Home / ЯНГИЛИКЛАР / ХАЙРУ САХОВАТ ВА ЭЗГУЛИК АЙЁМИ

ХАЙРУ САХОВАТ ВА ЭЗГУЛИК АЙЁМИ

Халқимизнинг байрамлари кўп. Улар орасида икки диний байрам – Ийд ал-фитр ва Ийд ал-адҳо ҳам алоҳида сурур билан нишонланади. Рамазон ҳайитини бир ойлик рўза ибодатининг шукронаси сифатида эъзозлаймиз. Бу муқаддас ойда киши руҳи ва танасини поклайди, иродасини чиниқтириш орқали имон-эътиқодини янада мустаҳкамлайди. Шу тариқа Парвардигорнинг раҳматига йўллар очади. Қурбон ҳайити зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунлиги якунига тўғри келади. Ислом меҳр-мурувват, саховат, инсонпарварлик, бағрикенглик, маърифат ва тинчликпарварлик дини сифатида силаи раҳм, каттага ҳурмат, кичикка иззат, етимларга ғамхўрлик ва муҳтожларга ёрдамни ҳам улуғ ибодатлар қаторига қўшган.

Зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунида бу фазилатлар янада ёрқин намоён бўлади. Одамлар ушбу ғанимат кунларда зикр, намоз, рўза ва эҳсонга, ҳаром амаллардан сақланишга, қалб поклиги ва ҳусни хулққа яна ҳам кўпроқ эътибор беради. Гина-кудуратлар бўлса, узр-маъзур қилади. Имкон қадар ўзгаларнинг оғирини енгил қилишга шошилади. Ҳаж ибодати ҳам айни шу кунларда адо этилади. Шу боис, бу ой “зулҳижжа”, яъни “ҳаж соҳиби” деб аталади.

Қурбон ҳайитининг яна бир улуғ жиҳати бор. Бу кунларда бутун дунё бўйлаб миллионлаб йўқсилларнинг баҳри дили очилади — улар анчадан буён кўрмай-тотмай келаётган неъматлардан баҳра олади. Сир эмаски, жаҳонда ҳаётида “кўрмоқ” ва “емоқ” сўзлари уйғунлашмай келаётган миллионлаб одамлар бор. Хусусан, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги бўйича ташкилоти — ФАО маълумотларига кўра, бугун дунёда 828 миллиондан зиёд инсон очликдан азият чекмоқда. Шуни инобатга оладиган бўлсак, Ийд ал-адҳонинг нақадар муаззам айём экани янада яққол намоён бўлади.

Бугун мамлакатимизда ана шу улуғ байрам шукуҳи кезиб юрибди. Юртдошларимиз бу кунларда муттасил равишда саховат амалларини адо этмоқда. Кўпчилик буларни бажариш баробарида, динимиздаги инсонпарварлик ғояларини тараннум этувчи буюк ибодат — қурбонлик амалини ҳам бажармоқда.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: “Улар ўз (диний ва дунёвий) манфаатларига шоҳид бўлиш учун ва маълум кунларда (Аллоҳ) уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларига (уларни қурбонлик учун сўйишда) Аллоҳ номини зикр қилиш учун келурлар. Бас, ундан ўзингиз ҳам еяверингиз, бечора-камбағалларга ҳам едирингиз!” (Ҳаж сураси, 27-28-оятлар).

Машҳур тафсир уламолари “маълум кунлар” жумласини зулҳижжа ойининг биринчи ўн кунлиги деб эътироф этган. Оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг дастлабки ўн куни динимизда ҳаёти дунёдаги энг афзал кунлар деб таърифланади.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу кунларда қилинган яхши амаллар Аллоҳ таолога бошқа кунлардагидан кўра суюклироқдир”, деганлар.

Шу боис, зулҳижжанинг биринчи ўн кунлигида юртимиз мусулмонлари ҳамжиҳатлик билан жойларда ногиронлар, ёлғиз кексалар, боқувчисиз қолганлар, кам таъминланган оилалар, меҳнат фахрийларини йўқлаб, ҳолидан хабар олиб, кўтаринки кайфият улашади. “Меҳрибонлик”, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига зиёратлар уюштирилади, хайрия тадбирлари ўтказилади.

Яна бир жиҳатни таъкидлаб ўтиш лозимки, биз билан бир заминда елкадош бўлиб яшаб келаётган бошқа дин вакилларининг шу кунларда юртимиз мусулмонларини хайр-саховат ва эзгулик байрами бўлмиш Қурбон ҳайити билан муборакбод этиши асрий анъана ҳисобланади. Бу гўзал анъана азиз Ватанимизда турли конфессиялар вакиллари бугун ҳам тинч-тотув, дўст-биродар бўлиб истиқомат қилиб келаётгани, жамиятимизда амалда диний бағрикенглик руҳи ҳукм сураётганининг яна бир ёрқин далилидир.

Дарҳақиқат, тинчлик, осойишталик ва ҳаловатдан азизроқ неъмат йўқ бу дунёда. Нотинч юртда тўй-томоша, хурсандчилик, ўйин-кулги бўлмайди, бўлганда ҳам татимайди. Урушнинг энг яхши куни ҳам тинчликнинг энг ёмон кунига тенг кела олмайди, дейдилар. Уруш ҳаловатни олиб кетади, инсонлар орасидан меҳр-оқибатни аритади, улуғ, эзгу мақсадлар, хайрли режалар, истиқболли ғоя ва бунёдкорлик ишларини бутунлай хаёлдан фаромуш қилади, юртдан хайр-баракани кетказади. Айтиш мумкинки, турли миллат ва элат вакилларидан иборат юртдошларимизнинг барчаси муборак айём нафаси барқ уриб турган мана шу кунларда буни қалбан, дилдан ҳис қилиши, ҳушёрлик ва огоҳликни қўлдан бермай, осуда ва фаровон ҳаётимизнинг ҳар лаҳзасига шукрона келтириши зарурдир.

Биз халқимизга хос бўлган фазилатлар билан ҳақли равишда фахрланамиз. Булар орасида энг қийин вазиятларда ҳам куч-қудратимиз, нималарга қодирлигимизни намоён этадигани, шак-шубҳасиз, бирдамлик, аҳиллик, бағрикенгликдир. Шу сабабли ҳам “Куч — бирликда!” деган нақл азалдан қон-қонимизга сингиб кетган. Ҳеч бир хавф ё таҳдидни асло ёлғиз ҳолда даф этиб бўлмайди, уни фақат биргаликда, ҳамжиҳатлик билан, жипслашиб енгиш мумкин. Буюк тарихга эга, дунё тамаддунининг ҳар бир жабҳаси ривожига беқиёс ҳисса қўшган алломаларга авлод бўлган халқимизнинг ҳикмат ва донолик билан тинчликни мудом қадрлаб, муқаддас байрамларни виқор ва шукуҳ билан тантана қилиб келаётгани таҳсинга сазовордир.

Минг шукрки, ҳаж амали фарз бўлган мусулмонлар учун Макка яна ўз бағрини очди. Бутун башарият бошига тушган оғир синов — COVID-19 пандемияси сабабли ушбу ибодат вақтинча тўхтатиб қўйилган эди. Тўғрида, инсон саломат бўлсагина, соғлиғига хавф таҳдид солмасагина ибодатни мукаммал адо эта олади. Тана соғлом бўлмаса, ҳеч нарса кўнгилга сиғмайди, ҳеч нарсага қўл бормайди.

Шу кунларда бутун дунё мусулмонлари қатори минглаб юртдошларимиз ҳам ҳаж зиёратини адо этмоқда. Мамлакатимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, жорий йилда Ўзбекистондан муборак ҳаж сафари учун ажратилган квоталар сони сезиларли даражада оширилгани ҳам байрам устига байрам бўлиб, барчамизнинг қувончимизга қувонч қўшди.

Яна бир томони борки, буни алоҳида қайд этмаса бўлмас — бу йил зиёратчилар Ҳажжи акбар соҳиби мақомини олиш шарафига муяссар бўлмоқда. Ҳажжи акбар — энг улуғ ҳаж.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Кунларнинг энг афзали арафа кунидир. Агар у жума кунига тўғри келса, жумадан бошқа кунга тўғри келган етмишта ҳаждан афзалдир!” Ҳа, айни пайтда ҳожиларимиз ажри ва фазилати энг улуғ бўлган ҳажни адо этмоқда. Бу ҳам муқаддас айём — Қурбон ҳайити байрамига ўзгача шукуҳ бағишлайди, албатта.

Фурсатдан фойдаланиб, байрам кунларида юртдошларимиз учун яна бир хушхабарни мамнуният билан етказишни жоиз топдик.

Маълумки, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчилари буюк ватандошимиз Имом Абу Мансур Мотуридий қаламига мансуб “Таъвилотул Қуръон” асарининг 30-жузини ўзбек тилига ўгирган эди. Улуғ айём арафасида бу таржима “Hilol-Nashr” нашриёт-матбаа уйида босмадан чиқарилиб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этилди.

Айтиш керакки, Марказ жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, динимизни соф ҳолатда сақлаб, келгуси авлодларга буюк аждодларимизнинг дурдона асарлари орқали бус-бутун етказишга хизмат қилувчи муассаса сифатида халқимиз тарихида биринчи бўлиб шундай йирик илмий ишга қўл урди. Эндиликда ҳамюртларимиз тарихнинг барча бўҳронли босқичларида ақидавий зарбаларга муносиб қарши тура олган ва муқаддас динимизнинг моҳияти ва маънавий-маърифий аҳамиятини яққол намоён қилишга қодир бўлган бу нодир асардан баҳраманд бўлмоқда.

Қўшалоқ хурсандлик, чуқур масрурлик руҳи уфуриб турган шундай файзли кунларда Имом Бухорий халқаро илмий- тадқиқот маркази жамоаси очиқкўнгил халқимизни Қурбон ҳайити билан қизғин муборакбод этиб, Яратгандан юртимизда тинчлик ва фаровонлик барқарор бўлишини, оилаларимиздан қут-барака аримаслигини тилаб қолади.

Аллоҳ таоло барча ибодатларимизни қабул айлаб, дуоларимизни ижобат этиб, хайрли ишларимизда мададкор бўлсин!

Қурбон ҳайитининг қут-баракаси ва барча фазилати дилларимиз ва гўшаларимизни чароғон қилсин!

Шовосил ЗИЁДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори

Check Also

Мағрур ҳилпирайвер, юртим байроғи!

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида 18 ноябрь куни ходимлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул …