Home / АЛЛОМАЛАР / МОВАРОУННАҲР АЛЛОМАЛАРИНИНГ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

МОВАРОУННАҲР АЛЛОМАЛАРИНИНГ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло биринчи ҳижрий асрда Мовароуннаҳр диёрини Ўзининг охирги ва мукаммал дини Ислом нури билан мунаввар қилди. Бу диёр аҳлининг кўпчилиги Исломни очиқ қалб билан қабул қилди. Уларнинг Исломи гўзал бўлди. Зотан Аллоҳ таолонинг Ўзи бу диёр одамларини уларга берган ажойиб табиат ва қобилиятларга мос ва уларнинг ривожига омил бўлувчи қиёматгача боқий қолувчи дини Исломга ҳидоят қилган эди. Мовароуннаҳр аҳолисининг Ислом динига кириши уларнинг кўплаб қобилиятларининг очилишига, ҳаётнинг кўплаб жабҳаларида ўзларининг пешқадамликларини исбот қилишга олиб келди.

Тез орада Исломнинг турли соҳа ва илмлари бўйича Мовароуннаҳрлик намоёндалар етишиб чиқа бошладилар. Бу ҳаракат тезлик билан ривож топди ва турли илмларда умумдунё миқёсидаги буюк алломалар етишиб чиқа бошлади. Шу тариқа Мовароуннаҳрда Ислом дини ва Исломий илмлар ривожи бошланди. Тез орада Бухоро, Самарқанд, Термиз, Насаф каби шаҳарларнинг номи исломий шаҳарлар сифатида бутун дунёга танилди.

Мовароуннаҳрдан ўша вақтда мавжуд бўлган барча илмлар бўйича етук алломалар чиқибгина қолмасдан, балки бир қанча янги илмларга асос солган улуғ зотлар ҳам етишиб чиқдилар. Ушбу ҳолатнинг ўзи Мовароуннаҳр аҳолисининг инсоният тарихига, илм, фан, маданият ривожи тарихига киришига Аллоҳнинг қиёматгача боқий дини Ислом сабаб бўлганининг ёрқин далилидир.

Ислом юртимизнинг бошқа бурчакларида ҳам тарқалиб, ерли аҳоли Исломни яхши ўзлаштириб олди. Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини бўлмиш Исломда кишиларни ирқи, миллати, яшаш жойи, тилига қараб ажратиш йўқ эди. Ҳамма ихлосига, эътиқодига, қилган меҳнатига яраша қадр топар эди.

Шунинг учун ҳам аслида қобилиятли бўлган Мовароуннаҳр диёри аҳолиси Исломда ўзининг муроди-мақсади ва ҳаловатини топди. Ислом туфайли ҳаётнинг барча соҳаларида улкан муваффақиятларга эришди. Ислом сояси остида бу диёр гуллаб-яшнади. Халқ эса ўша вақтдаги дунёнинг пешқадам халқларидан бирига айланди.

Агар тарихга диққат билан назар соладиган бўлсак, ҳаётнинг барча соҳаларида кўзга кўринган арбоблар, дунёга донғи кетган буюк шахслар айни Ислом даврида, исломий ҳаёт соясида вояга етганлар. Бутун оламга фан, маданият, ҳазорат (цивилизация) марказлари сифатида танилган шаҳарларимиз ҳам ўша вақтда тилга тушган.

Дунё тарихидаги оддий ҳақиқатларнинг бири шулки, илму-фансиз ҳеч бир юрт, ҳеч бир халқ, ҳеч қандай жамият тараққиётга эриша олмайди.

Ислом маданиятининг гуллаб-яшнаши, мусулмон ўлкаларининг жаҳон тарихи кўрмаган тараққиётга эришиши, юртларнинг обод, халқларининг пешқадам бўлиши ҳам Ислом динининг илм-фанга бўлган ўта яхши муносабатидан эди. Дунёда ҳеч бир дин, тузим, фалсафа ёки ҳаракат илм талаб қилишни ибодат даражасига кўтарган эмас. Талаби илмни ҳар бир эркак ва аёл учун бешикдан лаҳадгача фарз қилган эмас. Уламоларнинг сиёҳини шаҳидлар қонига тенглаштирган эмас. Ислом эса айнан шу ишларни қилди.

Энг муҳими, Исломда булар қуруқ гап ва ташвиқот учун кўтарилган шиор бўлмади. Одамларни алдаш учун эълон қилинган дастур ҳам бўлмади. Аксинча ҳақиқий амалий ҳақиқат бўлди. Бу соҳада ҳам исломий бағри кенглик кўрсатилди. Ким бўлишидан қатъий назар, ҳар ким меҳнатига яраша қадрланди. Шунинг учун ҳам аслида ўтроқ, қобилиятли бўлган юртимиз аҳолиси ичидан буюк алломалар чиқди. Илмнинг турли соҳаларида дунёга донғи кетган алломаларимиз айни Ислом маданияти гуллаб-яшнаган пайтда яшаб-ижод қилганлар.

Ислом инсон ҳаётини диний ва дунёвий ҳаётга бўлмай бир бутун нарса деб қараганидек, илмга ҳам бир бутун ҳақиқат деб қараган. Диний илмлар ёки дунёвий илмлар, деган айирмачилик бўлмаган. Илм даргоҳларида турли дарслар ўқитилган. Уламолар ҳар бир илмдан имконият борича хабардор бўлишга ҳаракат қилганлар. Уларнинг маълум бир соҳада машҳур ва пешқадам бўлишларига турли илмларнинг бирида қилган кашфиёти ёки ёзган китобининг нодирлиги сабаб бўлган холос. Агар машҳур алломаларнинг таржимаи ҳоллари билан яхшироқ танишиб чиқилса бу ҳақиқат аниқ намоён бўлади.

Биргина мисолни олайлик: Абу Али ибн Сино асли файласуф бўлган, Илми Калом билан машғул бўлган. Қуръоннинг баъзи жузларига тафсир ёзган. У киши қолдирган асарлар рўйхатига бир назар солган одам буни дарҳол сезади. Лекин, фалсафий баҳслардан дам олиш вақтларида тиб билан ҳам шуғулланган.

Шундан кўриниб турибдики, назарий илмлар амалий-тажрибий илмларга қараганда етакчилик қилган. Исломда назарий илмлар бошида Аллоҳнинг каломига, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатига тегишли илмлар туради. Қуръони Карим ва ҳадиси шарифни ўрганиш бошқа илмларнинг ривож топишига ҳам туртки бўлади.

Бу ҳақиқатни юртимиз тарихида ҳам кўриш мумкин. Ўша тараққиёт даврида Қуръон ва Суннат илмлари кучли ривожланган, уларга амал қилишга эътибор катта бўлган.

Шунинг учун кескин тараққиётга эришилган. Айни ўша пайтда исломий илмлар бўйича буюк имомлар етишиб чиққанлар ва ўзларининг беқиёс асарларини битганлар.

Ушбу маърузада Мовароуннаҳр фарзандлари бўлмиш буюк мусулмон олимларнинг илмий мероси ҳақида жуда ҳам қисқа маълумотларни тақдим қилиш ниятидамиз.

Албатта, бу уриниш баъзи сарлавҳалардан иборат бўлади, холос. Чунки Мовароуннаҳр диёридан етишиб чиққан буюк олимларнинг илмий мероси ҳақида кўп жилдлик китоблар ёзилганда ҳам камлик қилишини ҳаммамиз яхши биламиз.

Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришимиз мумкин. Улуғ ватандошларимиздан бири Нажмуддийн Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафийнинг «Ал-Қанд фии зикри уламаи Самарқанд» номли китобида Самарқандга тегишли бир минг ўнта олимнинг таржимаи ҳоли келтирилган. Албатта, мазкур китобда унинг муаллифига маълум бўлган ва ундан олдин яшаб ўтган уламолар ҳақида маълумот берилган, холос. Аммо у билмаган ва ундан кейин Самарқандда ўтган уламоларнинг сонини Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади. Мовароуннаҳрнинг бошқа шаҳарлари ҳақида ҳам худди шу гапларни такрорлашимиз мумкин.

Биз қуйидаги сатрларда баъзи илмлар бўйича Мовароуннаҳр уламолари қолдирган илмий меросдан намуналар зикр қилишга ҳаракат қиламиз.

Аллоҳ таоло юртимизни Ислом нури билан мунаввар қилганда, баъзи саҳобаи киромларга Нисо ва Марв каби шаҳарларда истиқомат қилишларини насиб этди. Албатта, саҳоба розияллоҳу анҳумлар бор жойда ҳадис дарслари уюштирилади. Одамлар теварак атрофдан улар бор жойга кела бошладилар.

Натижада яхшигина ҳадис мактаби ташкил топди. Кейинчалик, бу мактаб Исъҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий ва Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий каби етук алломалар, буюк муҳаддисларни тарбиялаб етиштирди. Нисодан эса энг мўътабар олти ҳадис китоби («Сиҳоҳи ситта»)нинг бирини тузган Имом Насаий етишиб чиқдилар.

Марв ва Насодан кейин ҳадис илми бошқа ўлкаларга ҳам тарқалади. Турли жойлардан буюк муҳаддислар етишиб чиқдилар. Уларни номма-ном санаб чиқиш мушкул, фақат энг машҳурларидан баъзиларини зикр қилиш билан кифояланамиз.

Юқорида Исъҳоқ ибн Роҳавайҳ ал-Марвазий, Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий ва Имом Насаийларни айтиб ўтдик. Улар билан бир қаторда Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Доримий Самарқандийларни ҳам бутун Ислом олами ҳадис илмининг пешволари деб тан олган.

Умуман ҳадис илми бўйича ҳеч бир мусулмон юрти бизнинг юртимиз олдига туша олмайди. Дунё бўйича энг мўътабар ҳадис китоблари олтита бўлиб, шундан бештасига ҳамма якдил иттифоқ қилган. Булар Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Имом Насаийларнинг китоблари. Шулардан учтаси–Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Насаийлар юртимиз фарзандларидир.

Олтинчи ўрнига учта китоб даъвогарлик қилади. Улардан бирининг эгаси бўлмиш Имом Доримий Самарқандий ҳам юртимиздан чиққан.

Албатта, бундоқ натижаларга эришиш ўз-ўзидан бўлавермайди. Ўша вақтдаги илмий муҳит, турли ҳадис мактаблари орасидаги ўзаро мусобақа, устоз ва толиби илмларнинг кўплиги тараққиётга ўз ҳиссасини қўшган. Шунчалик буюк имомларнинг етишиб чиқиши, ўз-ўзидан, яъни пойдеворсиз, асоссиз, керакли омилларсиз бўлмайди. Шунчалик мўътабар китобларнинг пайдо бўлиши тасодифан эмас.

Фойдаланган адабиётлар рўйхати:
  1. Уватов.У Юртимиз алломалари – Тошкент: Ниҳол, 2014.
  2. Ислом энциклопедияси. – Тошкент: Ўзбекистон ислом энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 2017.
  3. 100 Марказий Осиё мутафаккирлари – Тошкент: Янги Нашр, 2011.
Меҳринисо МЎМИНОВА,
Бухоро шаҳар“Жўйбори Калон” аёл – қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Check Also

АБУ БАКР ЖАССОС ИЛМИЙ МЕРОСИНИНГ ҲАНАФИЙ МАЗҲАБИ РИВОЖИДА ТУТГАН ЎРНИ

Абу Бакр Жассос (ваф. 370/981) қолдирган илмий мерос ҳанафий мазҳабида ўзига хос аҳамиятга эга. Аллома …