Ўзбекистон Бош консуллиги ходимларининг Макка шаҳридаги «Уммул Қуро» университети профессори, доктор Надия Иброҳим Бухорий билан учрашуви бўлиб ўтди.
Суҳбат чоғида Ўзбекистонда таълим ва илм-фан соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, сўнгги 6 йил мобайнида Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ҳадис илми мактаби каби илмий муассасалар ташкил этилгани тўғрисида маълумотлар Саудия Арабистони вакилининг эътиборига ҳавола қилинди.
Надия Иброҳим Бухорий Ўзбекистон Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Сино ва Абу Райҳон Беруний каби буюк мутафаккир олимлар юрти эканлигини алоҳида таъкидлади. У, шунингдек, ота-боболари юрти – Ўзбекистонга қилган сермазмун сафарини ҳам ёдга олди.
Учрашувда Надия Бухорий кўп йиллар давомида тўплаган илм-фаннинг турли соҳаларига оид 350 дан ортиқ китобларни Ўзбекистоннинг илмий муассасаларига етказишни сўраб Бош консулхонага тақдим этди.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузурида ташкил этилган Араб тили марказига ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактабига тақдим этиладиган ушбу ноёб адабиётлар яқин кунларда Ўзбекистонга етказилади.