Бугунги кунда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан ислоҳотлар нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам юксак эътибор билан тилга олинмоқда.
Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуси билан ташкил этилган илмий Марказ мамлакатимиз маънавий тараққиётининг бугунги босқичида, баркамол авлод тарбиясида катта аҳамиятга эга. Ушбу Марказ мамлакатимизда ҳамда жаҳондаги энг улуғ илм-маърифат масканларидан бири бўлди.
Марказ илмий ходимлари буюк муҳаддислар, улуғ фақиҳлар ва калом илми мутафаккирларининг бебаҳо маънавий меросини тадқиқ этиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима қилиш ва қиёсий матнларини ўрганиш ҳамда мавжуд манбаларни халқимиз ва жаҳон жамоатчилигига етказишдек масъулиятли вазифалар билан шуғулланиб, илмий тадқиқотлар олиб бормоқдалар.
23-январ куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига Самарқанд вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги вакиллиги ташаббуси билан Самарқанд шаҳар имом хатибларидан иборат 45-нафар меҳмонлар ташриф буюрдилар. Меҳмонларни Марказ директори ўринбосари Ш.Умаров ва бир гуруҳ илмий ходимлар кутиб олди.
Дастлаб меҳмонлар Марказ биноси кириш қисми пештоқларига битилган ёзувлар билан танишиб, Марказ биносининг асосий фойесида уларга Марказнинг ташкил этилиши ва фаолияти ҳақида ҳамда буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий мероси тўғрисида маълумотлар берилди.
Меҳмонлар Марказда ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф, калом илмининг буюк номоёндалари бўлган улуғ аждодларимизнинг бой илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда илмнинг шу йўналишлари бўйича илмий ходимлар ва малакали мутахассисларга яратилган шарт-шароитлар ва имкониятларга юқори баҳо бердилар.
Шундан сўнг меҳмонлар Музейда сақланаётган ноёб экспонатлар, замонавий ахборот берувчи воситалар, ҳадис илмига оид нодир китоблар билан яқиндан танишдилар. Улар мана шундай маърифат масканлари инсонни улуғворликка, аждодларга муносиб авлод бўлишга ва боболаримиздан фахрланиш туйғусини ҳис қилишга ундашини таъкидладилар.
Айниқса меҳмонлар, Марказ кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзма ва тошбосма асарларга ва музейдаги буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорийнинг Бағдоддаги имтиҳон жараёни акс этган сурат ва илмий сафарлари тасвирланган деворий суратларга жуда юксак баҳо бердилар.
Ташриф учун меҳмонларга Марказ маъмурияти ўз миннатдорчилигини билдирди.