Home / ЯНГИЛИКЛАР / 10 Декабрь – Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси қабул қилинган кун

10 Декабрь – Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси қабул қилинган кун

Ҳар тонг давлатимиз мадҳияси садолари остида янги кунни кутиб олар эканмиз, Ватанимиздан фахрланиш, бугунимиздан шукроналик ва эртамизга улкан ишонч ҳиссини жўш урдиради. Давлат рамзлари мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсоллардир. 

Шу боис Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан мустақилликнинг илк кунларидан халқимизнинг озодлик, ҳурлик сингари энг буюк орзу-интилишларини, маънавий қадриятларини ифодаловчи, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртга садоқат, бунёдкорлик ва яратувчанликка ундовчи Бош қўшиқни қабул қилишга асосий эътибор қаратилди. 

1992 йил 10 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланди. 

Мазкур қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. 2010 йил 24 декабрда мазкур қонунга киритилган ўзгартишга кўра, фуқароларимиз, шунингдек, мамлакатимизда бўлиб турган бошқа шахслар мадҳиямизни ҳурмат қилиши шарт. 

Миллий мадҳиямиз муаззам садолари давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамларида, йирик халқаро анжуманлар, тинчлик ва дўстлик келишувларида, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда.
Ўтган йили мадҳиямиз мусиқаси муаллифи – Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов таваллудининг 100 йиллиги кенг нишонланди. Бу йил давлатимиз мадҳияси матнини битган атоқли шоиримиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов номини абадийлаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Қарши шаҳрида Абдулла Орипов номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилди.
Ўзбекистон мустақил тараққиёт йўлини инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, халқимизнинг тинч-осойишта, бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш асосига қурди, халқаро ҳамжамиятга фаол интеграциялашув жараёнида тенг ҳуқуқлилик тамойили асосида “тенглар ичра тенг” бўлиши, тинчлик ва барқарорлик сиёсатидан оғишмаслиги қатъий белгилаб қўйилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу борадаги ишлар юксак босқичда давом эттирилмоқда. Давлат ҳокимияти тизимида мутлақо янги институт – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналарининг ташкил этилиши, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши, барча соҳаларда улкан ислоҳотларнинг амалга оширилиши, дунё давлатлари, халқаро нуфузли ташкилотлар билан амалий ҳамкорликнинг мустаҳкамланиши – барча-барчасининг замирида халқимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, бугунидан рози бўлиб, келажагига қатъий ишонч билан яшашини таъминлаш мақсади мужассамдир.

Мустақил мамлакатимиз юксак тараққиёт, буюк келажак барпо этиш сари одимлашда давом этмоқда, улуғ халқнинг мангу қўшиғи – мадҳиямиз халқимиз, фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, олам узра баралла янграйверади. Бу қўшиқ она Ватанимиздан ғурурланишга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, бугунимизнинг қадрига етишга, янги марраларни забт этишга ундайверади.

                                                                

Диний-маърифий тадбирлар бўлими
кичик илмий ходими Ж.Жумаев

Check Also

Марказда бадиий фильм суратга олинмоқда

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида индонезиялик бир гуруҳ киноижодкорлар томонидан “Ҳижрат орзуси” номли бадиий фильмнинг …