Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / Ҳамкорликка тамал тоши қўйилди

Ҳамкорликка тамал тоши қўйилди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Эрон Ислом Республикасидаги Ал-Мустафо халқаро университетининг тилшунослик ва ислом таълими бўлими мудири Али Пурманд Муҳсиний раҳбарлигидаги делегация келди.

Марказ директори Шовосил Зиёдов меҳмонларни қабул қилиб, илмий фаолият давомида эришилган натижалар хусусида маълумот берди. Делегация аъзолари яратилган шароитлар ҳамда меҳнат самараларидан мамнуният изҳор этиб, илмий жамоа билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш таклифини билдирди.

Ал-Мустафо халқаро университети 1979 йилда Эроннинг Қум шаҳрида ташкил этилган бўлиб, айни пайтда халқаро академик, исломий ва университет типидаги семинария институти сифатида фаолият юритади. Унинг кўплаб халқаро филиаллари ва уларнинг қошидаги мактаблари мавжуд.

Мулоқот давомида илмий ходимларнинг ўзаро тажриба алмашуви ва малака ошириш дастурини жорий қилиш, шунингдек, илмий-тадқиқот ҳамда маърифат йўналишларида ҳамкорликни ўрнатиш борасида қатор келишувларга эришилди.

Ҳамкорлик ҳақида илиқ фикрларни билдирган Али Пурманд Муҳсиний ўзаро алоқалар асносида Марказ ходимлари учун Ал-Мустафо халқаро университети кутубхонасидаги мавжуд бир миллиондан зиёд қўлёзмаларни ўрганиш ва тадқиқ этиш имкониятини яратиб бериш ташаббуси билан чиқди.

Мулоқот сўнггида делегация раҳбари эсталик совғаларини топширди. Меҳмонларга Марказ томонидан нашр этилган адабиётлар тўплами тақдим этилди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …