Қонунчилик палатаси томонидан 2022 йил 12 августда қабул қилинган
Сенат томонидан 2022 йил 13 августда маъқулланган
1-модда. «Имом Бухорий» ордени таъсис этилсин.
2-модда. «Имом Бухорий» ордени тўғрисидаги низом тасдиқлансин (илова қилинади).
3-модда. «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» орденининг тавсифлари тасдиқлансин (илова қилинади).
4-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 22 декабрда қабул қилинган «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги 176-I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 11 апрелда қабул қилинган ЎРҚ-473-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2018 йил, № 4, 221-модда; 2019 йил, № 9, 589-модда; 2020 йил, № 3, 200-модда, № 5, 299, 300-моддалар, № 6, 334-модда; 2021 йил, 4-сонга илова) қуйидаги ўзгартишлар киритилсин:
1) 8-модданинг иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:
«Ўзбекистон Республикасининг орденлари таркибига «Олий Даражали Дўстлик» ордени, «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» ордени ҳам киради»;
2) 15-модданинг:
саккизинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Олий Даражали Дўстлик» ва «Олий Даражали Имом Бухорий» орденлари кўкракнинг ўнг томонига ёки орден занжирида тақилади»;
ўн иккинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Планкалардаги ленталарни тақиб юриш қоидалари олий мукофот белгиси – «Олтин Юлдуз» медалига, «Мустақиллик», «Амир Темур», «Олий Даражали Имом Бухорий», «Жалолиддин Мангуберди», «Олий Даражали Дўстлик» орденларига, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонларига доир кўкрак нишонларига нисбатан қўлланилмайди».
5-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
- «Имом Бухорий» ордени икки даражадан иборат бўлади:
«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени;
«Имом Бухорий» ордени.
«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени «Имом Бухорий» орденидан юқори даражада ҳисобланади.
- «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан илм-фан ва маданият, жумладан, ислом маърифати ривожига улкан ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларнинг ҳаёти ҳамда илмий меросини ўрганиш ва халқаро майдонда кенг тарғиб қилишда катта ютуқларга эришганлиги учун:
хорижий давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари;
хорижий мамлакатлар парламентлари вакиллари;
халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалари ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ва вакиллари, шунингдек хорижий арбоблар ва олимлар;
мамлакатимизнинг атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, атоқли олимлар, адиблар, педагоглар ва илмий тадқиқотчилар мукофотланади.
- «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан:
буюк алломаларимизнинг илмий-маърифий меросини чуқур ўрганиб, уларнинг ислом маънавияти ва фалсафаси ҳамда жаҳон илм-фани тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини халқаро ҳамжамиятга етказишдаги фаол иштироки;
ҳадисшуносликнинг ривожланиши, унинг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама ўрганиш асосида ҳадислардаги эзгу умуминсоний ғояларни халқаро ҳамжамиятга етказишдаги улкан хизматлари;
аждодларимиз қолдирган асарларни таржима, тадқиқ ва таҳлил қилиш орқали улардаги инсонпарварлик, Ватанга муҳаббат ғояларини тарғиб этиш ҳамда жамият маънавий ҳаётининг бугунги кундаги долзарб муаммоларини ҳал этишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқишга қўшган муносиб ҳиссаси;
ислом цивилизацияси ва маданиятига беқиёс ҳисса қўшган алломаларимизнинг яратган асарларининг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини жаҳон жамоатчилигига етказиш ва халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишдаги алоҳида хизматлари;
мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларда сақланаётган буюк алломаларимизнинг қўлёзма ва тошбосма асарлари, ислом дини ва маданиятига оид бой ва тарихий меросини тўплаш ва илмий-тадқиқот ишларини олиб боришдаги фаол иштироки;
Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш, аҳоли ўртасида динлараро ва конфессиялараро тотувлик ва бағрикенгликни мустаҳкамлаш, диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни тарғиб этишдаги кўп йиллик ва фидокорона меҳнати;
миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, миллатлараро дўстлик, ўзаро меҳр-оқибат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш, жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашдаги кўп йиллик самарали хизматлари учун мукофотланади.
- «Имом Бухорий» ордени билан буюк алломаларимизнинг илмий ва диний меросини тадқиқ этиш ҳамда тарғиб қилиш, ислом динининг умуминсоний қадриятлари ва асл моҳиятини мамлакат аҳолиси, айниқса ёшларга етказишдаги хизматлари учун:
илм-фан, таълим-тарбия, маданият, санъат ва адабиёт соҳаси ходимлари;
давлат ва жамоат ташкилотлари ходимлари;
диний уламолар;
олимлар ва тадқиқотчилар мукофотланади.
- «Имом Бухорий» ордени билан: улуғ алломаларимиз илмий меросини чуқур ўрганиб, ўсиб келаётган ёш авлодни аждодлар меросига ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашдаги хизматлари;
юксак инсоний ғоялар ва муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган тарихий меросимизни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарслик ва ўқув қўлланмалари, илмий-амалий тавсиялар тайёрлашдаги самарали меҳнати;
мамлакатимиздаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганишга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказишдаги фаолияти;
«Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динига нисбатан содир этилаётган ғаразли таҳдид ва ҳаракатларнинг олдини олиш, бундай хатарларга қарши курашишнинг илмий-маърифий асосларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётда қўллаш борасидаги хизматлари;
ислом цивилизациясининг умуминсоний қадриятларини, жумладан, халқимиз маънавияти ва маданияти ривожида тутган ўрни ҳамда аҳамиятини ўрганиб, уларнинг илмий-назарий ва амалий жиҳатларини тадқиқ этишдаги катта хизматлари учун мукофотланади.
«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» ордени билан бошқа шахслар ҳам илм-маърифатни ривожлантиришдаги алоҳида хизматлари учун мукофотланиши мумкин.
«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» ордени билан мукофотлашга тақдим этиш, мукофотлаш, шунингдек уни топшириш «Давлат мукофотлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етмиш баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади.
«Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдоридаги бир марталик пул мукофоти берилади.
«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени ва «Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган шахслар қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан фойдаланадилар.
«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени тегишли кетма-кетликка риоя этган ҳолда кўкракнинг ўнг томонига ёки орден занжирида тақилади.
«Имом Бухорий» ордени кўкракнинг чап томонига ёки бўйинга осиладиган шойи лентада тақилади.
«Олий Даражали Имом Бухорий» ордени 750 пробали олтиндан тайёрланади ва иккита қопламали медальондан иборат бўлади.
Биринчи медальон диаметри 87 миллиметрли саккиз қиррали юлдузни ифодалайди. Юлдуз бурчаклари орасида қарама-қарши учлари оралиғи 84 миллиметр бўлган учлари юмалоқланган нур тутамлари жойлашган. Саккиз қиррали юлдузнинг ички қисмида яшил эмаль билан қопланган нақшинкор баргсимон шакллар жойлашган. Саккиз қиррали юлдуз 56 та 2,5 миллиметрли, 8 та 2,6 миллиметрли ва 8 та 1,5 миллиметрли бриллиантлар билан безатилган.
Орденнинг марказида жойлашган иккинчи медальон диаметри 45 миллиметрли арқонсимон нақш билан ҳошияланган доира шаклида бўлади. Доиранинг марказида кўк эмаль фонида очиқ ҳолдаги китоб ва унинг устида нур таратаётган қуёш шакли тасвирланган. Унинг қуйи қисмида ҳарфлари баландлиги 3,1 миллиметрли «ILM – NUR» сўзлари ёзилган.
Иккинчи медальоннинг айланаси бўйлаб оқ эмаль фонида «MUHAMMAD IBN ISMOIL IMOM BUXORIY» ёзуви битилган бўлиб, ёзувлар 2,5 миллиметрли иккита бриллиант билан ажратилган. Ҳарфларнинг баландлиги -3,5 миллиметр.
Орден иккита маҳкамлагичга эга:
гайкага бураб қотириладиган бурама маҳкамлагич;
орден занжирига мустаҳкамланадиган ечиладиган қисқич.
Орденнинг орқа томонига 2 миллиметр ўлчамдаги ботиқ шрифт билан мукофот рақами туширилади.
Узунлиги 900 миллиметрли орден занжири 750 пробали олтиндан тайёрланади. Занжир икки турдаги ҳалқаларга бўлинади. Диаметри 32 миллиметр бўлган ҳалқалар орденнинг иккинчи медальони тасвирини ифодалайди, диаметри 30 миллиметр бўлган ҳалқалар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби шаклида бўлиб, атрофлари 468 та 1,2 миллиметрли бриллиантлар билан безатилган.
Орден занжирининг пастки қисмида ранг-баранг эмаль билан қопланган саккиз қиррали юлдуз ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби шаклидаги ҳалқалар жойлашган.
Занжир 27 та ҳалқалар, шу жумладан илгакдан иборат.
Орденнинг умумий оғирлиги 850 граммдан иборат.
«Имом Бухорий» ордени 0,15 микрон қалинликдаги 750 пробали олтин билан қопланган 925 пробали кумушдан тайёрланади ва иккита қопламали медальондан иборат бўлади.
Биринчи медальон диаметри 42 миллиметрли саккиз қиррали юлдузни ифодалайди. Юлдуз бурчаклари орасида қарама-қарши учлари оралиғи 47 миллиметр бўлган учлари юмалоқланган нур тутамлари жойлашган. Саккиз қиррали юлдузнинг ички қисмида яшил эмаль билан қопланган нақшинкор баргсимон шакллар жойлашган. Саккиз қиррали юлдуз 72 та 2,5 миллиметрли фианит тошлари билан безатилган.
Орденнинг марказида жойлашган иккинчи медальон диаметри 28 миллиметрли арқонсимон нақш билан ҳошияланган доира шаклида бўлади. Доиранинг марказида кўк эмаль фонида очиқ ҳолдаги китоб ва унинг устида нур таратаётган қуёш шакли тасвирланган. Унинг қуйи қисмида ҳарфлари баландлиги 2 миллиметрли «ILM – NUR» сўзлари ёзилган.
Иккинчи медальоннинг айланаси бўйлаб оқ эмаль фонида «MUHAMMAD IBN ISMOIL IMOM BUXORIY» ёзуви битилган. Ҳарфларнинг баландлиги – 2,5 миллиметр.
Орден орқа томонининг қуйи қисмига 2 миллиметр ўлчамдаги ботиқ шрифт билан орден рақами туширилган.
Тасвир ва ёзувлар – бўртма.
Орденнинг умумий оғирлиги 55 граммдан иборат.
Орден эни 24 миллиметрли шойи лента билан қопланган беш қиррали қадағичга илмоқча ва ҳалқача ёрдамида туташтирилган.
Шойи лентанинг ўртасидан ўтган эни 10 миллиметрли яшил рангли йўлнинг икки чети эни 2 миллиметрли иккита оқ рангли чизиқлар билан ҳошияланган, унинг чекка қисмлари бўйлаб эни 5 миллиметр бўлган кўк рангли йўл ўтган.
Қадағичнинг орқа томонида орденни кийимга тақиб қўйиш учун тўғноғич кўринишидаги мослама мавжуд.