Home / МАҚОЛАЛАР / Динни ниқоб қилганларнинг қисмати

Динни ниқоб қилганларнинг қисмати

Бугунги кунда Ислом ниқоби остида фаолият кўрсатаётган террорчилик ҳаракатларининг Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Чунки тинчлик, инсонпарварлик ва раҳм-шафқат дини бўлган ислом ҳеч қачон зўравонликни, бировлар жонига қасд қилишни, адолатсизликни тарғиб қилмаган, қилмайди ҳам. Қуръони каримда шундай дейилади: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки Ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган кимса худди бутун инсониятни ўлдирган кабидир» (Моида сураси, 32-оят), «Ким бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир» (Нисо сураси, 93-оят). Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким ўз биродарига темир парчаси ила ишора қилса ҳам, фаришталар (ўшани қўймагунча) уни лаънатлаб турадилар. Агар ўша ўзининг ота-она бир ака-укаси бўлса ҳам», деганлар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривояти). Ислом дини ҳар қандай шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, хозирги кунда юртимиздан ҳам кўп ёшлар илмсизлиги туфайли бундайлар сафига адашиб кириб қолмоқда. Динни ниқоб қилганлар уларнинг онгларига ўзларининг разил, ғаразли ғояларини сингдириб, жирканч ишларини амалга оширмоқда. Муқаддас динимиз арконларини аҳмақона фикрлари билан талқин қилмоқда. Ҳаттоки бу разил кимсалар бегуноҳ инсонларнинг умрига ҳам зомин бўлмоқда.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни) нохақ ўлдирманг! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” деб марҳамат қилган (Нисо сураси, 29-оят).
Ислом динида, ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади.
«Шаҳидлик камари» деган сўз бидъатчилар томонидан ишлаб чиқилган уйдирма сўз бўлиб, бундай атамага шариат таълимотида ҳеч қандай ўрин йўқ. Портловчи моддаларни ўз белига боғлаб, ваҳшиёна жиноятларни содир қилишга шайланган одам исломият ва инсониятга қарши жиноят воситасини белига боғлаган бўлади. Қотиллик қуроли ва жиноят воситаси бўлмиш портовчи белбоғини ҳеч қачон шаҳидлик аломати деб ҳисоблаш мумкин эмас. Жиноят қуроли жиноятчини азим ва кечириб бўлмайдиган гуноҳ ботқоғига чўктиради ва шаҳидликнинг олий исломий даражасига қарши туради.
Бу атама аввал таъкидлаганимиздек, бидъатчиларнинг ишлаб чиққан асоссиз, ёлғон, уйдирма, шариатга қарши атамалардан бошқа нарса эмас. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Кимки бир мўмин-мусулмонни қасддан ўлдирса, ўз жойини жаҳаннамдан белгилаб қўйсин», дея марҳамат қилганлар.
Дин номидан иш кўраётган турли адашган оқим тарафдорлари кечириб бўлмайдиган ишлари билан бутун дунёдаги мусулмонлар номига доғ тушираётгани, муқаддас Ислом динимиз ҳақида ёмон тасаввур уйғотаётгани ҳеч кимга сир эмас. Улар шубҳасиз жоҳил кимсалардир.
Биз илм аҳли халқимизга ёт ғояларнинг асл юзини, ғаразли мақсадларини очиб беришимиз, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда бардавом бўлишимиз лозим.
ХХ аср якуни инсоният тарихида терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, мутаассиблик каби иллатлар билан алоҳида ўрин эгаллади. Терроризмни бирор миллат ёки динга нисбат бериш, талқин этиш мутлақо нотўғри. Зеро, терроризмни ҳеч қайси дин, ҳеч қайси миллат оқламайди. У кимнинг ва ниманинг номидан содир этилишидан қатъи назар, уни амалга оширувчи шахс жавобгар ҳисобланиб, тегишли жазога тортилиши шарт.
Ақидапарастлик, бузғунчилик бугунги кунда пайдо бўлган долзарб масала эмас, бу муаммога буюк алломалар ҳам кўп мурожаат этиб, унинг салбий оқибатларига ҳуқуқий жиҳатдан баҳо бериб келганлар. Жумладан, буюк аждодларимиздан бири бўлган Муҳаммад ибн Маҳмуд Уструшаний милодий 1228 (ҳижрий 625) йили ёзган “Китоб ал-фусул” асарида боғийлар, яъни бузғунчи, давлат ва жамиятга қарши чиққанлар хусусида кенг фикр юритган.
Биринчи Президентимиз И.А.Каримов айтганларидек, бугунги кунда юртимизда яшаётган ҳар қайси инсон, ҳар бир мусулмон дунёда нима бўлаётганидан хабардор бўлиб, хавф-хатарлардан огоҳ бўлиб, уларнинг олдини олиш, бартараф этиш учун, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида курашиб яшаши зарурлигини ҳаётнинг ўзи талаб этмоқда.
Шундай экан, ким бўлишимиз ва қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъи назар, ҳар биримизнинг вазифамиз экстремизм ва терроризмнинг қабиҳ ва ғаразли мақсадини халқимиз, айниқса ёшларимиз орасида тинимсиз фош қилиш асосида огоҳликка чақиришдан иборат.

Улуғбек Бекязов
Ҳазорасп тумани “Абдукарим шайх бобо” масжиди имом-хатиби

Check Also

ЎЗИНГИЗНИ ҚАТЪИЯТЛИ БЎЛИШГА ТАЙЁРЛАНГ!

(Бир ҳадис шарҳи) Динимиз инсон шахсиятини шакллантиришда ақлга таяниш, одамларга кўр-кўрона тақлид қилмаслик, ҳар бир …