Кеча Ўзбекистондаги илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари ҳамда Малайзиядаги Исломни англаш институти ҳамкорлигида “Ислом бугун” номли халқаро вебинар ўтказилди.
Унда Исломни англаш институти раҳбарияти, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси олим ва тадқиқотчилари иштирок этди.
Вебинарда Марказ илмий ходими Алоуддин Нематов маъруза билан қатнашиб, замонавий дунёда сиёсий беллашувлар фонида юзага келаётган исломофобиянинг салбий оқибатлари хусусида тўхталди. Нотиқ исломни террор билан сифатлашни назарда тутувчи мазкур тушунчага қарши қатор илмий далил ҳамда маълумотлар келтирди.
Вебинар давомида ислом тарихи ва маданияти, шунингдек, унинг бугунги глобаллашув жараёнларида ижтимоий ҳаётнинг ажралмас бўлаги сифатидаги ўрни каби мавзулар муҳокама қилинди.
Вебинар давомида мамлакатимизда диний эътиқод эркинлигини, конфессиялараро ҳамжиҳатликни, қолаверса миллатлараро тотувликни таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган тадбирлар самаралари алоҳида эътироф этилди. Истиқболда диний тусдаги турли ихтилофлар эҳтимолини бутунлай бартараф қилиш, бу борада мавжуд барча куч ва имкониятларни бирлаштириш, диннинг яратувчилик, бунёдкорлик ва дунёвий тараққийпарварлик ғояларининг илмий асосларини янада мустаҳкамлаш зарурати нуқтаи назаридан, бугунги кунга қадар халқаро кўламда ўтказилаётган турли илмий-амалий тадбир ва анжуманлар салоҳиятини сезиларли даражада ошириш, Ўзбекистон ва Малайзия олим ҳамда тадқиқотчиларининг ўзаро тажриба алмашуви ва малака ошириш ишларини янада жадаллаштириш, умумий жиҳатдан эса илмий алоқаларни янада ривожлантириш эҳтиёжи доимий экани таъкидланди.
Бу борада илмий фаолият ва тадқиқотларни сифат жиҳатидан янги поғоналарга кўтариш, эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг оммалаштириш зарурати қайд этилди.