ҳaм, мaxфийcигa ҳaм яқинлaшмaнг. Aллoҳ ҳapoм қилгaн жoнни ўлдиpмaнг. Maгap ҳaқ илa бўлca, мaйли. Ушбyлapни cизгa aмp қилдиĸĸи, шoяд aқл юpитcaнгиз”[1], деб айтилган.
Имом Бағавий айтади: “Аллоҳ таоло набийларнинг барчасини дин, дўстлик, бирликни барпо қилишга чақириб, бўлиниш ва ихтилофни тарк этишни буюрди”.
Шундай қилиб, яккахудолик динлари ўртасидаги пировард мақсад нуқтаи назаридан умумийлик инсоният жамиятини ташкил этиш ва жамоат хавфсизлигига эришиш эканлиги тасдиқланади. Мақсад одамларнинг осойишта, тинч ва хотиржам яшашидир. Бу мақсад йўлида зино, ёлғон гувоҳлик бериш ва бошқа шу каби жамиятда фитна қўзғатишга олиб келадиган ишлардан йироқ бўлиш зарурдир.
Диний нуқтаи назардан қараганда эътиқодда ҳам, хатти-ҳаракатларда ҳам тинчликни жорий қилиш учун ижтимоий хавфсизлик чораларини соддалаштириш керак.
﴿ يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا ادْخُلُوا فِي السِّلْمِ كَافَّةً وَلَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُبِينٌ ﴾
Аллоҳ таоло: “Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизларга очиқ душмандир”[2], деди.
Тинчлик неъмати инсоннинг дунёвий манфаатлари унинг устига барпо қилинадиган пойдеворлардан ҳисобланиб, улардан бири қўзғалса, манфаатлар кетиб, ўрнини бузғунчилик эгаллайди. Натижада инсонлар дунё саодати ва лаззатидан маҳрум бўлади. Бу саодат эса ижтимоий ва озуқавий хавфсизлик ва жисмоний соғлик ҳисобланади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ўз уйида тинч-омон, танаси соғ, кунига етарлик озуқаси бор ҳолида тонг оттирса, гўё унга дунё яхшиликлари берилгандек”[3], дедилар.
Барча яккахудолик динларида тинчликнинг аҳамияти очиқ-ойдин таъкидлангани ва умуминсоний қадрият ҳисобланишини инобатга олиб, тинчлик масалалари ва унинг муаммолари билан шуғулланиш ташвиши олимлар ва назариётчиларни ҳам ўйлантирса керак. Ҳатто ҳукмдор ва амалдорларнинг ҳам катта эътиборини тортган. Шунга кўра, мусулмон жамиятида тинчлик муаммоси ҳал қилинувчи масаладир. Шунинг учун юқори савияда илмий изланишлар олиб бориш ва унинг тадқиқотига профессионал университет олимлари томонидан мустаҳкам илмий усуллар ва мантиқий қоидалар билан мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу ишлар, унга алоқадор бўлганларни тойилишдан ва тадқиқот натижаларини мафкуравий кириб боришдан ҳимоя қилади.
Тинчлик муаммоси биринчи навбатда диний масала бўлгани учун уни фиқҳий томонлама ҳал қилиш керак. Зеро динлар учун фиқҳнинг зарурлиги, худди баданларга тиббиётнинг заруратидек.
Фазилатли Шайх Абдуллоҳ ибн Байя фақиҳларнинг тинчлик тўғрисида келган оят, ҳадислардан чиқариб олган ҳукмларига эргашиб: “Тинчлик – тортишув ва урушдан сақланиш, дўстлик ва муҳаббатга интилиш”, деган хулосага келган. Бу фиқҳий таъриф бўлиб иккита бир-бирини тўлдирувчи жиҳатга эга: биринчиси, тортишув ва урушни тақиқловчи буйруқ, иккинчиси, дўстлик ва муҳаббатга ҳамда уларни халқ орасида тарқатишдан иборат ғоявий мақсад.
Олимлар ижтимоий хавфсизликка таҳдид соладиган унсурлардан бир қанчасини санаб, бу ишнинг мутлақо нотўғри йўл эканини оят, ҳадислар билан ҳам исботлаб берган. Жумладан, моддий, маънавий ва фикрий зўравонликка далиллар келтирган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмон киши учун бошқа мусулмонни қўрқитиш ҳалол бўлмайди”[4], деб айтганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким мўмин биродарига қурол ўқталса, фаришталар уни лаънатлайди”[5], деганлар.
“Қисқа сўз билан бўлса ҳам мўминнинг ўлдирилишига ёрдам берган киши пешонасига “Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлган” деб ёзилган ҳолида Раббига йўлиқади”[6].
Юқорида зикр этилган ҳар бир далилни мулоҳаза қилганда, зўравонлик баъзан моддий бўлиб, қотиллик, уруш ва жанжални ўз ичига олади. Баъзан зўравонликка фикр ва режани тақдим қилиш орқали эришилади. Бу фитнага сабаб бўлади. Фитна эса ижтимоий тартибсизликлар ва хавфсизлик мувозанатининг бузилишига олиб келади. Муҳаммад Тоҳир ибн Ошур айтади: “Фитнанинг маъноси фикрларнинг бузилиши, ҳаракатларнинг нотўғри йўналтирилиши, одамлар қалбида эҳтиёткорлик ва ҳадик пайдо бўлишидир”.
Одамлар орасида дўстлик ришталарини боғлаш, меҳр-муҳаббатни ёйиш ижтимоий хавфсизликни барқарорлаштириш ва уни мустаҳкамлашга сабаб бўладиган унсурлар ҳисобланади. Умуман олганда, бу яккахудоликка эътиқод қилувчи барча динлар учун умумийдир. Лекин ҳаёт шуни кўрсатадики, ислом дини дўстлик ва биродарликни мусулмонларнинг ўзаро ва бошқалар ўртасидаги энг зарур бурчларидан бири қилиб қўйди. Бундан далолат берувчи оятлар жуда кўп. Жумладан,
﴿ إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ ﴾
Аллоҳ таоло: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд раҳм қилинсангиз”[7], деди.
Ислом қонунчилиги зўравонликни ҳаром қилиб, унинг юқорида зикр этилган ҳар бир тури учун хавфсизлик ва тинчликка таъсир қилиш даражасига кўра тегишли жазони тайинлади. Бироқ, бу интизомий жазо ўшандай қабоҳатларни ман қилиш, қотиллик ва безориликка чора қўллаш, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлиш ва Унинг лаънатига дучор бўлишдан тушириб юборгани йўқ.
Ислом шариатининг умумий ва олий мақсади жамиятни тартибга солишдир, хавфсизлик ва тинчлик эса бу мақсадга эришиш, унинг давомийлиги ва узлуксизлиги учун асосдир.
Ислом халқ, давлат ва жамиятга қарши чиқишни мутлақо қоралайди. Бу чиқиш ҳокимиятга интилиш ёки зўравонлик йўли билан ҳукмдорни ағдариш бўладими ёки жамоат хавфсизлигини бузиш, имомга бўйсунмаслик ва қонунга ҳурматсизлик қилиш орқалими бўладими фарқи йўқ. Ислом уни фиқҳий истилоҳда “исён” жинояти, шаръий истилоҳда “безорилик” жинояти деб номлади. Ислом жамоат хавфсизлигини бузиш жиноятларини ўзига хос тарзда муолажа қилди. Ижтимоий интизомни ўрнатди ва одамларни бирлаштириб, бирдамликка чақирди ҳамда фирқаланишдан қайтариб:
﴿وَاعْتَصِمُوا بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَلَا تَفَرَّقُوا﴾
“Ҳаммангиз Аллоҳнинг “арқони”ни (динни) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг”[8], деб буюрди.
Аллоҳ таоло самовий динларнинг мазмуни бир эканини баён қилганидан сўнг, инсоният жамиятида динни барпо қилишни шарт қилди.
﴿شَرَعَ لَكُمْ مِنَ الدِّينِ مَا وَصَّى بِهِ نُوحًا وَالَّذِي أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ وَمَا وَصَّيْنَا بِهِ إِبْرَاهِيمَ وَمُوسَى وَعِيسَى أَنْ أَقِيمُوا الدِّينَ وَلَا تَتَفَرَّقُوا فِيهِ كَبُرَ عَلَى الْمُشْرِكِينَ مَا تَدْعُوهُمْ إِلَيْهِ اللَّهُ يَجْتَبِي إِلَيْهِ مَنْ يَشَاءُ وَيَهْدِي إِلَيْهِ مَنْ يُنِيبُ ﴾
“(Аллоҳ) сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани – шариат қилди: “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!” (Эй Муҳаммад!) Мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (тавҳид) оғирлик қилди. Аллоҳ унга (динга) Ўзи хоҳлаган кишиларни танлар ва Унга инобат қиладиган кишиларни ҳидоят сари йўллар”[9]. Аллоҳ таоло бандалари орасидан мусулмон бўлганини “Раҳмоннинг бандалари”, деб васф қилиб:
﴿وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْنًا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَامًا﴾
“Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда камтарона юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир”[10].
Одамлар ўртасида тинчлик ва ҳимоя воситаларини йўлга қўйиш жамиятни бўлиниш, низо ва тарқоқликдан сақлайди. Шунинг учун Ислом фитна ва унинг сабабларидан қайтариб, ярашув, афв ва оқлаш ҳукмларини қўллашни ёқлайди.
﴿وَإِنْ طَائِفَتَانِ مِنَ الْمُؤْمِنِينَ اقْتَتَلُوا فَأَصْلِحُوا بَيْنَهُمَا﴾
Аллоҳ таоло: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!”[11] деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга рўза, намоз ва садақанинг савобидан яхшироқ нарса айтайми?” дедилар. Улар: “Ҳа”, деди. У зот: “Орани ислоҳ қилиш. Зеро, оранинг бузилиши қирувчидир. Мен, сочни қиради демаяпман, балки динни қиради”[12], дедилар.
Ислом доим тинчликка буюради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Aллоҳ таоло ҳеч қачон бундан олдин ҳаром қилган фитнани ҳалол қилмади. Сизлардан бирингиз биродарининг олдига келиб салом беради. Сўнгра яна унинг олдига келиб, уни ўлдиради, бу қандай иш?”[13] дедилар.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ислом дини буйруқ ва кўрсатмаларида ижтимоий ҳаёт ва инсонларнинг хавфсизлиги учун энг манфаатли қарорларни чиқарган. Юксак қадриятлар ҳурмат қилиш, одоб-ахлоқ тамойилларига риоя этиш ҳамда аҳоли орасида ижтимоий хавфсизликни таъминлашни ҳимоя қилиб, мустаҳкамлайди. Бу масалалар самовий динларнинг барчасида бир хил акс эттирилган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳамма пайғамбарларга инсонларни тинч-тотув, дўстлик, биродарлик, меҳр оқибат билан яшашга буюриб, ўзаро адоват, нафрат, зўравонлик, уруш каби разилликлардан қайтарган. Ақлли инсон ижтимоий хавфсизликка таҳдид соладиган омиллардан узоқ бўлиб, ҳар хил адашган тоифаларнинг ёлғонларига учмайди. Аксинча, мўътабар олимларнинг сўзларига қулоқ солиб жамиятга фойда келтириш ҳаракатида бўлади.
Ҳусан МИРЗОАҲМАДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими