Буюк аждодларимиз
Янгиланаётган Ўзбекистонда инсон қадрини улуғлаш, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш йўлидаги эзгу амаллар халқаро жамоатчиликнинг юксак эътирофига сазовор бўлиб, ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи юксалишига хизмат қилмоқда. Хусусан, АҚШнинг Халқаро диний эркинлик бўйича комиссияси (USCIRF) Ўзбекистонда диний эркинлик бўйича ижобий ўзгаришларни олқишлаб, махсус кузатувдаги мамлакатлар рўйхатидан чиқарди. Шунингдек, АҚШнинг Жон Ҳопкинс университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти президенти Фредерик Старнинг “Ўзбекистон: мусулмон дунёсидаги ислоҳотлар учун янги модель” мақоласида ҳам диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар ҳақида илиқ фикрлар билдирилган.
Юртимизда буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, шу асосда ёш авлодни миллий ва диний қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллат ва дин вакилларининг ўзаро бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшашини таъминлаш диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишидир.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, илмий тадқиқот марказлари, қатор муассасаларда юртимиздан етишиб чиққан, жаҳон илм-фани ва ислом цивилизацияси ривожига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг меросини содда ва равон тилда халқимизга етказиш, айниқса, ватанпарварлик, ота-онага ҳурмат, силаи раҳм, диний бағрикенглик, маънавиятимизга ёт турли иллатларга нисбатан муросасизлик каби ғояларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш юзасидан тизимли тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Хусусан, бу борада Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан амалга оширилган ишларни алоҳида таъкидлаш лозим. Марказ олдига буюк аждодимиз, мутакаллим аллома, мотуридийлик таълимоти асосчиси Имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ҳамда қиёсий матнларини нашр этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик руҳида тарбиялаш, буюк алломаларнинг кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланаётган қўлёзма ва тошбосма асарларининг асл ҳамда электрон нусхаларини жамлаш, улар устида тадқиқот олиб бориб, келажак авлодга безавол етказиш каби бир қатор муҳим ва долзарб вазифалар қўйилган.
Марказда Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” ва “Китоб ат-тавҳид” асарларининг ўзбек тилидаги илмий-изоҳли таржималарини яратиш устида қилинаётган изланишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг 29-жузи нашр қилинган бўлса, 25-26-27-28-жузлари шу йил якунига қадар чоп этилиши режалаштирилган. Миллий ҳамда диний қадриятларимизнинг асл ўзагини ташкил қилувчи эзгу ғоялар, жамиятда диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган мўътадил ислом таълимоти халқ орасига чуқур кириб бориши учун асарнинг ҳар бир жузи асосида содда ва халқчил тилда “Таъвилотдан дурдоналар” рукни остида оммабоп рисолалар ҳам тайёрлаш кўзда тутилган.
Ҳозирги вақтда марказда Имом Мотуридийнинг “Китоб ат-тавҳид” асари устида фундаментал тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жумладан, асарнинг Буюк Британиядаги Кембриж университети кутубхонасида сақланаётган дунёдаги ягона нусхаси асосида танқидий матн ҳамда илмий-изоҳли таржимасини амалга ошириш мақсад қилинган. Айни вақтда ушбу тадқиқотлар деярли якунланган бўлиб, нашр қилиниши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда қадимий ёзма манбаларни ўрганиш, сақлаш, уларни реставрация қилиш ҳамда келажак авлодга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 10 февралдаги “Қадимий ёзма манбаларни сақлаш ва тадқиқ қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини бу борадаги муҳим амалий қадам сифатида эътироф этиш мумкин. Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий жамоаси ушбу қарорда кўрсатилган вазифалар ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Хусусан, марказда жорий йил 1-6 июль кунлари Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ходимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари вакиллари учун Туркия Республикаси Ибн Халдун университети профессори, доктор Ҳамза Бакрий иштирокида “Қўлёзма манбаларни тадқиқ этиш илмига кириш” мавзусида малака ошириш курслари ташкил қилинди. Юртимизда фаолият юритаётган манбашунос мутахассислар қўлёзмаларни тадқиқ этишда қўлланилаётган замонавий ва инновацион ёндашув ва услублар, соҳада қўлга киритилган энг сўнгги илмий янгилик ва натижалар билан бевосита танишиш имконига эга бўлдилар.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказида юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳот ва ижобий ўзгаришларни кенг тарғиб қилишга қаратилган халқаро даражадаги тадбирлар ҳам мунтазам ўтказиб келинмоқда. Жумладан, шу йил 31 март куни марказ халқаро илмий ҳайъатининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ҳайъат аъзолари – жаҳоннинг етакчи университет ва илмий тадқиқот марказлари вакиллари – кўзга кўринган исломшунос ҳамда каломшунос олим ва мутахассислар мотуридийлик таълимотига оид замонавий тадқиқотларни саралаш, ўзаро ҳамкорликда семинар ва ўқув машғулотлар ташкил қилиш, ходимлар алмашинувини йўлга қўйиш, мусулмон мамлакатлари университетларида Имом Мотуридий номи билан аталган кафедралар очиш каби қатор муҳим масалаларни муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилоти (ICESCO), Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (IRCICA), Туркия Республикаси Салжуқ университети Имом Мотуридий тадқиқот маркази ва юртимиздаги мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзуида II халқаро онлайн илмий-амалий симпозиум ўтказилди.
Симпозиумда умумий ҳисобда 150 дан зиёд, жумладан, Миср, Туркия, Малайзия, Германия, Россия, Марокаш, Қозоғистон, Қирғизистон каби мамлакатлардан 30 дан ортиқ етук мотуридийшунос ҳамда исломшунос олим ва мутахассис, маҳаллий тадқиқотчилар қатнашдилар.
Марказ томонидан Ўзбекистон Республикасининг мустақиллигига бағишлаб нашр қилинган китоблар тақдимотини ўтказиш анъанаси йўлга қўйилган. Бу йил ҳам ушбу гўзал анъанани давом эттирган ҳолда Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари тақдимотини нафақат вилоятларда, балки Миср, Туркия, Малайзия, Россия, Қозоғистон каби хорижий мамлакатларда ҳам ўтказиш мақсад қилинган.