Home / ХАЛҚАРО ЯНГИЛИКЛАР / МАРКАЗ ОЛИМИНИНГ ТАДҚИҚОТИ ҚОЗОҒИСТОН ИЛМИЙ НАШРИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

МАРКАЗ ОЛИМИНИНГ ТАДҚИҚОТИ ҚОЗОҒИСТОН ИЛМИЙ НАШРИДА ЭЪЛОН ҚИЛИНДИ

Қозоғистон Республикаси Маданият ва спорт вазирлигининг Архив ишлари ва ҳужжатлар қўмитаси ҳузуридаги “Қўлёзмалар ва нодир китоблар миллий маркази” нашри ҳисобланган “ULY DALA MURASI” (“Буюк дашт мероси”) илмий-оммабоп журналининг янги сонида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг ўринбосари, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Отабек Муҳаммадиевнинг Алоуддин Усмандий қаламига мансуб “Тариқатул хилоф фил фиқҳ” (“Ўтган олимлар ўртасида фиқҳ илмидаги ихтилофлар”) асарининг қўлёзма нусхаси ҳақидаги мақоласи чоп этилди.

Тадқиқотда авлодларга ўзидан бой илмий ва маънавий мерос қолдирган забардаст ҳанафий фақиҳи ва мутакаллим олим Абулфатҳ Алоуддин Муҳаммад ибн Абдулҳамид ибн Умар ибн Ҳасан ибн Ҳусайн Усмандий Самарқандий ҳаёти ва ижодини ҳар томонлама ўрганишнинг долзарб аҳамияти ҳақида сўз юритилган.

Алоуддин Усмандий қатор исломий илмларда, айниқса, фиқҳ, ҳадис ва калом илми, шунингдек, турли мазҳаблар ўртасидаги ихтилофларни ўрганадиган махсус соҳа ҳисобланган илмул хилоф бўйича етук олим ҳисобланган. Мазкур соҳалардаги илм аҳли орасида бўладиган баҳс ва мунозараларда ўзининг чуқур билими, беназир иқтидори ва фавқулодда салоҳияти билан ажралиб турган. Шунинг учун ҳам у илм аҳли орасида “Алоул олам” (“Оламнинг устуни”), “Ал-Ало” (“Устун”), “Алоус Самарқандий”, “Алоуддин” (“Диннинг устуни”) каби шарафли номлар билан машҳур бўлган.

Унинг “Тариқатул хилоф фил фиқҳ” асарида кўпроқ ҳанафийлик фиқҳи билан шофеийлик фиқҳи ўртасидаги 200 дан зиёд ихтилофли масала муқояса қилинади. Китобнинг баъзи ўринларида Абу Ҳанифа билан унинг икки шогирди (Имом Муҳаммад ва Имом Зуфар) ўртасидаги ихтилофли масалаларнинг ҳам муқояса қилинган жойлари мавжуд.

Муаллиф аллома асарининг ёзилиш тарихи ва бунга сабаб бўлган омилларга алоҳида тўхталган. Асарнинг бизгача етиб келган қўлёзма нусхаси ҳақида маълумотлар берилган мақола сўнггида уни ўрганиш натижасида олинган қатор мулоҳазалар келтирилган.

Муаллиф таъбири билан айтганда, алломанинг ҳаёти ва у қолдирган бой илмий-маънавий меросни ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва келажак авлодга етказиш тадқиқотчилар олдида турган муҳим ва бугунги куннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.

Мазкур мақола Марказ олимларининг ушбу журналда чоп этилган иккинчи ишидир. Ўтган йилнинг сентябр ойида Марказ директори, тарих фанлари доктори Шовосил Зиёдовнинг “Рукописи, хранящиеся в Международном научно-исследовательском центре Имама Бухари” (“Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида сақланаётган қўлёзмалар”) номли мақоласи эълон қилинган эди.

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
Матбуот хизмати

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …