Айтиш жоизки, сўнгги йилларда юртимизда Мустақиллик байрами тантаналарини муайян бир ғоя, эзгу ҳаракат остида нишонлаш анъанаси халқимиз ҳаётининг маънавий юксалишида ўзига хос замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Албатта, бундайин эзгу ғоялар мамлакат аҳолисининг истиқлол йилларидаги ҳаёти, турмуш тарзи, эришган ютуқлари ва эришажак мақсадларини сарҳисоб қилишга ундайди.
Ҳадис илми мактабида бугун 5 сентябрь куни мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги ва янги 2022-2023 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ҳамда Мустақиллик дарси ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев, Самарқанд вилояти бош имом хатиби ўринбосари Хайруллоҳ домла Сатторов ҳамда Мактаб ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.
Тадбир давлат мадҳияси билан бошланди. Қуръон тиловати ва ўқув йилининг хайрли-баркали бўлишини сўраб дуо қилинди.
Тадбирни очиб бериш учун Ҳадис илми мактаби ректори Олимхон домла Юсупов нутқ сўзлаб жумладан, шу кунларда янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана – Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик байрами кўтаринки кайфиятда ўтаётганлиги, жорий ўқув йили учун бўлиб ўтган кириш имтиҳонлари жараёнлари, мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида қайд этиб ўтди.
Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан табрик учун Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов, Самарқанд вилояти бош имом хатиби ўринбосари Хайруллоҳ домла Сатторов сўзга чиқиб, бошланаётган янги ўқув йилида мактаб жамоасига омад ва зафарлар тилаб, диний соҳа вакилларига, қолаверса ёшларга берилаётган имкониятлардан тўлалигича фойдаланиш ва маърифий исломни дунёга кўрсата олиш, соф исломдан оғишмасликда ва адашганларни тўғри йўлга бошлашда қатъият билан илм олиш кераклигини, илм олишда ҳаракатчан бўлишни, талабалар аввало кучли билимга эга бўлиши, бу ердаги устозлардан илм олишда ва одоб-ахлоқ сабоқларини ўрганишда тиришқоқ бўлишини таъкидладилар, шунингдек, соф исломни нафақат юртимизда балки, дунё оммасига етказа оладиган салоҳиятга эга бўлиш кераклиги, аждодларимизга муносиб авлод бўлиш лозимлиги бўйича ўз тавсияларини бердилар.
Шундан сўнг, юртимиз мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёнасига бағишланган Мустақиллик дарси дарси бошланди. Мазкур дарс машғулотини Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директор ўринбосари Отабек Муҳаммадиев ўтказди. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида ўтказиладиган Мустақиллик дарсида маърузачи Ўзбекистонда сўнги йиллар давомида амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги устувон вазифалар, Ўзбекистоннинг хорижий, айниқса, қўшни давлатлар билан ўрнатилган дўстона муносабатлари тўғрисида маъруза қилди.
Ҳадис илми мактаби матбуот котиби