Home / МАҚОЛАЛАР / АМИР ТЕМУРНИНГ АВЛИЁЛАР ВА ДИН ПЕШВОЛАРИНИНГ МАҚБАРАЛАРИГА ВАҚФ МУЛКИ АЖРАТИШИГА ОИД БАЪЗИ МАЪЛУМОТЛАР (“ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ” МИСОЛИДА)

АМИР ТЕМУРНИНГ АВЛИЁЛАР ВА ДИН ПЕШВОЛАРИНИНГ МАҚБАРАЛАРИГА ВАҚФ МУЛКИ АЖРАТИШИГА ОИД БАЪЗИ МАЪЛУМОТЛАР (“ТЕМУР ТУЗУКЛАРИ” МИСОЛИДА)

Юртимизда, умуман ислом дунёсида вақф мулки ер эгалигининг муҳим бир тури ҳисобланиб келган. Вақф сиёсати эса мусулмон давлатларининг қишлоқ хўжалиги ва диний сиёсатининг муҳим йўналиши бўлган.

“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”да вақфга шундай таъриф берилади: “Вақф (араб.) — мусулмон мамлакатларида давлат ёки айрим шахслар томонидан диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун ажратилган мол-мулк. Вақфнома орқали расмийлаштирилади. Ер-сув, уй жой, мактаб, масжид, шифохона ва бошқалар вақф мулки бўлиши мумкин. Ўз мулкини вақфга топширган шахс бу мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини йўқотади. Лекин унинг ўзи ёки оила аъзолари ёхуд учинчи бир шахс вақф мулкидан вақфномада қайд этилган мақсадларда фойдаланилаётганини аниқлаш учун вақф мулкини бошқариш ҳуқуқини сақлаб қолиши мумкин. Ўз мулкини вақф мулки сифатида топширган шахснинг фарзандлари ёки бошқа авлодлари бу вақф мулкидан келадиган даромадлардан нафақа олиб туриши мумкин. Вақф мулкини шариат қонуни бўйича давлат бошлиғи ёки қози назорат қилади. Бу тартиб Шарқнинг баъзи мамлакатларида ҳозир ҳам амалда [1:79]”.

Вақфнома – мулк эгаларининг ўз мол-мулкларини диний эҳтиёж ёки хайрия ишлари учун бергани тўғрисидаги ҳужжат. Вафқномада мулкнинг вақфга ўтказилишининг сабаби, мулк эгасининг номи, вақф мулкидан фойдаланиш тартиби, вақф қилинган мулкнинг бошқарувчиси ва гувоҳлар кўрсатилади. Вақфга гувоҳларнинг шаҳодати ва қозининг тасдиғи керак бўлади [1].

Амир Темур даврида ҳам қишлоқ хўжалигининг кенг тарқалган тури бу вақф мулки эди. Соҳибқирон саййидлар, авлиёлар ва дин пешволарини моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириб турган. Улар вафот этгач қабри ва мақбарасини обод қилган. Хусусан, у Туркистондаги Аҳмад Яссавий ва унинг отаси Иброҳим ота, онаси Қорасоч она, устози Арслонбоб ота, Самарқанддаги Қусам ибн Аббос, Руҳобод, Тошкентдаги Занги ота, шайх Зайниддин бобо, Шайхонтоҳур бобо, Сузук ота ва бошқа азиз-авлиёларнинг қабри ва мақбарасини обод қилган ва муҳташам қурилишлар олиб борган ва албатта у ерларнинг таъминоти учун вақф ажратган. Шунингдек, Амир Темур мамлакатдаги мадраса ва хонақоҳларнинг таъминоти учун ҳам вақф ажратган.

Вақф мулки ҳақида “Темур тузуклари”да талайгина маълумотлар бор. Унда “Саййидлар, уламо, машойих, фузало, акобир ва улуғларни азиз тутсинлар… Авлиёлар, дин пешволарининг мозорлари ва мақбараларига вақфдан маблағ ажратсинлар. У ерларни палос, таом ва чироқ билан таъминласинлар [2:162]”, дейилган.

Давлат вақфларда ишнинг тартиб-қоида билан олиб борилишини назоратга олган. Бу ҳақда “Тузуклар”да “Амр қилдимки, садрлар садри саййидлар ва бошқа арбобларга суюрғол тариқасида берилган ерлар ва вақфларнинг аҳволини, улар вазифаларини қай даражада адо этаётганини текшириб, менга арз қилиб турсин”, дея таъкидланган.

Амир Темурнинг салтанатида нафақат Мовароуннаҳрда, балки Эрон, Сурия, Ироқ ва бошқа ҳудудларда ҳам вақф мулки кўп бўлган.

“Темур тузуклари”да “Биринчи навбатда амир ал-мўминин, мард кишилар шоҳи Али ибн Абу Толиб [3:24]нинг унга Аллоҳнинг карами ва эҳсони бўлсин, муқаддас қабрларини яхши сақлаш учун Нажаф билан Ҳиллани вақф этиб берсинлар [2:162]”, дейилади.

Ривоятларга кўра, Али ибн Абу Толиб Куфада қазо қилгач, унинг жасадини махфий тутишни жоиз деб билишади ва жасадни туяга ортиб шаҳар ташқарисига чиқариб унинг қаерда чўкишини кузатишади. Туя ҳозирги Нажаф шаҳри ўрнида тўхтайди ва Али ибн Абу Толиб шу ерга дафн этилади. Ўн йиллар давомида унинг қабри сир сақланади. Бир куни Хорун ар-Рашид [4] ов қилаётиб бу сирли қабрга дуч келади ва атрофда яшаётган одамлардан у ҳақда суриштиради. Маълум бўлишича, мана шу қабр Али ибн Абу Толибга тегишли экан. Хорун ар-Рашид бу ерда катта мақбара қурдиради. Мақбаранинг атрофида аҳоли сони ошиб Нажаф шаҳри шаклланади. Амир Темур Ироқдаги Нажаф ва Хилла ҳудудларидан келган даромадларни Али ибн Абу Толиб мақбарасининг харажатлари ва хизматчиларининг маошлари учун ажратиш ҳақида фармон берган [2:162].

“Темур тузуклари”да “Имом Ҳусайннинг [5] Аллоҳ ундан рози бўлсин нурга чўмган муқаддас мозори, авлиёлар улуғи шайх Абдулқодир Жилонийнинг муқаддас қабри, имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин мақбарасини, Бағдодда нурга чўмган бошқа машойихлар, дин пешволари, улуғларнинг мозорларини яхши сақлаш учун баҳоли қудрат Карбало, Бағдод ва уларнинг атрофидаги қишлоқлар ва бошқа жойлардан вақф сифатида ер-сув ажратсинлар [2:163]”, дейилади.

Имом Мусо Козим (Шиаларнинг еттинчи имоми. 799 йилда вафот этган), имом Муҳаммад Нақий (Шиаларнинг ўнинчи имоми), Салмон Форсий (Муҳаммад (С.А.В.)нинг форс саҳобаси. 655 йилда вафот этган)нинг равзалари учун эса Жазоирнинг экин майдонларидан ва Мадоин (Жазоир (Бирлиги – Жазира) – Ироқнинг шимоли) даромадидан вақф белгиланган. Имом Али ибн Мусонинг (Шиаларнинг саккизинчи имоми. 821 йилда вафот этган) табаррук равзалари учун Кутаҳбаст ва Тус шаҳри атрофидаги ерлардан вақф ажратилган. Уларга палос, чироқ ажратилган ва хизматчиларга кундалик эҳтиёж маҳсулотлари ва озиқ-овқат бериб турилган.

Шунингдек, Эрон ва Турондаги шайхларнинг мозорлари ва қабрлари учун ҳар бирига алоҳида, номма-ном назру вақфлар ажратилган [2]. “Темур тузуклари”даги маълумотлардан вақф мулки Амир Темур даврида энг катта ер эгалиги тури бўлганини англаш мумкин. Амир Темур ва темурийлар давридаги вақф мулки алоҳида тадқиқотларда ўрганилиши керак деб ҳисоблаймиз. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР:
  1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси. В ҳарфи «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриёти, –Т., 2001.
  2. Temur tuzuklari. / A.Temur. – T.: Yoshlar nashriyot uyi, 2018.
  3. Ас-Салляби, ‘Али Мухаммад С.’Али ибн Абу Талиб. Четвёртый праведный халиф / Пер. С араб., прим., комм. Е.Сорокоумовой. –М.: Умма, 2013. –Часть текста парал. рус, ар. – (История Халифата).
  4. https://qomus.info/encyclopedia/cat-h/horun-ar-rashid-uz// Ҳорун ар-Рашид (763 ёхуд 766809.24.3) – аббосийлар сулоласидан бўлган халифа (786 йилдан). Эрон зодагонлари манфаатини ифода этувчи бармакийлар хонадонидан чиққан вазирлар ёрдамида ҳокимиятни идора қилган, 803 йил бармакийларни қирғин қилгач, давлатни якка ўзи бошқарган. Ҳорун ар-Рашид даврида мамлакатда қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, савдо ва маданият (асосан, адабиёт) анча ривожланган. Лекин шу билан бирга давлатнинг таназзулга юз тутганининг белгилари ҳам намоён бўла бошлаган (Дайлам, Сурия ва бошқа вилоятлардаги қўзғолонлар). Ҳорун ар-Рашид Византия билан ўтмишдошлари бошлаган урушни давом эттирган. Ҳорун ар-Рашид шахси ҳақида кўплаб ривоятлар, бадиий асарлар яратилган. «Минг бир кеча» эртакларида у олижаноб, адолатли ҳукмдор сифатида тасвирланган. У Мовароуннаҳрдаги Рофи ибн Лайс қўзғолонини бостириш учун ҳарбий сафарга чиққанида вафот этган.
Акбар ДАМИНОВ,
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси
чорвачилик ва биотехнология университети
“Гуманитар фанлар, маданият ва жисмоний тарбия” кафедраси
катта ўқитувчиси

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …