Маълумки, III/IX аср Ислом оламида ҳадис илмининг гуллаб яшнаган ва ривож топган даври бўлди. Бу асрда муҳаддислар ҳадисларни ёзиш, уларни жамлаш, тартибга солиш ва саҳиҳларини бошқаларидан ажратиш ва тўпланган ҳадисларни илмий нуқтаи назардан муайян қонун-қоидаларга таянган ҳолда тартибга тушириш ишларини бажаришди.
Муҳаддислар султони Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 256/870) ҳадис жамлашда янги бир йўналишга асос солди. У фақат саҳиҳ ҳадисларни ўз ичига олган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобини ёзди ва ҳадисларни бобларга ажратиб, тартибга солди. Мусулмонлар бу ҳадис тўпламини Қуръони каримдан кейинги энг тўғри ва ишончли манба деб эътироф этган.
Бу ишончли тўплам яратилгунига қадар I-II ҳижрий асрларда суннат ва ҳадисларни муҳаддислар маълум бир даражада жамлаб, бир тўплам шаклига келтирди. Бу ҳаракатлар кейинги ҳадис тўпламларини яратилишида замин бўлди.
Имом Бухорий ҳадис йўналишида олдин ёзилган барча жанрдаги ҳадис тўпламларидан келиб чиқиб, янги йўналишга асос солгунига қадар ҳадис илмининг шаклланиши ва тадрижий ривожланиш босқичи икки даврни ўз ичига олган: I/VII аср яъни, Пайғамбар (С.А.В.), саҳобалар ва катта тобеинлар яшаган замон, II/VIII аср, яъни тобеинлар ва табъа тобеинлар яшаган давр.
Пайғамбар (С.А.В.) даврларида Арабистон атрофидаги барча ҳудудларга ислом дини таълимоти кириб борди. VII асрдан бошлаб эса, Саҳоба ва тобеинлар орқали бошқа ўлкаларга ҳам ислом илми ва шаръий аҳкомлар етказилди. Натижада, Қуръондан кейин ислом илмларини айниқса, ҳадис илмини ўрганишга ва маъносини тушунишга эҳтиёж кучайди ва ҳадисларни «تدوين» “Тадвин”, яъни тўплам сифатида жамланишига туртки бўлди.
I/VII асрнинг охирига келиб, яъни саҳобалар даври тугаб, тобеинлар даврининг ўрталарида, саҳоба ва тобеинларнинг кўпи вафот этгани ва бошқа сабабларга кўра ҳадисларнинг йўқ бўлиб кетиш хавфи пайдо бўлди. Шунингдек, Ислом етиб борган ажам диёрида мусулмонларнинг кўпайиши ва ҳадис илмига кучли қизиқиш натижасида, “Саҳиҳ” – ишончли, ҳақиқий ҳадислар билан бир қаторда кўплаб сохта ҳадислар ҳам пайдо бўла бошлади. Натижада, Катта тобеинлар даврида ҳадисларни асл ҳолича сақлаш, ва уни тадвин этиш ишлари сиёсат даражасига кўтарилди. Бу ҳолатни ўз вақтида англаб етган умавийларнинг саккизинчи халифаси Умар ибн Абдулазиз (ваф.720) (халифалик даври 717-719) ҳадисларни ёзишга ва жамлашга расмий равишда буйруқ беради [10:76]. Тарихчилар наздида, у ҳадисларни жамлашга биринчи бўлиб ташаббус қилган шахс сифатида эътироф этилади.
«تدوين السنة» мурод аслида суннатни тўпламга “киритиш”, “жам қилиш”, “тўплаш” назарда тутилган суннатни ёзишни бошлаш эмас. Суннат биринчи ҳижрий йилнинг ниҳоясидан олдин саҳифа шаклида ёзилган эди. Кейинчалик, Умар ибн Абдулазиз даврида уни тўпламга киритиш, жамлаш бошланди [12:9,40]. Ана шу ишга Ибн Шиҳоб Зуҳрий биринчи бўлиб қўл ургани боис, мендан олдин бу ишни ҳеч ким қилмаган, деган фикрни айтган.
II/VIII асрда ҳадисларни ёзма равишда жамлаш иши бошланди. Ислом оламидаги ҳадис илмининг билимдонлари бу ишга киришди. Даставвал, ҳадисларни ёзишда асосан уларни қайдлаш назарда тутилган эди. Шунинг учун уларда маълум тартибга амал қилинмас эди. Илк бор битилган ҳадис китоблари “Жомеъ” (жамловчи) ва “Мусаннаф” (битик) шаклида ёзилди. Уларда турли мавзулардаги ҳадислар жамланди.
II/VIII аср охирида ҳадисларни тадвин этиш (тўплаш) иши жадал ривожланиб, таълиф этилган ҳадис тўпламлари нафақат Пайғамбар (С.А.В.)нинг ҳадислари балки, саҳобаларнинг сўзлари, қилган ишлари ва тобеинларнинг фатволарини ҳам қамраб олган. Ўша даврнинг баъзи муҳаддислари асосан топилган ҳадисни бирин-кетин, чуқур ўрганиб, аниқлаб текшириш ишларини олиб бормасдан китобларига киритаверган. Натижада, уларда саҳиҳ (ишончли) ҳадислар билан бирга заиф (кучсиз) ҳадислар ҳам ёзилган. Шунга қарамай, ўша даврдаги уламоларнинг ҳадис йиғишда кўрсатган жидду-жаҳди таҳсинга лойиқдир [13:9].
А.Б. Халидовнинг қайд этишича, VIII асрнинг ўрталаридан бошлаб, ривожланиб борган ҳадис илми билан кейинги икки-уч аср давомида тўрт юздан зиёд олимлар шуғулланган [14:61]. Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича [4:4.7:19], бу даврда ҳадисларни ишончли манбаларга асосланиб, маромига етказиб илмий равишда тартибга солиш олимларнинг орасида энг севимли, зарурий машғулотга айланган. Ҳатто, ҳадисларни ёзиш, уларни жамлаш, тартибга солиш ва саҳиҳларини бошқасидан ажратиш ишлари охирига етказилган. Шунингдек, бу асрда тўпланган ҳадислар илмий нуқтаи назардан муайян қонун-қоидаларга таянган ҳолда тартибга туширилган. Иккинчи ҳижрий асрда ҳадис фиқҳ илмининг бир бўлаги сифатида ўрганилган бўлса, учинчи асрга келиб алоҳида соҳа бўлиб ажралиб чиққан ва мустаҳкам асосга эга мустақил илм сифатида қарор топган.
Шунингдек айнан шу асрда саҳобалар ва тобеинларнинг фатволарини аралаштирмай, фақат Расулуллоҳ (С.А.В.)нинг ҳадисларини йиғиб, уларни ривоят қилган саҳобаларнинг номи остида бир бобда жамлаш бошланди. Натижада, “муснад” деб номланган ҳадис китоблар вужудга келди. Бу борада биринчи бўлиб, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/855) “Муснад”ини, Абд ибн Ҳумайд Кеший (ваф. 249/863 й.) “Муснади Абд” китобини, Абу Довуд Таёлисий (ваф. 304/917) “Муснад Таёлисий” китобини ёзди. Ибн Ҳанбалнинг “Муснад”и муснадларнинг орасида энг машҳури, энг каттаси ва фойдаси энг кўпи ҳисобланади. Аммо муснадларда саҳиҳ ҳадислар ҳам, саҳиҳ бўлмаганлари ҳам бор эди [17:38,49].
Ниҳоят III/IХ асрда Муҳаммад ибн Исмоил Бухорий (ваф. 256/870) ҳадис жамлашда янги бир йўналишга асос солди. У фақат саҳиҳ ҳадисларни қамраб олган “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобини ёзди ва унда ҳадисларни бобларга ажратиб тартибга солди. Кейин Имом Бухорийнинг шогирди Имом Муслим (ваф. 261/875) ҳам устозининг йўлидан бориб, “Саҳиҳи Муслим”ни ёзади ва бу китоб “Саҳиҳул Бухорий”дан кейинги мақомни эгаллайди.
Кейинчалик ҳадисларни фиқҳий боблар асосида ёзиш натижасида “сунан” услубидаги китоблар яратилди. Уларда ҳадислар таҳорат, намоз, рўза мавзусига ажратилади. Бунга имом Абу Довуд ва Термизийларнинг “Сунан”и мисол бўла олади. Шундай қилиб, ислом оламида саҳиҳ ҳадислардан иборат китоблар ёзиш кенг ёйилди. Уларнинг орасида имом Абу Довуд, Насоий, Термизий ва Ибн Можаларнинг тўпламлари катта шуҳрат ва эътибор топди ва олдинги икки саҳиҳ билан қўшилиб, “Олти саҳиҳ тўплам” мажмуасини ташкил этди.
Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ” ҳадислар тўплами ҳадис тадвинининг биринчи давридан Имом Бухорий давригача ёзилган Сунан китоблари силсиласининг бир давомчи ҳалқаси ҳисобланади. Бу ҳалқа олдингиларини тўлдириб камолига етказди. Имом Бухорий ўзидан олдинги имомларнинг тасниф этган асарларидан истифода қилди, уларни таҳлил қилиб ўрганди.
Имом Деҳлавий Имом Бухорийдан олдинги муҳаддислар тасниф этган ҳадис тўпламлари ва тасниф йўналиши борасида шундай дейди: “Муҳаддислар ҳадис илмида ёзган илк асарларни қуйидаги тўрт фан(йўналиш)га ажратди: Имом Моликнинг “Муватто” ва Суфённинг “Жомеъ” асарлари каби Сунна – фиқҳий асарлар. “Китаб Ибн Журайж” каби тафсир фанига оид асарлар. “Китаб Муҳаммад ибн Ишоқ” каби Сийрат фанига оид асарлар. “Китаб Ибн Муборак” каби Зуҳд ва Риқоқ фанига оид асарлар [9:25,11:78].
Имом Бухорий бу тўрт йўналишни жамлаб олдинги ва ўз замонасининг олимлари саҳиҳ деб ҳукм қилганини ўз китобига жамлашни ирода қилган. Шунингдек, унда марфуъ, муснад ва бошқа ҳадисларни жамлаган. Шунинг учун у ҳадислар тўплами китобини “Ал-Жомеъ ас-саҳиҳ ал-муснад” деб номлаган.
II/VIII‑III/IX асрларда сунна йўналишида таълиф ва тасниф иши ўта даражада фаоллашиб кетиб, ҳатто ўнлаб, балки юзлаб Сунна китоблари ёзилди. Бу асарларнинг кўплигидан уларни қуйидагича гуруҳларга ажратиш мумкин: Сунан асарлар, Мусаннафот асарлар, Жомеъ асарлар, Муснад асарлар, Тафсир асарлар, Ғазот ва сийрат асарлар ва махсус бобларда келтирилган алоҳида жузлар.
“Сунан” жанридаги китоблар: “Пайғамбар (С.А.В.)нинг ибодатларда тутган йўллари” услубига кўра тасниф этилган ҳадис тўпламлари. Бу услубда ёзилган ҳадис тўпламида ҳадислар фиқҳий тартибга кўра бобларга ажратилиб, маълум мазҳаб аҳкомларини далилловчи ҳадислар ифода этилган. Бу услубда тасниф этилган ҳадис тўпламлари “Жомеъ” услубида ёзилганидан фарқ қилиб унда ақида, одоб-ахлоқ, тарих, сийрат ва шунга ўхшаш масалаларга оид ҳадисларни учратмайсиз. Унда фақат фиқҳий масалага оид ва аҳком ҳадислар билан чегараланган. Қуйида Имом Бухорий асригача бўлган энг муҳим ва машҳур Сунанлар тўғрисида маълумот келтирилади:
- Aбул Валид Aбдулмалик ибн Aбдулазиз ибн Журайж Румий (ваф. 768/151)нинг Сунани. Бу ҳақда Муҳаммад ибн Жаъфар Каттоний (ваф. 1345) «Aр-Рисала ал-Мустатрафа» китобида айтиб ўтган [3:22,15:169].
- Саъид ибн Мансур (ваф. 227/842)нинг “Сунан” ҳадислар тўплами китоби. Бу асар Шайх Ҳабибур Раҳмон Aъзамий таҳқиқи билан икки жилдда нашр қилинган, лекин тўлиқ эмас. Унда 2978 ҳадис бўлиб, улар Фароиз китоби билан бошланган, сўнг никоҳ ва унга боғлиқ масалалар, талоқ, жиҳод билан давом этган. Бу асар нашр қилинган [6:79,16:5].
- Муҳаммад ибн Саббоҳ (ваф. 227/842)нинг “Сунан” ҳадислар тўплами китоби. Бу ҳақда Каттоний «Aр-Рисала ал-Мустатрафа» китобида айтиб ўтган [3:23,9:25].
- Имом Доримий (ваф. 255/840)нинг “Сунан” ҳадислар тўплами китоби. Бу китобнинг исноди олий бўлиб, Учлик (Сулосиёт) ҳадислари Бухорийникидан кўплиги айтилган. У Бухорийнинг шайхларидан. Бу китоб икки жилдда нашр қилган. Ҳофиз Aлоий у ҳақда шундай дейди: “Доримийнинг китоби Ибн Можанинг Сунанининг ўрнига бештанинг олтинчиси бўлиши лозим эди. Чунки унда мурсал ва мавқуф ҳадислар мавжуд бўлса-да, заиф ровийлар кам ва мункар шозз*[1] ҳадислар жуда оз берилган. Мана шу сабабдан бу китобдан устундир” [8:100].
Ҳофиз ибн Ҳажар айтади: «Aгар бештанинг ичига киритилганда ҳам Ибн Можаникидан яхши эди. Чунки унинг сунани уникидан кўп томонлама устун» [3:24].
“Мусаннафот” ва “Жомеъ” жанридаги китоблар: Булар фиқҳий бобларга кўра тартиб берилган китоблар бўлиб, ўзига Сунан ва унга тааллуқли ҳадисларни қамраб олган. Улар жуда кўп бўлиб, уларнинг энг машҳур ва муҳимлари келтириб ўтилади:
- Ҳадис ҳофизларидан бири Aбу Аруба Муаммар ибн Рошид Aздий (ваф. 153/770)нинг “Жомеъ” ҳадислар тўплами китоби [15:190]. Бу асарнинг қўлёзма нусхаси Файзулло ва Анқара кутубхонасида сақланади. Уни Туркиялик Олим Фуад Сезгин таҳқиқ қилиб нашрга тайёрлаган.
- Мужтаҳид имомлардан саналган Суфён Саврий (ваф. 161/778)нинг “Жомеъ” ҳадислар тўплами китоби. Бу ҳақда Имом Бухорий “Тарихул Кабир” асарида, Ибн Ҳажар Асқалоний “Таҳзибт тазҳиб” асарида зикр қилган [6:111].
- Ҳаммод ибн Салма (ваф. 167/784)нинг “Мусаннаф” ҳадислар тўплами китоби. Ҳадис ҳофизи Ҳаммоддан Муслим ва барча сунан соҳиблари ҳадис ривоят қилган.
- Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний (ваф. 189/805)нинг қаламига мансуб «ал-Осор» ҳадислар тўплами китоби. Бу китоб фиқҳий масалалар бўйича 628та марфуъ, мавқуф ва мурсал ҳадисларни қамраб олган. Устоз Aбул Вафо Aфғоний изоҳи билан икки жилдда нашр қилган. Ҳофиз ибн Ҳажар бу асар ровийларининг таржимаси ҳақида кичкинагина жуз ажратган ва уни “Ал-Ийсор ли маърифат рувотил осор” деб номланган ва бу асар ҳам нашр қилинган [1:14,32].
- Вакиъ ибн Жарроҳ (ваф. 197/813) “Мусаннаф” ҳадислар тўплами китоби. Имом ва Ҳадис ҳофизларидан Суфён ибн Уяйна (ваф. 198/814)нинг “Жомеъ” ҳадислар тўплами китоби. Бу ҳақда Ҳофиз Абу Бакр Аҳмад ибн Али Хатиб Бағдодий ва бошқалар ўз асарларида зикр қилган [2:174].
- Aбдураззоқ ибн Ҳаммом Санъоний (ваф. 211/826)нинг “Мусаннаф” ҳадислар тўплами китоби. Ҳабибурраҳмон Aъзамий таҳқиқи билан ўн бир жилдда чоп этилган. 21033та асар (ҳадис)дан иборат бу китоб Салаф олимларнинг асарлари ва тобеинларнинг фиқҳини қамраб олган манбаларнинг энг сараси деб тан олинади. “Фатҳул Борий” ва “Тағлиқут таълиқ” асарида ёзилишича Имом Бухорий бу асардан ўзи келтирган ҳадисларда кўп истифода қилган.
- Aбу Бакр ибн Aбу Шайба (ваф. 235/850)нинг “Мусаннаф” ҳадислар тўплами китоби. Бу 15 жузда тасниф этилган, 19789та ҳадисдан иборат. Имом Бухорий улардан “Саҳиҳул Бухорий” китобида кўп фойдаланган [3:25].
“Муснад” жанридаги китоблар: Бу китобларда ҳадислар саҳиҳ, ҳасан ва заиф бўлишидан қатъий назар ҳар бир саҳобанинг ҳадиси, исми ва ундан ривоят қилинган ҳамма ҳадислар келтирилади. Бунда ҳадисни қайси мавзуга тааллуқли экани инобатга олинмайди. Бу жанрда ҳадис тўплаганлар кўп бўлиб, баъзилари қабилаларига ёки исломни қабул қилганига ёки насабининг мартабасига қараб ёки бошқа сабабларга кўра шундай тузган. Баъзи муснадларда биргина (масалан: Aбу Бакрнинг муснади) ёки бир гуруҳ саҳобийларнинг (тўртлик ё ўнлик муснад) ҳадислари ёки бир тоифага мансуб саҳобаларнинг ҳадислари билан масалан, “Озчилик муснади” ёки “Мисрга келган саҳобалар муснади” каби номлар билан номланган.
Бу жанрда ёзилган ҳадисларнинг тўплами жуда кўп бўлиб, муснад асари бўлмаган ҳадис имоми жуда оз топилади. Жумладан:
- Имом Aҳмад ибн Ҳанбал (ваф. 241/856)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби. У муснадларнинг энг олийси бўлиб, бу жанрдаги китоблар зикр қилинганда бу асар тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтилади. Бу китоб бир неча марталаб чоп этилган. Аллома Aҳмад Шокир ўз таҳқиқининг муқаддимасида у ҳақда кўп маълумотлар берган [3:26].
- Aбу Довуд Таёлисий Ҳофиз (тах.ваф. 203/819)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби [5:26,15:353]. Бу асар бир жилдда чоп этилган. Унга ровий Юнус ибн Ҳабиб Абу Бишр Ижлий (ваф. 267/881) ривоят қилган ҳадислар киритилган.
- Aбу Муҳаммад Убайдуллоҳ ибн Мусо ибн Aбул Мухтор Aбасий Куфий (ваф. 213/828)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби. У биринчи бўлиб “Муснад” жанрида ҳадис тўплаган муҳаддис ҳисобланади [15:353].
- Aбу Исҳоқ ибн Наср ибн Иброҳим Матуъий (ваф. 213/828)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби [3:26].
- “Aсадус Сунна” номи билан танилган Aсад ибн Мусо Уммавий (ваф. 212/822)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби. Абдулмалик ибн Марвоннинг авлодидан бўлган бу шахсга Имом Бухорий, Абу Довуд ва Насоий ҳадисларини таълиқ **[2] қилган ҳолда ривоят қилган [5:26].
- Мусаддад ибн Мусарҳад Aсадий Басрий (ваф. 221/836)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби. У киши Басрада биринчи бўлиб “Муснад” жанрида ҳадис тўплаган муҳаддислардан ҳисобланади. Унга Имом Бухорий, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ва Насоийлар ҳадис ривоят қилиб берган.
- Исҳоқ ибн Иброҳим ибн Роҳавайҳ (ваф. 238/853)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби. Бу киши Бағдодда Имом Аҳмаднинг ҳамнишини ва Бухорийнинг улуғ шайхи саналади. Бу асарнинг 4 жилд қўлёзма нусхаси ҳали ҳам “Дарул кутубул мисрийя”да сақланмоқда [16:433].
- Aбу Бакр ибн Муҳаммад ибн Aбу Шайба (ваф. 235/850)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби. Бу киши сиқа ҳадис ҳофизи, ундан Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можалар ҳадис ривоят қилган.
- Усмон ибн Муҳаммад ибн Aбу Шайба (ваф. 239/854)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби. Бу муҳаддис Бухорийнинг катта устози ҳисобланади. Бу киши ҳам машҳур сиқа ҳадис ҳофизи, ундан Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можалар ҳадис ривоят қилган [5:27].
- Aбу Бакр Aбдуллоҳ ибн Зубайр Ҳумайдий (ваф. 219/834)нинг “Муснад” ҳадислар тўплами китоби. Бу киши ҳам машҳур сиқа ҳадис ҳофизи, Бухорийнинг улуғ шайхи ҳисобланади. Ҳокимнинг зикр қилишича, Бухорий Ҳумайдий ҳузурида бирор ҳадис эшитса, кейин ўша ҳадисни ундан бошқадан сўрамаган [5:27]. Бу асар Шайх Ҳабибур Роҳман Аъзамий таҳқиқи ва таълиқи билан 2 жилдда нашр этилган. Бу ҳадислар тўплами 1300 ҳадисни қамраб олган [3:27].
- Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Кеший (ваф. 249/863 й.)нинг “Муснади Абд” ҳадислар тўплами китоби. Бу муҳаддис Мовароуннаҳрда ҳадис илмининг ривожига ўзининг муҳим асарлари, илм-маърифати билан катта ҳисса қўшган. Имом Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий, Имом Доримийнинг “Сунан Доримий”, Имом Муслимнинг “Саҳиҳ Муслим” ва Имом Термизийнинг “Сунан Термизий” асарларида Абдулҳамид Кешийдан ҳадислар ривоят қилингани аниқланган. Тадқиқотчи Ш.Умаров Абд ибн Ҳумайд ибн Наср Кешийнинг ҳаёти ва илмий фаолияти бўйича илмий изланиш олиб борган.
Булардан ташқари, Имом Бухорийнинг ўзи ҳам “Ал-Муснад ал-Кабир” номли муснад тасниф этган. Шунингдек, Имом Муслим ибн Ҳажжожнинг ҳам ровийлар (рижол) ҳақида катта Муснад асари мавжуд. Бу каби кўплаб асарларни келтириш мумкин. Манбаларда муҳаддис олимлар Имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асари ва бошқа асарларида улардан истифода қилгани тўғрисида фикрлар айтилган [3:33].
Ҳижрий II-III-асрларда ҳадис илми билимдонлари «Суннат»ни қайд қилиш, уларни турли мусаннафот асарлар шаклида тадвин қилиб сақлаш ва ёзишда турли услубларни қўллашга уринган.
Хулоса ўрнида Имом Бухорийнинг «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» асари Имом Молик, Ибн Журайж, Aвзоий, Ибн Муборак ва бошқа илк мусаннифларнинг асарлари асосида тасниф этилган бўлиб, уларнинг давомчиси ёки жамловчиси дейиш мумкин.
Салаф Мусаннифлар ҳадисларни Имом Моликнинг “Муватто”сида қандай бўлса, худди шундай шаклда фиқҳ билан аралаштириб, келтирган. Шунингдек, улар тўпламларида олимлар, фақиҳлар, тобеинлар ва амсор(шаҳарлардаги)ларнинг фикрини ҳам зикр қилган. Имом Бухорий салафларнинг бу услубини четда қолдирмади, балки ҳадиснинг фиқҳий жиҳатига батафсил тўхталмай уни таржималар ичига киритиб юбориш орқали қисқа йўлни танлади. Ҳатто уламоларнинг орасида «Имом Бухорийнинг фиқҳи унинг таржималаридадир» деган сўз тарқалди. Бухорий тутган йўлини ва танлаган услубини оят ва асарлар билан қўллаб-қувватлайди. Сўнг, боб ҳақидаги марфуъ муснад ҳадисларни келтиради. “Саҳиҳул Бухорий” мана шу тарафлари билан ҳадислар тўплами китобларининг орасида ажралиб туради.
Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китоби ақида, фиқҳ, тафсир, ғазотлар, сийрат, зуҳд, риқоқ, фазилатлар ва одоблар каби турли илмларни ўзига жамлаган. Ундан олдинги уламолар эса фақат биттагина илмга бағишлаб китоб ёзган. Масалан, “Сунан”, “Жомеъ” ва “Муватто”лар фақат фиқҳий аҳкомларга бағишланган. “Сийрат” ва “Ғазот” китоблари ҳам шундай. Тафсир китобларида ҳам тафсирдан бошқа яъни, фиқҳ, сийрат ва ғазот илмлари йўқ. Ҳадис жузларига келадиган бўлсак, улар фақатгина илм бобларидан бирига ажратилган бўлади холос. «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» эса бу илмларнинг барчасини ўз ичига олган.
Бухорийдан олдинги уламолар ўз тўпламида саҳиҳлигини лозим тутмай марфуъ ҳадисларни ҳам киратаверган. Унда саҳиҳ, ҳасан, заиф ҳатто мавзуъ ҳадисларни ҳам жам қилган. Имом Бухорий эса ҳадисларнинг фақат саҳиҳлари билан чекланган. Шунинг учун унинг китоби «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ» (барча йўналишдаги ишончли ҳадислар тўплами) деб номлаган.
Ундан олдинги олимлар китобида марфуъ ҳадис ва мавқуф асарлар, муттасил, ва мунқатиъларини бирдай жам қилаверган. Лекин Бухорий китобини Расулуллоҳ (С.А.В)дан муттасил санад билан етиб келган ҳадисларга бағишлаган, лекин унда гувоҳлик учун асар ва мавқуфларни ҳам зикр қилиб ўтган. Унда кўпгина мавқуф, асарларни келтиради ва одатда уларни таълиқ сифатида ривоят қилади. Aслида улар асл мақсад эмас, балки олдингиларга эргашув ва суяниш юзасидан келтирилган. Шунинг учун уни «Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ ал-Муснад(суянган)» деб номлаган. Бу ишончли ҳадислар тўпламини ислом динининг асосий манбаси сифатида мусулмон жамоатчилиги ҳамон ўрганиб, тадқиқ этиб турли тилларга таржима қилмоқда.
- Абдуллоҳ Муҳаммад Ҳасан. Жуҳуду уламоул ҳадис фи тавсиқин нусус ва зобтиҳа. –Кувайт. Визарутул авқоф ва шуъунил исламия. 2013.
- Абу Бакр Аҳмад Ибн Али Хатиб Бағдодий. Тарих Бағдад Ж.11. Дарул кутубил илмия. 2011. Ж.9.
- Абу Бакр Кафи. Манҳажул Имом Бухорий фи тасҳиҳил аҳадис ва таълилиҳа (мин хилал ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ). –Байрут. Дарул ибн Ҳазм. 2000.
- Абу Исо ат-Термизий. Аш-Шамойил ан-Набавийа / Таржимон Уватов У. –Т.: Чўлпон, 1993.
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Тақрибут тазҳиб. Таҳқиқ: Муҳаммад Аввама. –Ҳалаб. Дурур Рашид. 1991.
- Ибн Ҳажар Асқалоний. Таҳзибут таҳзиб. –Байрут. Дарулфикр. Ж.6.1984. Ж.4.
- Муратов Д. Абдуллоҳ ас-Субазмунийнинг “Кашфул-асрор” асари ҳадис илмига оид манба. Тар.фан.ном….диссерт. –Т:. ТИУ, 2009.
- Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ибн Муҳаммад. Шамсиддин Саховий.Фатҳул Муғис, би шарҳ алфиятил ҳадис. Таҳқиқ: Абдулкарим ибн Абдуллоҳ Дарул манаҳиж. Ж.5. 2005. Ж.1.
- Муҳаммад Ибн Жаъфар Каттаний. Аррисалатил мустатрафа ли баян машҳур кутубис суннатил мушаррафа. –Байрут. Мактабатил куллиятил азҳария. 1993.
- Муҳаммад ибн Матор Заҳроний. Тадвин ас-Сунна ан-набавиййа нашъатуҳу ва татоввуруҳу. – Риёз: Мактабат дарил минҳож, 2005.
- Рифъат Фавзий Абдулмуттолиб. Кутубу сунна дироса тавсиқия. –Миср. Мактабатул ханажи. 1979.
- Рифъат Фавзий Абдулмуттолиб. Манаҳижул муҳаддисин. –Қоҳира. Дарус салом. 2008.
- У.Уватов. Муслим ибн ал-Ҳажжож. –Т.: А.Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 1995.
- А.Б.Халидов. Арабские рукописи и арабская рукописная традиция. –М.: Наука, 1985.
- Шамсиддин Заҳабий. Тазкиратул Ҳуффаз. Байрут. Дарул кутубил илмия. Ж.1.
- Шамсиддин Заҳабий. Тазкиратул Ҳуффаз. Байрут. Дарул кутубил илмия. Ж.2.
- Ibrahim Fawzi. The documentation of sunnah and hadith. –London, United Kingdom. Riad El-Rayyes Books. 1995.