Home / ФОТО ЛАВҲАЛАР / ОКСФОРДДАГИ БУХОРО ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

ОКСФОРДДАГИ БУХОРО ҲАҚИДА БИЛАСИЗМИ?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бутун дунёга машҳур бўлган Англиянинг Оксфорд университети 1096 йилда ташкил этилган бўлиб, қадимий университетлардан бири ҳисобланади. Университетда тўртта академик бўлим, 36 та коллеж ва учта ҳамжамияти мавжуд. Университет таркибида боғлар, кутубхоналар ва музейлар барпо этилган. Бу уч турли масканлар GLAM номи билан машҳур бўлиб, дунёдаги энг катта университет тўпламларидан бирини ташкил қилади. Яъни, Gardens, Libraries And Museums – GLAM. 

Университетнинг Oxford University Press нашриёти ҳам бугунги кунда кенг кўламли ишларни амалга ошириб келмоқда. Ушбу нашриёт ҳар йили дунё бўйлаб юздан ортиқ тилларда минглаб китобларни катта ададда чоп қилиб келмоқда. 


Шу билан бир қаторда Университетнинг Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази алоҳида аҳамиятга эга. Бу тадқиқот марказига 1985 йилда асос солинган. 


1991 йилда қирол Чарлз III (ўша пайтда Уэльс шаҳзодаси) унинг ҳомийси бўлди. Бу рўйхатдан ўтган таълим даргоҳи хайрия ташкилоти ҳисобланади. 2012 йилда қиролича Елизавета II томонидан унга Қироллик Хартияси мақоми берилган. Марказ бошқарувини бутун дунё олимлари ва давлат арбоблари ҳамда Кенгаш томонидан тавсия этилган Оксфорд университети вакилларидан иборат Васийлик кенгаши бошқаради.

Марказ Ислом маданияти ва цивилизациясининг барча жабҳаларини ҳамда замонавий мусулмон жамиятларини кўп тармоқли жиҳатларини ўрганишга йўналтирилган. Марказнинг кўплаб аъзолари Университетнинг турли бўлимлари ва факультетлари коллежларда фаол иштирок этиб келади. Кўплаб талабалар ва катта илмий ходимлар марказнинг стипендиялар ва ташриф стипендиялари дастурлари орқали йиллар давомида Оксфордга келиб таълим олиб келишмоқда. Марказда ўқув йили давомида маърузалар, семинарлар, маҳорат дарслари, конференциялар, кўргазмалар ва бошқа академик тадбирлар ўтказиб келинади. 
1993 йил Уэльс шаҳзодаси томонидан ташкил қилинган дастурда кўпгина таниқли давлат арбоблари ва олимлар ўз маърузалари билан иштирок этганлар. Маърузачилар орасида давлат ва ҳукумат раҳбарлари, мусулмон дунёсидаги ва ундан ташқаридаги халқаро миқёсдаги таниқли олимлар, БМТ, ИҲТ, Араб Лигаси, ЮНЕСКО ва Ҳамдўстлик каби халқаро ташкилотларнинг бош котиблари нутқ сўзлашган.  
Марказ аввал Сент-Кросс йўлидаги оддий бинода фаолиятини бошлаган бўлса, кейинчалик 2016-2017 ўқув йилига келиб алоҳида бинога кўчиб ўтди.


Марказнинг янги биносида замонавий ўқув жиҳозлари, анжуманлар саройи, семинар ва ўқув хоналари, кўргазмалар майдони, кутубхона, марказ ходимлари учун офислар, овқатланиш зали ва талабалар учун ётоқхоналар ҳозирланган. 


Кўргазмалар майдонида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари устига ёпиладиган матодан бир бўлак ва Кабанинг эшик қисмига ўраладиган кабапўш ҳам жой олган.

Эътиборга молик бўлган жиҳати шундаки, марказнинг кутубхонасига Бухоро номи берилган бўлиб, у ерда турли тиллардаги юзлаб китоблар ўрин олган. 

 Шунингдек марказда беш вақт намоз ибодатини адо этиш учун ҳам масжид барпо этилган.

Қирол Чарлз III марказ ҳақида қуйидагиларни айтади: «Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази Ислом дунёси ҳақидаги тушунчамизни тарғиб қилиш ва яхшилаш учун жуда кўп ишларни амалга оширди. Бу жараён ҳаётимиз давомида катта аҳамиятга эга. Ислом ва Ғарб ўртасидаги муносабатлар бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир».

Манба: islom.uz

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …