Бугун юртимизда бардавом бўлиб турган тинчлик, оиламиздаги тўкин-сочинлик Аллоҳ таолонинг бизга берган чексиз неъматидир. Тинч–осуда ҳар бир кунда ўзгалар мушкулини аритиш, ўксик қалбларни шод этиш чин маънода улкан бир инсонийликдир.
Ислом фитратида камолга етган ҳар бир инсон ёрдамга муҳтож қатламга яхшилик қилиш ҳаракатида бўлади. Бу тоифани Ҳақ таоло ва барча инсонлар яхши кўради. Бироқ яна бир тоифа борки, ўзидан фақат ва фақат ёмон одат қолдиради, жамиятга зарар етказади.
“Сунани Доримий” асарида келган ҳадисга кўра, бу икки тоифа ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким (ўзидан) бирор яхши одат қолдирса, ундан кейин унга амал қилинса, унга амал қилган кишининг савобидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда унга ҳам шунча савоб ёзилади. Ким бирор ёмон одат қолдирса, уни қилган кишининг гуноҳидан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда унга ҳам шунча гуноҳ ёзилади”, дедилар.
Хўш, яхши одатлар деганда нималар тушунилади? Яхши одат – бирор муҳтожга ёрдам бериш, етимлар ҳолидан хабар олиш, ёши катта инсонларга кўмаклашиш ва ҳоказо. Яхшиликни оила мисолида олиб қарайдиган бўлсак, ота ўз фарзанди билан бемор қўшнисидан хабар олиши ҳам бир яхши одат ва эзгуликдир. Ҳовлига бир мевали дарахтни фарзанди билан бирга ўтқазса ёки беҳуда оқаётган сувнинг жўмрагини ёпишни ўргатса, бу ҳам яхшилик ва хайрли одатдир. Зеро, бировга зарра миқдорида қилинган яхшиликни ҳам Ҳақ таоло – бесамар кетказмайди. Балки унинг ўзига яраша ажр-мукофотини беради. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилган: “Ва эзгу иш қилингиз, шояд нажот топсангиз[1]. Ушбу оятда эзгу иш дейилмоқда. Бу сиздан зинҳор ёмонлик, фасод содир бўлмасин, деганидир.
Агар инсон бирор кишига моддий томондан яхшилик қилишга қурби етмаса, чиройли сўзи, табассуми билан ҳам саховат кўрсатиши мумкин. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Табассум билан айтилган чиройли сўз ҳам садақадир”, деганлар. Демак, биргина табассум ҳам инсоннинг савоб олишига сабаб бўлар экан.
Шунингдек, бирор бир яхшилик қилиш имконини топа олмаган инсон бошқаларни хайрли ишга чақирса, унга ҳам шунча яхшилик савоби камаймасдан ёзилади.
Бинобарин, инсоннинг ҳар бир яхши одати аслида фақат ўзи учундир. Жамият ривожининг равнақи ҳам инсонларнинг меҳнати ва ҳимматига боғлиқдир.
[1] Ҳаж сураси, 77-оят.