“Адабул имло вал истимло” асарида асосан устоз-шогирдга тегишли одоблар, таълим бериш ва олиш услублари ҳақида маълумотлар келтирилган.
Ушбу мақола мумлий – ҳадис ривоят қилувчи шайхнинг одобларини ёритишга бағишланган. Асарнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳадис ривоят қилувчи шайхнинг амал қилиши лозим бўлган ҳар бир одоби ҳақида оят, ҳадис ёки бирор ривоят келтирилган.
Мумлий эътибор бериши лозим бўлган одоблар:
- Гўзал ахлоқда намуна бўлиш.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен гўзал ахлоқларни камолга етказиш учун юборилдим”, дедилар”.
- Мажлисда баланд сўзлашдан қайтариш.
Маън ибн Исо Қузоз деди: “Агар Молик ибн Анас ҳадис айтиш учун ўтиришни хоҳласа, аввал ғусул қилар, хушбўй нарсаларни тутатар ва ўзига атир сепар эди. Мажлисда бирор киши овозини баландлатса, унга қаттиқ танбеҳ бериб: “Аллоҳ азза ва жалла: “Эй имон келтирганлар! Амалларингиз ўзингиз сезмаган ҳолингизда зое бўлиб кетмаслиги учун сизлар овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтармангиз”[1], деб марҳамат қилган. Ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари айтилаётган пайтда овозини кўтарса, овозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозларидан баланд қилган бўлади”, деб айтар эди”.
- Мисвок ишлатиш.
Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, оғизларингиз Қуръоннинг йўлларидир. Уларни мисвок билан тозаланг!”, дедилар”.
- Мўйлабни қисқартириш.
Зайд ибн Арқамдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим. У зот: “Ким мўйлабини қисқартирмаса, биздан эмас”, дедилар”.
- Оқ либос кийиш.
Ибн Аббосдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиз учун либослар орасида оқ кийим яхшидир. Сиздан ким ҳаёт бўлса, уни кийсин, орангиздан вафот этганларни у билан кафанланг. Албатта, у кийимларингизнинг энг яхшисидир”, дедилар”.
- Салла ўраш.
- Соқол тараш.
Ҳакамдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соқолларини тароқ билан тарар эдилар”.
- Хушбўйликдан фойдаланиш.
Оишадан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кишининг ўз биродарлари олдига бадбўй ҳид билан чиқишини ёқтирмас эдилар. У зот тун ниҳоясида (тонгга яқин) хушбўйлик сурар, сўнг саҳобалари олдига чиқар эдилар”.
- Ойнага қараш.
Ибн Амрдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эҳромдалик вақтларида ҳам ойнага қарар эдилар”.
- Мажлисга боришда оҳиста юриш.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда оҳиста юрадиган кишилардир”[2].
- Йўлида мусулмонлардан ўзига учраган кишига салом бериш.
Абу Амома Боҳилийдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг Аллоҳ ва Расули учун авлороғи, кишиларга салом берадиганларидир”, дедилар”.
- Мажлисга кирганда икки ракат намоз ўқиш.
Абу Қатода Ансорий деди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бирингиз (масжидда бўладиган) мажлисга кирадиган бўлса, икки ракат намоз ўқимай ўтирмасин”, дедилар”.
- Асҳобларга нисбатан хушмуомала бўлиш.
Ибн Умардан ривоят қилинади: “Умар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умрага изн сўради. У зот унга изн бериб: “Эй биродарим! Дуоларингда бизни унутма”, дедилар”.
- Асҳоблари билан бир қаторда ўз хулқини ҳам яхшилаш.
Абу Заррдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: “Эй Абу Зарр! Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳга тақво қил. Одамларга ҳусни хулқ ила муомала қил”, дедилар”.